“Каримовлар иши” бўйича суд номаълум муддатга қолдирилди

Ҳафтанинг асосий воқеаларидан бири бўлиши кутилган суд мажлиси кейинроққа қолдирилди. Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида Ўзбекистоннинг собиқ биринчи хоними Татяна Каримовага нисбатан киритилган даъвони кўриб чиқиш душанба куни бошланиши керак эди. Лекин суд жараёнини бошлаш Каримованинг расмий вакили берган аризага асосан, номаълум муддатга қолдирилди.

Шунингдек, бу иш бўйича суд мажлислари ҳар икки томоннинг сўровига асосан ёпиқ тарзда кўриладиган бўлди. Душанба куни судга иккала тараф ҳам келмагани сабаб журналистларда томонларнинг вакилларидан интервю олишга имкон бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, бу ишда даъвогар тараф – Ислом Каримовнинг биринчи никоҳидан кўрган ўғли Пётр Каримов. У Татяна Каримовага нисбатан ворислик ҳуқуқини талаб қилган ҳолда даъво қўзғаган. Суднинг онлайн жадвалида бу иш бўйича илк мажлис қачонга белгилангани ҳақида ҳозирча маълумот берилмади.

Ёзнинг чилласида Тошкентда яна дарахт кўчириб ўтказилди

Янгиҳаёт туманида, ер усти метросининг 14-бекати олдидаги 17 туп чинорнинг шохлари ва томирлари кесилиб, экилган ўрнидан суғуриб олинди ва жойга ўтқазиш учун олиб кетилди. Бу ўринда метронинг тасдиқланган лойиҳаси бир неча йил олдин тайёр бўлгани, шунга асосан масъуллар дарахтларни кузда, қишда ё баҳорда кўчирмасдан, нега ёзнинг жазирама кунларига қолдирганини тушуниб бўлмайди.

Ботаника институти бўлим бошлиғи Атиргул Холмирзаева биз билан суҳбатда кўчирилган дарахтларнинг яшаб кетиш имконияти деярли нолга тенглигини айтди. Шаҳарнинг бош экологи Фарҳод Деҳқонов эса масъулиятни дарахт кўчирувчи компанияга юклади. Унинг айтишича, компания дарахтларни ўстириб бериш мажбуриятини олган. Агар дарахтлар қуриб қолса, кўчирувчилар бунинг учун жавобгарликка тортилади.

Kun.uz бу ҳолатдан аҳоли мурожаатидан кейин хабар топди. Лекин афсуски, кўплаб ҳолатларда катта-катта дарахтларни кўчириш жараёнлари жамоатчилик эътиборидан четда қолган. Масалан, бундан икки йил олдин Қўйлиқдан Сергелигача ер усти метро линияси қурилиши сабаб 785 туп дарахт бошқа жойга кўчирилиши