Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳисобот: Киевга ёрдам бериш бўйича ваъдалар кўлами пасаймоқда
2023 йил баҳорида Киевга ёрдам кўрсатиш бўйича мажбуриятлар миқдори олдинги даврларга нисбатан паст бўлди, деб таъкидлади Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти.
Украинанинг қарши ҳужумига қарамай, 2023 йилнинг баҳорида учинчи мамлакатлардан Киевга ёрдам бериш бўйича янги мажбуриятларнинг умумий миқдори аввалги даврларга нисбатан паст бўлди. Бу ҳақда Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти (IfW) 6 июль, пайшанба куни чоп этилган ҳисоботида айтилади.
Янги ваъдалар кўлами йил бошидагидек катта эмас, ҳарбий техника етказиб бериш эса аввал эълон қилинганидан анча паст, дейилади «Украинани қўллаб-қувватлашни кузатиш» дастури доирасидаги ҳисоботда.
25 февралдан 31 майгача қайд этилган мажбуриятларнинг қиймати 13 миллиард еврога ошиб, жами 165 миллиард еврога етди. Бу маблағнинг деярли 9 миллиард евроси ваъда қилинган ҳарбий ёрдамдир, дейди таҳлилчилар.
Германия мутлақ кўрсаткичларда ҳарбий ёрдам бўйича иккинчи ўринда туради. Германия ҳарбий мажбуриятларини 3,26 миллиард еврога (76 фоизга) - 7,5 миллиард еврогача оширди. Гап, хусусан, Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш учун жанговар танклар, Iris-T қисқа ва ўрта масофали ракеталар ва қуролларнинг қўшимча етказиб берилиши ҳақида кетмоқда. Европа Иттифоқи қўллаб-қувватлашни бир миллиард евролик икки траншга ошириб, 5,6 миллиард еврога етказди.
«Уруш бошланганининг бир йиллиги олдидан янги ваъдалар кўпайганидан сўнг, Украина тарафдорларининг умумий ваъдалари пасайиш тенденциясида бўлиб турибди», - дейди таҳлил гуруҳи раҳбари Кристоф Требеш.
«Ваъда қилинган ва етказиб берилган ҳарбий техника ўртасидаги тафовут катта», дея қўшимча қилди IfW. «Бу, айниқса, Европа Иттифоқи давлатлари, шунингдек, АҚШ ҳиссасига тўғри келади», - деб таъкидлайди таҳлилчилар. Ғарбий шериклар, хусусан, АҚШ, Германия ва Буюк Британия ўз ваъдалари кўламини фаол равишда оширди, аммо етказиб бериш эълон қилинганидан анча паст, дейди экспертлар. Шу билан бирга, Чехия, Словения, Полша ва Словакия каби Шарқий Европа давлатлари ваъда қилинган оғир қуролларнинг 80 фоиздан ортиғини етказиб берди.
Аввалроқ, 21 февраль куни Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти АҚШ январь ойи ўрталарига келиб Украинани қўллаб-қувватлаш учун тахминан 73,1 миллиард евро ажратганини, Европа Иттифоқи эса 54,9 миллиард евро ваъда қилганини билдирган эди.