Ўзбекистон | 17:43 / 17.07.2023
3662
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги электр энергияси савдоси ўзаро айирбошлаш кўринишида амалга оширилади

2023 йил баҳор мавсумида Ўзбекистондан Қирғизистонга 150 млн кВт-соат электр энергияси етказиб берилган. Келишувга асосан, ушбу ҳажмдаги электр энергияси Ўзбекистонга ёз мавсумида қайтарилади.

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг дастлабки 5 ойида Қирғизистон Ўзбекистондан 145,6 млн кВт-соат электр энергияси импорт қилган ва бунинг учун 1,2 минг сом пул тўлаган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига таяниб, «24.kg» хабар берди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Қайд этилишича, икки мамлакат энергетика компаниялари ўртасидаги келишувга асосан, электр энергиясини етказиб бериш ўзаро товар айирбошлаш (олган миқдори ҳажмида қайтариш) шарти билан амалга оширилади.

Шунга асосан, 2023 йил баҳор мавсумида Ўзбекистондан Қирғизистонга (ички истеъмол паст даврда) 150 млн кВт-соат электр энергияси етказиб берилган.

Ўз навбатида, келишувга асосан, ушбу ҳажмдаги электр энергиясини Қирғизистон Ўзбекистонга ёз мавсумида қайтаради. Шу билан бирга, Қирғизистон Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун шу даврда Норин дарёси орқали сув етказиб беради.

«Ўзбекистон Республикаси арзимаган маблағ эвазига Қирғиз Республикасига катта миқдорда электр энергияси етказиб бергани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар шу жиҳатдан мутлақо асоссиздир», дейилади Энергетика вазирлиги хабарида. 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид