Ўзбекистон | 09:38 / 20.07.2023
2936
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Чехия савдо-иқтисодий ҳамкорлик чегараларини кенгайтиради

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Чехия саноат ва савдо вазири Йозеф Сикел раислигида Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги Иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, йиғилишда кончилик, электротехника, қишлоқ хўжалиги, гидроэнергетика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, банк соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳокама қилинди. Томонлар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича ўзаро муносабатларни оширишга тайёр эканини билдирди.

Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши доирасида делегациялар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Лазиз Қудратов ва Йозеф Сикел қатор соҳаларда ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишни муҳокама қилди. Конструктив фикр алмашиш ҳамкорликни фаоллаштириш тармоқларини аниқлаш, эришилган келишувларни мониторинг ва назорат қилиш аниқ механизмларини ишлаб чиқиш имконини берди.

Тадбир якунлари бўйича йиғилиш якуний баённомаси, шунингдек, Ўзбекистон ва Чехия ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма «Йўл харитаси» имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид