14:25 / 28.07.2023
9660

Андижон вилоят ИИБнинг коррупцияда гумонланаётган собиқ ходимлари судланмоқда

Андижон вилояти прокуратураси тергов якунларига кўра ИИБнинг бир гуруҳ мансабдорлари бошқарманинг депозит ҳисобидаги 5,6 млрд сўм маблағларни талон-торож қилганини тасдиқланган. Гаров пулларини сохта ҳужжатлар орқали ўзлаштиргани айтилаётган мансабдорлар иши ҳозирда Балиқчи туман судида очиқ ҳолда кўрилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Андижон вилоят ИИБнинг бир гуруҳ мансабдорлари ИИБнинг депозит ҳисоб рақамидаги 5 млрд 654 млн сўм маблағларни ўзлаштириб юборгани хабар қилинган эди. Улар гаров пулларини сохта ҳужжатлар орқали 138 нафар фуқаронинг банк карталарига ўтказиб, нақдлаштириб олганликда гумонланяпти.

Андижон вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, тергов натижасига кўра, вилоят ИИБ Молия таъминот хизмати бошлиғи ўринбосари М.М. ва бошқаларга нисбатан айблов эълон қилиниб, жиноят иши судга юборилган.

Олий суд матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳозирда мазкур жиноят иши ЖИБ Балиқчи тумани судида кўриб чиқилмоқда.

Иш ҳужжатлари кўплиги боис суд жараёнлари ҳали ниҳоясига етмаган. Очиқ кўрилаётган навбатдаги суд мажлиси 2023 йил 4 август куни ЖИБ Балиқчи туман судида бўлиб ўтади.

Судланувчилар илтимосига кўра, жараённи видео ёки фотога олиш мумкин эмас, лекин кириб қатнашиш мумкин.

Top