Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари ишдан олинди
Шунингдек вилоят ҳокимининг икки ўринбосарига ҳайфсан берилган, икки туман ҳокими ишдан кетган.
Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Музаффар Файзиев ишдан олинди. Бу ҳақда президентнинг вилоятга ташрифи доирасида ўтказилган видеоселектор йиғилишда маълум қилинди.
Камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилишда маълум қилинишича, жорий йилнинг олти ойида вилоятда 440 миллион долларлик экспорт амалга оширилган.
Лекин Янгийўл тумани, Бекобод ва Чирчиқ шаҳарларида тўқимачилик маҳсулотлари; Зангиота ва Юқори Чирчиқда электротехника маҳсулотлари, Олмалиқ шаҳрида қурилиш материаллари экспорти ўтган йилга нисбатан камайган.
Сўнгги уч йилда вилоятда саноат ҳажми 19 фоизга ўсиб, 94 триллион сўмга етди. Лекин ушбу даврда саноат маҳсулотлари Бекобод туманида 3,6 фоизга камайган бўлса, Паркентда бор йўғи 2,6 фоизга ошган.
Ўтган уч йилда Зангиотанинг вилоят саноатидаги улуши 8,3 фоиздан 3,5 фоизга, Ангрен шаҳрида эса 7,5 фоиздан 4,8 фоизга камайган.
Жорий йилнинг олти ойида вилоятда хизматлар ҳажми 7,3 фоизга ўсган бўлса-да, бу кўрсаткич Қибрай ва Янгийўл туманларида 1 фоизга ҳам етмайди.
Жорий йилда қурилиши режа қилинган 114 та кўп қаватли уй-жойлардан бугунги кунгача атиги 9 таси фойдаланишга топширилди.
Шу ва бошқа камчиликларга йўл қўйгани, ишларни лозим даражада ташкил қилмагани учун:
- Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Файзиев, Қибрай тумани ҳокими М.Мирқосимов ва Янгийўл тумани ҳокими У.Ялгашев ҳамда ушбу туманларнинг бошқа сектор раҳбарларини (Қибрай тумани ИИБ бошлиғи Искандар Рашидов, Қибрай тумани прокурори Санжар Салиҳов, Янгийўл тумани ИИБ бошлиғи Рустам Абдусаматов, Янгийўл тумани прокурори Фаррух Абдураҳимов) лавозимидан озод қилиш;
- вилоят ҳокимининг саноат ва инвестицияларга масъул ўринбосари Н.Шарипов, қурилишга масъул ўринбосари Ш.Маҳмудовга ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берилди.
Музафар Файзиев 2020 йил ноябрида Тошкент вилояти ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.
Мирагзам Қосимов Қибрай туманига 2018 йил июл ойидан буён раҳбарлик қилаётганди.
У муқаддам Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманига, кейинроқ Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрига ҳам раҳбар бўлган.
Улуғбек Ялгашев эса 2020 йил февралида Янгийўл туманига ҳоким бўлганди.
Мавзуга оид
21:23 / 21.11.2024
Тошкент вилоятида ҳожатхона учун қазилган чуқурга тушиб кетган фуқаро қутқарилди
14:12 / 15.11.2024
Дилшод Султонов шаҳар ҳокимлигидан ҳам кетди
08:14 / 14.11.2024
Тошкент вилоятида “закладчиклар” қўлга олинди
13:38 / 08.11.2024