Жарқўрғон туманида 36 ёшли аёл 7 кунлик чақалоғини сотмоқчи бўлганида тезкор тадбирда ушланган. 6 нафар фарзанди бўлган, турмуш ўртоғи ногирон аёл оилавий шароити оғирлиги, яшаш уйи йўқлиги сабабли шу ишга мажбур бўлганини айтган. Суд унга 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Апелляция суди ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган. Олдинроқ шу каби ишда апелляция суди судланувчига шартли жазо қўллаб, унинг моддий аҳволини яхшилаш бўйича маҳаллий ҳокимликка хусусий ажрим киритганди.
Суд залидан қамоққа...
Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, 1989 йилда туғилган Матлуба Каримова 2024 йил 6 ноябр куни туғилган ўғил фарзандини 62 млн сўмга сотмоқчи бўлган. У 2024 йил 13 ноябр куни Сурхондарё вилояти Транспортда ХТБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мижоз сифатида жалб қилинган шахсдан 62 млн сўмни олганда ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судининг 2025 йил 14 январдаги ҳукми билан Матлуба Каримова Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
Апелляцияда ўзгармаган ҳукм
Матлуба Каримова суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритган. У апелляция шикоятида айбига иқрор ва пушаймонлигини, қарамоғида 6 фарзанди борлигини, оилавий аҳволи оғирлигини айтиб, ўзига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тайинлашни сўраган. Бироқ Сурхондарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 18 февралдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
“Уйимиз йўқ, эрим ногирон”
Аёл суддаги кўрсатмасида бу ишни уй олиш учун қилишга мажбур бўлганини таъкидлаган.
“6 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим 2-гуруҳ ногирони. Мен ва турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламаймиз. Оилавий шароитимиз оғир. Яшаш уйимиз йўқлиги сабабли ижарада турамиз. Уй сотиб олиш мақсадида пул керак бўлгани учун фарзандимни сотишга урингандим. Қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Қарамоғимда вояга етмаган фарзандларим бор. Оилавий шароитим оғирлигини инобатга олиб енгиллик беришингизни сўрайман
















