Иқтисодиёт | 19:19 / 15.08.2023
27247
4 дақиқада ўқилади

2022 йилда имтиёзлар туфайли олтин ва мисдан бюджетга  фойда солиғи камайди

2021 йилда фойда солиғининг 67 фоизи олтин ва мис қазиб олувчилар ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2022 йилда уларнинг улуши 46 фоизга тушган. Бу ер қаъридан фойдаланганлик учун олтиндан тортиб газгача солиқ ставкалари кескин пасайтирилгани билан боғлиқ. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ эса 2021 йилга нисбатан 12,2 фоизга камайган.

Фото: Bloomberg

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Фуқаролар учун бюджет: 2022 йил ижроси” нашрини эълон қилди.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда фойда солиғи – 37 649,9 млрд сўмни ташкил қилди, шундан жами тушумнинг 17 393,7 млрд сўм ёки 46 фоизи олтин ва мис қазиб чиқарувчи корхоналарга тўғри келди. 2021 йилдаги маълумотларга қаралса, фойда солиғи таркибида олтин ва мис қазиб олувчиларнинг улуши 67 фоизни (25 716,5 млрд сўм) ташкил қилган.

Бу 2022 йилда олтин ва мисдан бюджетга фойда 8,32 млрд сўмга камайганини англатади.

Ўз навбатида, ресурс солиқлари умумий тушумлари таркибида мол-мулк солиғи (6,1 фоизга) ва ер солиғи (4,5 фоизга) улуши ошган бўлса, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ улуши 10,5 фоизга камайди.

2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари – 13 887,4 млрд сўмни ташкил этган. Бу 2021 йилга нисбатан 1 924,6 млрд сўм, ёки 12,2 фоизга кам.

Олтин ва мисдан бюджетга тушумлар ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумларининг камайишига солиқнинг унификация қилиниши ва солиқ ставкаларнинг пасайтирилиши сабаб бўлган.

2022 йилдан бошлаб, қуйидаги фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун солиқ ставкалари пасайтирилганди:

• Қимматбаҳо ва рангли металлар – 10 фоиздан 7 фоизга;

• олтин бўйича давлат улушига эга корхоналар – 15 фоиздан 10 фоизга. Натижада тушумлар 2,8 трлн сўмга камайган;

• Бундан ташқари, табиий газ – 30 фоиздан 10 фоизга, нефть ва газ конденсати – 20 фоиздан 10 фоизга пасайтирилган.

“Ставкалар пасайтирилиши, ҳамда 2022 йилда солиқ базасини аниқлашда “Netback” механизмининг жорий этилиши натижасида солиқ тўловчилар ихтиёрида 538,1 млрд сўм қолдирилди”, - дейилади расмий релизда.

Таъкидланишича, норуда қурилиш материаллари ўртача 2 баробарга пасайтирилиши натижасида тушумлар 55 млрд сўмга пасайган.

Қум-шағал аралашмаси қазиб олиш ҳажми 2,5 млн тоннага ортган бўлса-да йўқотиш миқдори 45 млрд сўмни ташкил этди.

Цемент ишлаб чиқариш учун оҳактош – тоннаси учун ставка 45 минг сўмдан 22,5 минг сўмга пасайтирилди. Цемент ишлаб чиқаришда кўмирдан фойдаланадиган заводлар учун солиқ ставкаси 11 250 сўмни ташкил этди.

2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг асосий қисми – 63,7 фоизи олтин қазиб олувчи корхоналар ҳисобига, 2021 йилда ушбу солиқнинг 74 фоизи давлат улушига эга олтин қазиб олувчи корхоналарига тўғри келган. 

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида солиқ имтиёзлари туфайли олтин ва мисдан бюджетга фойда солиғи тушуми кескин камайгани маълум бўлганди.

Собиқ молия вазири Тимур Ишметов солиқ тушумининг 9,5 трлн сўми ёки 51 фоизи олтин ва мис қазиб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келган ҳолда, айнан шу фойда солиғи тушумлари сатри бўйича улардан тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 трлн сўм ёки 26 фоизга камайганини маълум қилганди. Аммо олтин ва мис қазиб олувчи корхоналар бўйича йўқотилган мазкур фойда солиғи давлат бюджетига дивиденд кўринишида ундирилишини қўшимча қилган.

Мавзуга оид