Хуллас, бойлик дея аталмиш нарсанинг яхши-ёмон; ҳикматли ва ҳикматсиз; фойдали ҳамда зарарли тарафлари бисёр. Унинг қай томонидан баҳра олиш эса инсоннинг ўзига, ақлий ва ахлоқий фазилатларига боғлиқ.
Француз адиби Оноре де Балзакнинг «Горио ота» асари айни шу бойлик, мол-давлат ва ҳашаматнинг ХIX аср француз жамиятида қандай рол ўйнагани, инсонлар орасида қанчалик аҳамиятга эга бўлгани ҳақида ҳикоя қилади.
Сюжет:
«Горио ота» романи 1834 йил ёзилган. Ўзбек тилига Султон Муҳаммаджонов томонидан таржима қилинган.
Асар қаҳрамонлари – Горио ота, Анастази, Делфина , Эжен де Растиняк, Бяншон, Максим де Траер ва бошқалар.
Горио ота – собиқ тадбиркор, сармоядор шахс. У ўз вақтида бадавлат шахс бўлган. Рафиқаси вафотидан сўнг бутун ҳаётини, бор меҳр-эътиборини икки қизи – Анастази ва Делфинага бағишлайди. Уларни маликалардек вояга етказади. Афсуски, қизлар бемеҳр чиқди, уларга фақат отасининг пуллари керак эди, холос…
Асарнинг яна бир бош қаҳрамони Эжен де Растиняк – шаҳарга ўқиш мақсадида келган, ҳуқуқшунослик факультети талабаси. Оддий оиланинг фарзанди бўлган Эжен шаҳарда яшаш, обрў орттиришнинг ягона осон йўли – киборлар жамиятига яқинлашиш деб ҳисоблайди. Шу сабаб ўзининг узоқ қариндоши де Босеан хонимдан маслаҳат олади ва базмларга қатнаш орқали секин-аста киборлар жамиятига кириб боради.
Растиняк энди Горио отанинг бой-бадавлат қизлари билан танишади. Вақтлар ўтиб ўзи танишган, яқин муносабатлар ўрнатган бу икки аёл ижарадоши бўлмиш Горио отанинг қизлари эканини билиб қолади. Аслида талаба йигит Горио ота билан Воке пансионида ғариб ҳолатда яшарди. Растиняк қизлари шунчалар бой бўла туриб отасининг бунчалар хароб ҳолатда яшашидан ҳайратланади. Билишича, қизлари ҳатто отасининг борлигидан орланишарди.
Зодaгонлар ҳаётига ошуфта бўлган, кўзларини ҳашамат кўрки қамаштирган, қандай қилиб бўлмасин бойиш орзусида бўлган йигитча бу иккала бемеҳр қизнинг ҳаракатларини кўриб афсусланади. Ҳар икки қиз ҳам оилали, фарзандлари бор, лекин шунга қарамай, улар турли балларга боришни, маишат қилишни, қимматбаҳо тақинчоқлар тақишни, маъшуқлари билан қимор ўйнашни севади. Маъшуқларидан ажралиб қолмаслик учун бор-будини беришга тайёр.
Қизларнинг барча қарзларини шўрлик Горио ота тўлайди. Ўзи бир хароба уйда ижарада турса-да, қизлари учун энг охирги пулларини беришга ҳам рози. Муҳими, бир он бўлса ҳам қизларини кўришни истайди. Лекин қизлари отасидан уялади. Кўча-кўйда у билан кўришишни истамайди. Аммо бошларига ташвиш тушса, дарров отаси ёнига чопади.
















