Шавкат Мирзиёев янги тайинланган хорижий элчиларни қабул қилди
Кеча, 30 август куни мамлакатга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой элчиси Юй Цзюн, Малайзия элчиси Илҳом Туа Бин Илёс, Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт, Туркманистон элчиси Шодурди Мередов ва Бангладеш элчиси Муҳаммад Монирул Исломдан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
Давлат раҳбари хорижий дипломатик ваколатхоналарнинг янги тайинланган раҳбарларини Ўзбекистондаги фаолияти расман бошлангани билан самимий қутлади.
Ўзбекистон етакчиси дунёда геосиёсий кескинлик кучайиб, ўзаро ишонч сусайиб бораётган, турли минтақаларда янги низо ўчоқлари вужудга келиб, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга таҳдидлар ортаётган шароитда Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритаётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон президенти Хитойдан янги тайинланган элчига мурожаат қилар экан, Пекин ишончли ва вақт билан синалган дўстлардан бири экани, у билан муносабатлар кейинги йилларда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилганини қайд этди.
– Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин жанобларининг бир йил аввал мамлакатимизга амалга оширган тарихий давлат ташрифи ҳамда жорий йил май ойида Сиан шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” саммити доирасидаги самарали учрашувимиз икки томонлама муносабатларга кучли суръат бағишлади, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Малайзия – Ўзбекистоннинг Жануби-Шарқий Осиёдаги муҳим ҳамкори.
– Муносабатларимиз ўзаро ҳурмат ва анъанавий дўстлик тамойиллари асосида изчил ривожланмоқда. Давлатларимизнинг долзарб глобал ва минтақавий масалаларга доир қарашлари ва ёндашувлари ўхшаш ёки яқин, – деди Ўзбекистон президенти.
Электроника ва электротехника, ахборот технологиялари, озиқ-овқат саноати, туризм, таълим ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, Малайзиянинг етакчи компаниялари, айниқса, нефть-кимё корхоналари билан шериклик алоқаларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Жаҳонда улкан сиёсий, иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга Буюк Британия Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ва муҳим ҳамкоридир.
Ўзбекистон раҳбари мамлакат инвестициялар ва инновациялар соҳасидаги ишга солинмаган улкан салоҳиятни тўлиқ рўёбга чиқаришдан манфаатдор эканини қайд этиб, банк иши ва молия, рақамли иқтисодиёт, “яшил” энергетика, геология, кимё ва бошқа устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифини билдирди.
Туркманистон – энг яқин қўшни. Тили, дини ва урф-одатлари муштарак бўлган халқлар кўп асрлар давомида ёнма-ён яшаб келмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда барча йўналишларда – сиёсат, парламентлараро алоқалар, савдо ва иқтисодиёт, транспорт, энергетика, сув ва қишлоқ хўжалигида, маданий-гуманитар соҳада янги даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.
– Биз савдо алоқаларини кенгайтириш, иқтисодий соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва аниқ лойиҳаларни амалга ошириш, юк ташиш ва транзит ҳажмини кўпайтириш учун улкан салоҳиятга эгамиз, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Кўп қиррали алоқаларни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги яқин мулоқотни ва ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш нияти билдирилди.
Бангладеш – Жанубий Осиё ва бутун ислом оламида тез ривожланаётган давлат. Мамлакатлар ўртасидаги мулоқотлар фаоллашган. Сиёсий ва савдо-иқтисодий йўналишларда “йўл хариталари” қабул қилинган. Тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, туризм тармоқларида шерикликни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳалари ва қўшма дастурларни амалга ошириш истиқболлари белгилаб олинган.
Маросим якунида Ўзбекистон президенти элчиларга масъулиятли ва шарафли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатларни янада юксалтириш учун фаолроқ ишлаш ва ҳудудларга кўпроқ боришга чақирди.
Мавзуга оид
15:10 / 02.11.2024
Ўзбекистоннинг янги элчиси Покистон президентига ишонч ёрлиқларини топширди
12:30 / 02.11.2024
Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси дипломатик миссиясини якунлаяпти
07:30 / 28.10.2024
Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси тайинланди
08:10 / 10.10.2024