Жаҳон | 22:57 / 11.09.2023
31400
8 дақиқада ўқилади

Ким Чен Иннинг ҳашаматли ва секинюрар зирҳли поезди ичида 

Ким Чен Ин сўнгги тўрт йил ичида илк бор Шимолий Кореяни тарк этмоқда. У катта эҳтимол билан ўзининг севимли транспорт турида йўлга чиқади: ҳашаматли безатилган, оғир зирҳли ва ниҳоятда секин поездга. 

11 сентябр куни Жанубий Корея матбуоти Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг поезди пойтахт Пхеняндан узоқ сафарга йўлга чиққани эҳтимоли ҳақида хабар берди. Кейинроқ Россия давлат оммавий ахборот воситалари Ким «яқин кунларда» Россия президенти Владимир Путин билан учрашишини тасдиқлади. 

Ким Чен Инга тегишли поезд ҳақида маълумотлар, фото ва видео тасвирлар жуда кам. The Washington Post уларнинг баъзиларини жамлашга муваффақ бўлди. 

Ким Чен Ин поезди президент Владимир Путин билан учрашиш учун 2019 йилда Владивосток шаҳрига келмоқда (Александр Хитров/AP). 

АҚШ расмийларининг таъкидлашича, Ким Путин билан Шимолий Корея чегарасидан қарийб 500 км узоқликдаги Владивосток шаҳрида учрашади. 

2011 йилда отаси Ким Чен Ир вафотидан кейин мамлакат раҳбарлигини қўлга олганидан бери Ким Чен Ин Шимолий Кореядан ташқарига камдан-кам саёҳат қилди. Коронавирус пандемияси даврида эса мамлакат ўзини дунёдан бутунлай узиб қўйган эди. 

Ким саёҳатлар учун XXI асрдаги давлат раҳбарига хос бўлмаган транспортни – махсус поездни афзал кўради. Бунинг сабаби маълум эмас. Унинг бобоси Ким Ир Сен ва самолётда учишдан қўрқадиган отаси Ким Чен Ир ҳам ушбу транспортдан кўп фойдаланган. 

Бироқ, 2018 йилда президент Доналд Трамп билан юқори даражадаги дипломатик саммитда у Air China компаниясининг Boeing 747 самолётидан фойдаланди. Шу йили Хитойнинг Далян шаҳрига, президент Си Жинпинг билан учрашувга маҳаллий самолётда парвоз қилди. 

Ҳашаматли поезд: тансиқ таомлардан Мерседесгача  

Кимнинг поездида Шимолий Корея элитасидан ташқари деярли ҳеч ким саёҳат қилмаган. Унинг ички кўриниши тасвирлари жуда кам. Аммо давлат оммавий ахборот воситалари фотосуратлари, саёҳатчиларнинг ҳисоботлари ва разведка маълумотлари ҳашаматли поезд ҳақида айрим тасаввурларга имкон беради. 

Вагонлар ташқи томондан ўзига хос яшил ва сариқ рангларга бўялган. Ичкаридан олинган суратларда узун брифинг столлари ва катта мониторли ялтироқ-оқ интерьерлар кўринади. Бошқа тасвирларда қизил чарм кресло билан жиҳозланган хонани кўриш мумкин.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин (чапдан иккинчи) Хитой Коммунистик партияси халқаро бўлими бошлиғи Сонг Тао билан (ўнгдан иккинчи) поездда суҳбатлашмоқда (Корея марказий ахборот агентлиги, 2019 йил). 

Вагонларда бошқа ҳашаматли нарсалар ҳам бўлиши мумкин. Шимолий Корея етакчисининг поезд сафари ҳақидаги энг батафсил маълумотлар россиялик амалдор Константин Пуликовскийнинг «Восточний экспресс» номли китобида чоп этилган. У Ким Чен Ир билан Россиянинг Узоқ Шарқ ўлкаси бўйлаб қилган саёҳатини баён этган.  

«Рус, хитой, корейс, япон ва француз ошхоналарига мансуб ҳар қандай таомга буюртма бериш мумкин эди», деб ёзди Пуликовский. Шунингдек, поездда француз винолари, тирик омар солинган қутилар борлигини қўшимча қилди. Поезддаги саёҳатчилар учун «кондуктор» сифатида таништирилган ёш аёллар қўшиқ куйлаган. 

2009 йилда Жанубий Кореянинг Chosun Ilbo газетаси разведка маълумотларига таянган ҳолда поездда 90 та вагон борлиги ҳақида ёзди. Уларнинг баъзилари транспорт воситаларини ташиш учун мўлжалланган. 2001 йилда Ким Чен Ир билан поездда бирга бўлган россиялик дипломат Георгий Толорая вагонларда иккита зирҳли Мерседес машинаси олиб кетилганини ёзган эди. 

Таққослаш учун, Американинг Amtrak Acela поездида тўққизта вагон бор. Бироқ, у анча тез ҳаракат қилади, энг юқори тезлиги — 240 км/с. Ким поездининг тезлиги – атиги 88 км/с.  

Кимнинг поезди секинюрар, ҳаммага ҳалақит беради 

Шимолий Корея раҳбари поездининг тезлиги паст, бу унга ўрнатилган қўшимча зирҳнинг оғирлиги билан боғлиқ. Россиялик дипломат Толорая сўзларига кўра, россиялик техниклар 2001 йилда Ким Чен Ир поездини кўздан кечирганида, Шимолий Корея етакчиси яшайдиган ва расмий мақсадларда фойдаланадиган иккита асосий вагон остидан зирҳли плиталар топган. Техниклар, шунингдек, вагонлар совет давридан қолганини, аммо кейинчалик жиддий ўзгартирилганлигини аниқлаган. 

Шимолий Корея хавфсизлик кучлари ходимлари 2019 йилда Владивостокдаги бекатда поезд ёнида кутишмоқда (Александр Сафронов/AP) 

Поезд саёҳат пайтида, кўпинча хавфсизлик чоралари туфайли кўплаб тўхталишларга сабаб бўлади. Chosun Ilbo газетасининг ёзишича, Кимнинг поезди йўлидаги станциялар «эҳтимолий таҳдидлар» бўйича 100 нафарга яқин хавфсизлик агентлари томонидан текширилади. Шунингдек, бошқа поездлар ҳаракатланмаслиги учун станциялар электр энергиясидан узиб қўйилади. Шу билан бирга, Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган Ил-76 ҳаво кучлари транспорт самолёти ва Ми-17 вертолётларини ўз ичига олган йирик таъминот гуруҳи ҳам поездга ҳамроҳлик қилади. 

Кузатувчилар ва назоратчиларнинг катта гуруҳлари мавжудлигига қарамай, поездда саёҳат қилиш самолётга нисбатан «сезилмайди». Уни радар ёки бошқа кузатув воситалари ёрдамида аниқлаш қийин. Ким Чен Иннинг кўплаб сафарлари фақат якунига етганидан кейин эълон қилинган. 

Дунё етакчилари учун поездлар баъзан энг яхши вариант бўлиши мумкин 

Шимолий Кореядан Владивостоккача бўлган саёҳат 20 соат давом этади, бу ҳар қандай парвоздан анча узоқроқ. Ким Чен Ин Трамп билан иккинчи саммити учун Вьетнамга борганида, бир томонлама сафар 65 соат давом этган. 

Кимнинг отаси ўз ҳукмонлиги даврида поездда Москва сари 1 ҳафталик  саёҳатларини амалга оширган. Бобоси Ким Ир Сен эса 1984 йилда Москва орқали Шарқий Европага поезд сафарини амалга оширган – бу эса ундан ҳам узоқроқ. 

Секин тезликдан ташқари, бошқа қийинчиликлар ҳам бор. Россия темир йўллари изи кенглиги Шимолий Корея темир йўллариникидан фарқ қилади. Вагонларни унга мослаштириш учун чегараларда жуда кўп вақт йўқотилади. Бироқ, Хитой билан Шимолий Корея темир йўллари изи кенглиги бир хил. 

Хавфсизлик, эҳтимол, Ким сулоласининг темир йўл транспортини афзал кўришининг энг муҳим сабаби бўлиши мумкин. Ким Чен Ирнинг собиқ қўриқчиларидан бири Шимолий Корея етакчиси уриб туширилишидан қўрқиб, «ҳеч қачон самолётда учмасликка» ваъда берганини айтган. 

Гарчи Ким Чен Ин тахминларга кўра, бундан қўрқмаса-да, Шимолий Кореядаги совет даври самолётларининг эскириб бориши давлат ташрифлари учун қўшимча ташвиш келтириб чиқариши мумкин. Шимолий Корея раҳбари, шунингдек, ўз мамлакати ичида ҳам мунтазам равишда поездда саёҳат қилади. 

АҚШ президенти Жо Байден 2023 йил феврал ойида Киевда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан билан поездда (Evan Vucci/AP). 

Шимолий Корея етакчиси ҳаво қатновидан кўра темир йўл саёҳатини афзал кўрадиган ягона сиёсатчи эмас. Масалан, уруш давридаги ҳаво таҳдидлари туфайли Киевга деярли барча ташриф буюрувчилар Украина темир йўли орқали етиб борган. Улар орасида АҚШ президенти Жо Байден ва бошқа сиёсатчилар бор. Улар махсус жиҳозланган VIP поездларда саёҳат қилган.  

Ким билан учрашиши кутилаётган Россия президенти Владимир Путин ҳам ўз ҳашаматли поездига эга. Айрим журналистларнинг фикрича, Путин ўз хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар туфайли 2021 йилдан бошлаб темир йўл орқали тез-тез саёҳат қила бошлаган. 

Мавзуга оид