Жаҳон | 16:04 / 01.07.2025
4382
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Украинада ҳалок бўлган КХДР аскарлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди

Пхеняндаги маросимда КХДР етакчиси Украинага қарши Россия томонида жанг қилган аскарнинг тобути устига байроқ ёпиб қўйди. Маросим Россия билан стратегик шериклик шартномаси имзоланганининг бир йиллиги муносабати билан бўлиб ўтди.

Фото: KRT via REUTERS

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россиянинг Украинага қарши урушида ҳалок бўлган КХДР аскарлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 1 июл, сешанба куни Шимолий Корея давлат телевидениеси Кимнинг Пхеняндаги тантанали маросимда аскарлардан бирининг тобутига Шимолий Корея байроғини ёпиб қўйгани акс этган кадрларни намойиш этди. Шимолий Корея раҳбарига Россия маданият вазири Олга Любимова ҳамроҳлик қилди.

Хабарда айтилишича, 29 июн, якшанба куни бўлиб ўтган маросим Шимолий Корея ва Россия ўртасида ҳарбий келишув имзоланганининг йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган. Икки давлат ўртасидаги «Ҳар томонлама стратегик шериклик» тўғрисидаги шартномада мудофаа соҳасида ўзаро ёрдам кўрсатиш банди ҳам мавжуд.

Шимолий Корея Россиянинг Украинага қарши агрессив урушида Москванинг энг муҳим тарафдорларидан биридир. Апрел ойида Пхенян ўз аскарлари жўнатилгани ва Россияга қурол етказиб берилганини тасдиқлаган эди. Россиянинг Украина билан чегарадош Курск вилоятида КХДР бўлинмалари Украина қўшинларини Россия ҳудудидан сиқиб чиқариш учун Россия томонида жанг қилди. Жанубий Корея маълумотларига кўра, бу жангларда Шимолий Кореянинг 600 га яқин аскари ҳалок бўлган, минглаб аскарлар яраланган.

Сешанба куни Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги Шимолий Корея қўшинларининг кейинги сафарбарлиги ҳақида «ҳеч қандай аломат» йўқлигини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид