Шимолий Кореянинг янги ҳарбий кемаси Ким Чен Иннинг кўз ўнгида ағдарилди

21 май куни Шимолий Кореяда мамлакат раҳбариятининг ҳафсаласини пир қиладиган авария юз берди – янги ҳарбий кема сувга тушаётганда ағдарилиб, қисман чўкиб кетди. «Мен бундай муваффақиятсизликни кўрмаганман», – деб тан олди АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг истеъфодаги полковниги, Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг катта маслаҳатчиси Марк Кансиан The Wall Street Journal нашрига.

Сув сиғими беш минг тонна бўлган иккинчи «Чхве Хён» эсминеци КХДР шимоли-шарқидаги Чхонжин шаҳридаги кемасозлик заводида сувга туширилди. Маросимга шахсан Ким Чен Ин ташриф буюрганди. Лекин кемани сувга тушириш режадагидек кечмади. Кеманинг қуйруғини ушлаб турган аравача муддатидан олдин сувга тушиб кетган. Натижада кеманинг бир борти сув остида, бурни эса стапелда қолган.

«Ўртоқ Ким Чен Ин авария пайтидаги барча жараёнларни кузатди ва жиддий баҳо берди: бу ақл бовар қилмайдиган, йўл қўйиб бўлмайдиган, жиддий, оғир ҳодиса ва эҳтиётсизлик, масъулиятсизлик ва ғайриилмий эмпиризм натижасида юзага келган жиноятдир», – дейилади Шимолий Корея марказий телеграф агентлиги хабарида. Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар бор ёки йўқлиги ҳақида хабар берилмаган.

Эсминецнинг авариядан кейин сунъий йўлдош орқали олинган тасвири, 2025 йил 24 май
Planet Labs / Reuters / Scanpix / LETA

Тўрт киши ҳибсга олинган. Чхонжин аҳолиси қатағондан хавотирда

Кўп ўтмай тўрт киши ҳибсга олинди – улар орасида Чхонжин заводининг бош муҳандиси ва мудофаа саноати учун масъул бўлган партия ходими бор эди. Шимолий кореялик ҳуқуқ ҳимоячилари ва қочқинлар фикрича, агар уларга айблов қўйилса, улар одил судга, жумладан, адвокатнинг иштироки ва апелляция бериш ҳуқуқига умид қила олмайди.

Бахтсиз ҳодисадан кейин шаҳарда ғамгин муҳит ҳукм сурмоқда. «Одамлар ҳукумат муваффақиятсизликни очиқчасига тан олганидан ҳайратда», – деди Чхонжин жойлашган Ҳамгён-Пукто вилоятининг исми ошкор этилмаган фуқароси Radio Free Asia’га. Маҳаллий аҳолининг яна бир вакили кемасозлик заводидаги оммавий «тозалашлар»дан хавотирда эканини айтди: «Ким муваффақиятсизликларни шахсий муваффақиятсизлик деб билади, айниқса, улар ўз имижига путур етказса».

КХДР етакчиси ҳарбий-денгиз кучларини янгилашга катта эътибор қаратмоқда. Ҳозир унда асосан совет кемалари бор