Жаҳон | 19:07 / 27.09.2023
9360
2 дақиқада ўқилади

КХДР чегарани ноқонуний кесиб ўтган америкалик ҳарбийни депортация қилади

Июл ойида тартиб-интизом билан боғлиқ муаммоларга дуч келган америкалик аскар Жанубий Кореядан Техасга учиш ўрнига Шимолий Кореяга қочган эди. Пхенян баёнотига кўра, Трэвис Кинг АҚШ армиясидаги ирқий камситишлардан норози бўлган.

Фото: AP

Америкалик аскар Трэвис Кинг Шимолий Кореяга ноқонуний равишда киргани учун депортация қилинади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Июл ойида АҚШ армияси аскари Жанубий Кореяда экскурсияда бўлиб, Шимолий Корея ҳудудига ноқонуний равишда кирган эди. Энди Пхенян уни депортация қилади.

«Тегишли идора КХДР ҳудудига ноқонуний кирган АҚШ армияси ҳарбийси Трэвис Кингни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилди», дейилади Шимолий Корея марказий телеграф агентлиги хабарида. Шунингдек, Кинг ўзининг ноқнуний хатти-ҳаракатларига иқрор бўлган.

Трэвис Кинг иши сўнгги ўн йилликларда америкаликнинг КХДР ҳудудига ноқонуний кириб бориши билан боғлиқ биринчи ҳолатдир. Жозеф Байден маъмурияти ўз аскарини озод қилиш учун бир неча бор Пхенянга мурожаат қилди. Аммо КХДР сўровларни эътиборсиз қолдирди.

23 ёшли Кинг 2021 йил январидан бери АҚШ Висконсин штатида отлиқ разведкачи сифатида хизмат қилмоқда. Жанубий Кореяда у қонун билан боғлиқ муаммоларга дуч келди. Шундан сўнг у Техасга юборилиши керак эди, унга армиядан ҳайдалиш таҳдид солаётганди. Кинг парвоз ўрнига Панмужом қишлоғига экскурсияга жўнади ва у ерда чегарани кесиб ўтиб, Шимолий Кореяга қочди. Август ойида Шимолий Корея аскарнинг армиядаги адолатсиз муносабат туфайли ўз ҳудудидан бошпана излагани ҳақида хабар берган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид