Жаҳон | 21:27 / 05.10.2023
19858
16 дақиқада ўқилади

Байден Саудия ва Исроилни яраштирмоқчи. Фаластин масаласи нима бўлади?

Жо Байден биринчи президентлик муддати тугаб бораётган бир вақтда Яқин Шарқдаги вазиятни ўнглаш учун воситачи бўлишга қарор қилди. Саудия Арабистони ва Исроил охирги бир неча ой давомида муносабатларни нормаллаштиришни муҳокама қилмоқда. Яқин Шарқдаги вазиятни ўзгартириши мумкин бўлган мегакелишув ҳозирланмоқда. Бу амалга ошадими?

Фото: Getty Images

«Ҳар куни бунга яқинлашиб боряпмиз», деди келишув ҳақида амалда Саудия раҳбари бўлган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон. Унинг фикрича, ҳозирланаётган тинчлик келишуви совуқ уруш давридан буён имзоланган энг катта тинчлик битими бўлади. «Биз тарихий тинчлик остонасида турибмиз», деди Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу бу ҳақда БМТ минбарида нутқ сўзлар экан.

Байденнинг тинчликпарвар блицкриги сайлов олдидан унинг сиёсий ғалабасига айланадими? Бу савол очиқ қолмоқда, уни қўллайдиган ва рад қиладиган омиллар жуда кўп. Бошқа томондан, компромисс топиш учун вақт жуда кам қолди.

Жараёнда қатнашаётган дипломатларнинг айтишича, ҳали мегакелишувнинг лойиҳаси ҳам йўқ. «Музокаралар фаол тарзда ўтказилмоқда. Аммо ҳали келишув қандай бўлиши ҳақида ҳатто гапириш ҳам мумкин эмас», дейди Reuters билан суҳбатлашган америкалик дипломатлардан бири.

Довда нима турибди?

Саудия Арабистони Исроилни давлат сифатида тан олмайди. Яҳудийлар давлати билан бўлган олдинги ҳар қандай келишувлар ҳам Фаластин масаласини ҳал қилиш шарти билан кўриб чиқилган. Тарихий экани айтилаётган келишувга кўра, Саудия қатор шартлар билан Исроил давлатини тан олиши ҳамда у билан дипломатик ва савдо алоқаларини бошлаши мумкин.

Мана шу ерга келганда келишувни барбод қилиши мумкин бўлган биринчи тўсиқ пайдо бўлади – Исроилдаги фаластинликлар масаласи. Саудия икки томонлама муносабатларда Фаластин масаласини ҳал қилувчи деб қарайди. Ҳозирда Исроил тепасида бўлиб турган ултраконсервативлар ва ултрамиллатчилар бу борада ҳеч қандай сиёсий чекиниш бўлмаслигини кўп марта такрорлаган.

Исроил ва Фаластин ўртасидаги тўғридан тўғри тинчлик музокаралари 2014 йилдаёқ тўхтаб қолган ва ҳатто оптимистлар ҳам бу борада вазият яхши томонга ўзгаришига умид қилмаяпти.

Экспертлар Байден бу муаммони ҳал қилишга интилишидан ҳайрон қолишмоқда, чунки чиндан муроса учун имкон жуда кам. Ё Нетаняҳу коалиция учун келишиш осонроқ бўлган бошқа ҳамкор қидириши керак ёки Саудия Исроил томонидан бажариладиган амалдаги ҳаракатлар билан эмас, шунчаки ваъдалар билан кифояланишга мажбур.

2002 йил ўша вақтдаги Саудия подшоҳи Абдуллоҳ ўзига хос тинчлик режасини эълон қилганди. У ҳудудда икки миллат учун икки давлат тузилса ва Исроил босиб олинган ерларидан чиқиб, 1967 йилдаги чегараларига қайтсагина Исроил билан ярашув ҳақида гапириш мумкинлигини айтган, Араб давлатлари лигаси бу таклифни қўллаганди. Аммо бу таклифни қўллаган давлатлар 2020 ва 2021 йилларда АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп воситачилигида Исроил билан Авраам келишувини имзолаганди.

Экспертлар айтишича, ҳозирда Саудиянинг амалда раҳбари ҳисобланадиган валиаҳд шаҳзода Муҳаммал ибн Салмон фаластинликлар масаласига отаси ёки амакиси каби жиддий қарамайди. Лекин валиаҳд бу мавзуни буткул чеккага суриб қўйишни ҳам ўзига эп кўрмайди. Arab Center for Research and Policy Studies томонидан январ ойида ўтказилган сўровга кўра, араб давлатларидаги 84 фоиз одамлар айнан Исроил-Фаластин муаммоси сабаб Исроилни тан олишга қарши. Яқин Шарқ ва ислом олами етакчиси бўлишга интилаётган Муҳаммад ибн Салмон бу борада минтақа одамлари кайфияти билан ҳисоблашишга мажбур.

Вашингтон институти буюртмасига билан яқинда ўтказилган бошқа сўровга кўра, айни дамда минтақада Трамп вақтидаги келишувни қўллайдиганлар камайган. Масалан, БАА ва Баҳрайнда фақат 27 фоиз ва 20 фоиз одамлар бу келишувни фойдали деб ҳисоблаган. Уч йил аввал бу кўрсаткич мос равишда 47 ва 45 фоизни ташкил этган.

Саудия расмий доираларида ҳамон подшоҳ Абдуллоҳ томонидан илгари сурилган 2002 йилги таклифни қўллашади. Саудия ташқи ишлар вазири Файсал ибн Фарҳан яқинда бўлиб ўтган БМТ йиғилишида Фаластин муаммоси «икки миллат учун икки давлат» принципи билангина ҳал қилиниши кераклигини айтганди.

Аммо экспертлар Саудия фаластинликларни кўндира олса, камроқ нарса билан ҳам кифояланиши мумкин деб ҳисобламоқда. Икки томонлама масалалар бўйича эксперт Азиз Агашияннинг айтишича, муаммо ҳал бўлиши учун Авраам келишувида бўлгани каби қуруқ ваъдалар эмас, жиддий сиёсий ён беришлар керак. Масалан, фаластинликлар Авраам келишувини хоинлик деб аташганди.

«Умид қиламизки, фаластинликларнинг ҳаётини яхшилайдиган келишувга эриша оламиз», деди музокаралар қай ҳолатда экани бўйича очиқ гапирмаган Муҳаммад ибн Салмон. Экспертлар ҳозирча Фаластин ҳукумати ҳам, ҲАМАС ҳам саудияликларнинг алоқаларни нормаллаштириш бўйича ғояларини изоҳламаганига эътибор қаратган.

Нетаняҳу БМТ Бош Ассамблеяси трибунасидан туриб Яқин Шарқ келажаги ҳақида гапирди

Исироил бош вазири Нетаняҳу яқинда бўлиб ўтган БМТ йиғилишида чиқиш қилар экан, Фаластин ҳудудлари ҳам Исроилга тегишли экани тасвирланган харитани кўрсатиш орқали яҳудийлар фаластинликларга сиёсий ён бермаслигини амалда кўрсатиб бўлди. Араб тилидаги Elaph нашрига берган интервюсида Нетаняҳу музокараларда Фаластинга одамлар ўйлаётганидан камроқ сиёсий чекиниш тақдим этилишини айтиб, буни «шунчаки белгилаш керак бўлган галочка» деб атаган.

Бу кимга фойдали ўзи?

АҚШга

Мегакелишув амалга ошса, бу аввало Байденнинг ташқи сиёсатдаги катта ютуғи бўлиб, унга сайлов олдидан катта миқдордаги яҳудий сайловчилар ишончини тақдим этади.

АҚШ охирги йилларда Яқин Шарқ масаласига кам эътибор бераётгани сабаб минтақадаги ҳамкорлари танқидига учрамоқда. Хавфсизлик кафолати масаласи Яқин Шарқ давлатларининг ўз гарданида қолиб кетди. Улар ўзлари муносабатларни диверсификация қилиб, янги шериклар қидира бошлади. Масалан, Хитой ва Россия каби. Байден айнан мана шуни ўзгартириб, Россиянинг ва айниқса Хитойнинг минтақадаги таъсирини камайтиришни, қўшимчасига АҚШ хавфсизлик учун энг катта таҳдид деб ҳисоблайдиган Эронга босим қилишни истайди.

«Яқин Шарқ бирлашиши ва тинч бўлиши АҚШ манфаатларига мос. Улар ўз вақти ва пулини бошқа нарсаларга сарфлашни истайди. Узоқ келажакда – Хитойни тийиб туришга, яқин келажакда эса – Россия агрессиясига қарши курашаётган Украинага ёрдам беришга», дейди минтақа бўйича мутахассис Жонатан Паникофф.

Байденнинг вақти тобора кам қолаётганини ҳам унутмаслик керак. Президентлик кампанияси бошланишига саноқли ойлар қолди, бу эса отни қамчилаш керак дегани. Financial Times'нинг музокараларга жалб қилинган томонларга таяниб ёзишича, музокараларда натижага эришиш учун 6-9 ойча вақт қолди.

Саудия Арабистонига

Яқиндагина Байден Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмонни журналист Жамол Қошиқчини ўлдиришда шахсан айбдор деб атаётган ва Саудияни халқаро майдонда яккалаши билан таҳдид қилганди. Аммо ҳозир вазият ўзгарган. Шаҳзода мамлакатни инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича айбловлардан халос қилиб, Саудияни сайёҳлар ва инвесторлар учун жозибадор давлатга айлантирмоқчи.

Шаҳзода мамлакатни ўзгартириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган улкан ҳаракатни бошлаган бўлиб, у нефтга қарамликни камайтиришдан туризм ва спортни ривожлантиришгача бўлган лойиҳаларни ўз ичига олади. Жаҳон футбол юлдузларини Саудия лигасига жалб қилиш ҳам шу лойиҳанинг бир қисмидир. Мамлакат 2034 йилда жаҳон чемпионатини қабул қилиш учун жиддий ҳаракат қилмоқда.

Саудия Арабистони клубларида энди Криштиану Роналду, Карим Бензема ва Неймар каби жаҳон даражасидаги юлдуз футболчилар тўп сурмоқда.

«Саудия минтақадаги держава ҳамда Яқин Шарқнинг янги жандарми бўлишни истайди», дейди BBC билан суҳбатда Вашингтон институи доценти Фабрис Баланш. Унинг фикрича, мамлакат бу борада ўзники ва бегона, душман ва иттифоқчи каби ажратишлардан чекинишга тайёр.

Минтақадаги беқарорлик Муҳаммад ибн Салмонга ўзи хоҳлаётган Саудияни қуришга халақит бераётганди. Шу сабаб Ар Риёд баҳорда Хитой воситачилигида Эрон билан дипломатик алоқаларни тиклашга келишди. Кейинроқ Сурия билан ҳам шундай келишув бўлди. Аввалроқ эса Саудия қўшниси Қатар билан ярашганди.

Саудия азалдан АҚШга яқин иттифоқчи бўлиши билан бирга Москва билан ҳам яхши муносабатда. Августда Саудия яна бир қатор давлатлар Россия таркибида бўлган BRICS блокига киришга таклиф қилинди. Энди эса Исроил билан муносабатларни илиқлаштириш устида ишланмоқда.

Муҳаммад ибн Салмон Исроилни тан олиш эвазига АҚШдан жиддий хавфсизлик кафолати талаб қилиб, америкаликлар Саудия ядро дастурини яратишида ҳам ёрдам беришини истамоқда.

Исроилга

Исроил учун Саудия Арабистони билан битим кўпроқ рамзий маънода аҳамиятли. Исроил мусулмон оламининг муқаддас қадамжолари мезбони бўлган Саудия томонидан эшиклар очилиши бошқа араб давлатлари билан ҳам муносабатлари яхшиланишига, бу орқали эса исроил-араб муаммоси батамом якунланишига умид қилиши мумкин.

Нетаняҳу ҳам яқинда Байден билан учрашувда келишув мусулмон олами ва яҳудийлар ўртасида ярашувга йўл очиши мумкинлигини айтганди. Исроил бош вазири бу гаплари орқали сиёсий очко ишлашга ҳаракат қилаётгани ҳам табиий. Чунки мамлакатда унинг суд ислоҳотлари сабаб намойишлар тўхтамаяпти. Унинг ўзини эса коррупцияда айблашмоқда.

Муҳаммад ибн Салмон яна нима хоҳламоқда?

Музокаралардан хабардор дипломатларнинг айтишича, Муҳаммад ибн Салмон бу келишув эвазига АҚШдан НАТО низомининг 5-банди кўринишида хавфсизлик келишуви истамоқда. Бу келишувда иттифоқчиларнинг бирига ҳужум қилиниши барча иттифоқчиларга қилинган ҳужумга тенглаштирилиши келтирилган.

2019 йилда Саудия Арабистонида нефт қазиб чиқариш ҳажми кунига 5 млн баррелдан кўпроққа қисқартирилган, шундан кейин Aramco давлат компаниясига тегишли икки йирик объект дронлар ҳужумига учраган. Бу ҳужумлар учун жавобгарликни Ямандаги исёнчилар ўз зиммасига олган. Аммо Саудия Арабистони ва АҚШ бунда Эронни айблайди.

«Саудия Арабистони агар мамлакатга 2019 ва 2021 йилдаги каби ҳужумлар амалга оширилса, америкаликлар жавоб беришини истамоқда. Бу йиллардаги Саудия нефт объектларига ҳужумлар жавобсиз қоганди», дейди Форс кўрфази давлатлари бўйича эксперт Фотиҳ Дази-Эни.

Ҳозирча Байден Конгрессни Саудиянинг талабларига кўндира олишига ишониш қийин. Бу таклифни вакиллар палатасида камида 67 киши қўллаши керак. У ерда Байденнинг партиядошлари бўлган демократлар сони 51 нафар ва ҳали барча демократлар таклифни қўллаши ҳам аниқ эмас. Чунки демократлар ўз вақтида Ямандаги инсон ҳуқуқлари бузилиши сабаб Саудияни танқид қилишган.

Экспертлар Байден вазиятдан қандай чиқиб кетишига қизиқишмоқда.

Fox News учун интервюсида ибн Салмон фаластинликларни унутиб қўймасликка ваъда берган

Вариантлардан бири сифатида Саудияни «етакчи ҳарбий ҳамкор» ёки «НАТОдан ташқаридаги асосий ҳарбий ҳамкор» деб эълон қилишни келтириш мумкин. Шунингдек, қироллик билан хавфсизлик бўйича стратегик шериклик келишуви имзолаб, ҳарбий ва разведка масаласида ҳамкорликни кучайтириш варианти ҳам бор. Шу кунларда АҚШ Баҳрайн билан юқоридагига ўхшаш келишув имзолаганди. Унда Яқин Шарқдаги можароларни тийиб туриш ва бартараф қилиш ҳақида сўз борган, лекин НАТО низомининг 5-моддаси каби банд йўқ.

Музокаралардан хабардор дипломатларнинг Reuters'га маълум қилишича, Саудия билан худди Япония ёки бошқа Осиё давлатлари билан бўлгани каби келишув имзолаш ҳам вариантлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, Муҳаммад ибн Салмон тинч ядро дастури доирасида ўз ҳудудида уранни бойитишга рухсат олмоқчи.

«Агар Эрон ядро қуролига эга бўлса, у бизда ҳам бўлиши керак», деганди ибн Салмон Fox News билан интервюсида иш бунгача бормаслигига умид қилишини ҳам қўшимча қилар экан.

Яқин Шарқдаги давлатларнинг ядро қуролига эга бўлиша интилиши исроилликлар каби америкаликларни ҳам хавотирга солмоқда. Шу сабаб уларни Суадия фақат тинч ядро дастури билан чекланмоқчи эканига ишонтириши осон бўлмайди.

Бу борада Муҳаммад ибн Салмонда «Б» режаси ҳам бор: Хитойнинг China National Nuclear Corporation компанияси Саудияга Қатар ва БАА билан чегара яқинида атом электр станцияси қуришни таклиф қилган. New York Times'нинг ёзишича, бу АҚШни Саудия ядро дастурини қўллашига босим ўтказиш мақсадида қилинмоқда.

Ташрифлар дипломатияси

Ҳозирда томонлар алоқаларни яқинлаштириш устида ишлаяпти. Шу кунларда юқори даражали саудиялик дипломатлар Исроил босиб олган Ғарбий соҳилга 1967 йилдаги урушдан кейин илк марта ташриф буюришди. Исроил бу ерларни Иорданиядан тортиб олган. Бу ташрифдан икки соат ўтиб Исроил туризм вазири Хаим Кац Ар Риёдга борди. У Саудияга борган биринчи исроиллик вазир бўлди. Шу кунларла Исроил алоқа вазири Шломо Караи ҳам Ар Риёдга бориши кутилмоқда.

Саудия Арабистони августда Фаластин ҳудудидаги илк элчисини тайинлаганди. Наиф Судейри (ўнгда) ўтган ҳафтада илк марта Рамаллоҳга ташриф буюрди

Яқинда Саудия Фаластиннинг босиб олинган ерларида ўзининг илк элчисини ҳам тайинлади. Наиф Судейри Иордания элчиси бўлгани билан бирга Рамаллоҳдаги президент элчиси лавозимига ҳам киришди. У Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос билан учрашиб, Саудия пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Фаластин давлати тузиш устида ишлаётганини айтди.

Тезда амалга ошириш қийин

Яқин Шарқ Институти раҳбари Пол Салем бу келишув тез орада амалга ошишига шубҳа билдириб, у максимум 2025 йилда бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Унинг фикрича, АҚШ президент маъмурияти катта эҳтимол билан фақат томонларнинг ваъадалари билан кифояланишга мажбур.

«Бу АҚШ президент маъмуриятининг ташқи сиёсатдаги улкан сиёсий ғалабаси бўлади. Аммо гап Байден бу учун қандай қурбон беришга тайёрлигида», деб Карнеги фонди илмий ходими Дэвид Миллернинг сўзларини келтирган Reuters.

АҚШ ва Яқин Шарқдаги ҳолат

АҚШ президентлари аввал ҳам минтақадаги вазиятни ўнглашга интилган.

Масалан, Масалан, Жимми Картер Исроил бош вазири Менахем Бегин ва Миср президенти Анвар Саодатни Кэмп-Дэвидда музокаралар столига ўтиришга кўндирган ва ўшанда Исроил-Миср тинчлик келишуви имзоланганди.

Саодат ва Бегин Картер воситачилигида Кэмп-Дэвидда бир-бирига қўл ташлашган

Билл Клинтон воситачилигида Ослода Исроил ва Фаластин ўртасида меморандум имзоланганди. Уни Исроил ташқи ишлар вазири Шимон Перес ва фаластинлик сиёсатчи Маҳмуд Аббос имзолаганди. Кейинроқ Исроил бош вазири Ицхак Рабин ва Фаластин озодлиги ҳаракати етакчиси Ёсир Арофат қўл бериб кўришганди.

2020 йилда Доналд Трамп минтақадаги вазиятга янгича кайфият олиб киришга уриниб, Исроил ва БАА ўртасида Авраам келишувига эришди. Кейин эса Баҳрайн ва Судан ўртасида келишувга. Ўшанда келишувга Саудия Арабистони қўшилмаганди. Энди эса Байденда Яқин Шарқ тарихида катта из қолдириш имкони мавжуд.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид