Эрдўған ҳокимиятга келгач, Туркиянинг Исроилга бу масаладаги муносабати кескинлашган бўлса-да, расмий Анқаранинг ташқи сиёсатида хавфсизлик биринчи ўринда туради.

Kun.uz ҲАМАС-Исроил уруши атрофидаги вазиятни сиёсатшунослар билан таҳлил қилишда давом этади. “Геосиёсат” дастурининг бу галги сонида сиёсатшунослар Ҳабибуллохон Азимов ва Равшан Ғозиев Фаластин–Исроил можаросида Туркиянинг позицияси ҳақида сўз юритди.

— Дастлаб Туркия ва Фаластин муносабатларига тўхталсак.

Равшан Ғозиев: — Туркия ва Фаластин муносабатларида тарихий ва диний омиллар устунлик қилади. Тарихий омил – Фаластин ҳудуди ўз вақтида Усмонли турклар давлатига киргани. Усмонлилар империясининг охирги даврларида араб миллатчилиги кучайиб, ҳудуддаги араблар Британия ёрдамида туркларга қарши кураш олиб боради. Шунинг учун айрим турк тарихчилари арабларни туркларга хоинлик қилишда айблайди. Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк “Яқин Шарқ туркларга ватан бўлмайди”, дейди. Туркия дастлабки республика бўлган пайтларида Яқин Шарқ масаласига деярли эътибор қаратмайди ва фақат Ғарбга йўналган сиёсат олиб боради.

БМТ 1947 йилда Фаластин ва Исроил давлатлари ташкил топиши бўйича резолюция қабул қилади, бунга Туркия қарши бўлади, яъни Исроил давлати ташкил топишига. Лекин 1948 йилда Исроил давлати тузилган бўлса, 1949 йилдаёқ мусулмон давлатлар ичида биринчи бўлиб Туркия Исроилни тан олади. Бу нарса ўша даврдаги Совуқ уруш оқибатида икки қутбли дунё шаклланиши билан изоҳланади, яъни Туркия Ғарб тарафда бўлган. 1950 йилда Исроил билан дипломатик алоқалар ҳам ўрнатади. Шундан сўнг 1952 йил февралида Туркия НАТОга киради.

1956 йилдаги Сувайш инқирозида, яъни Мисрнинг Сувайш каналини миллийлаштириш дастурига Англия ва Франция қарши чиқади, шунда ҳам Туркия Англия ва Франция тарафини олади. Умуман, Туркия узоқ йиллар Исроил тарафда бўлган дейиш мумкин. Ўша пайтда Исроилга қарши асосий араб давлатларидан бири Миср эди. Лекин ҳозирда Исроилнинг энг яқин иттифоқчилардан бири Миср ҳисобланади.

Фаластин масаласи фақат ҲАМАС муаммосидан иборат эмас. Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилига исроилликлар кўчиб келяпти, Суриянинг Жўлан тепаликлари ва Қуддус масалалари бор. Туркия Фаластиннинг ягона бир бутун давлат бўлишини истайди. ҲАМАС 2006 йилдан марказий ҳукуматга бўйсунмайди, Ғазо секторини алоҳида идора қилади. Туркия 1967 йилги чегараланишни тан олиб, Исроил ва Фаластин икки алоҳида давлат бўлишини қўллаб-қувватлайди.