Иқтисодиёт | 21:14 / 06.11.2023
29039
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда АИ-95 бензини тақчиллиги юзага келди. Энергетика вазири буни инкор этди

“Ўзбекнефтгаз” ва бошқа бир қатор хусусий ёнилғи қуйиш шохобчаларида АИ-95 маркали бензин сотилмаяпти. Бунга нима сабаб бўлгани номаълум. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бензин дефицити борлигини рад этди.

Фото: Kun.uz

Сўнгги ҳафтада Тошкентда АИ-95 маркали бензин тақчиллиги пайдо бўлди.

Kun.uz мухбири шаҳардаги “Ўзбекнефтгаз” ва бир қанча бошқа хусусий АЁҚШларга бориб, шу маркадаги бензин бор ёки йўқлигини ўрганди. Лекин 5 ноябр ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган ва ҳолат ўрганилган ўнга яқин ёнилғи қуйиш шохобчаларининг бирортасида бу турдаги маҳсулот мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Дефицит АИ-95 маркали бензиннинг доимий харидори бўлган муайян тоифадаги турбо двигателли автомобил эгаларига муаммо туғдирмоқда.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз”га оид айрим ёнилғи қуйиш шохобчалари иш фаолиятида ҳам узилишлар кузатилди.

Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, жиддий тақчиллик ортидан ўзбекистонликлар АИ-95 бензин қуйиш учун қўшни Қозоғистонга боришмоқда. “Ўзбекнефтгаз” ҳозирча дефицитга нима сабаб бўлаётгани юзасидан изоҳ бермади.

Самарқандда бўлиб ўтган Верона Евроосиё иқтисодий форумида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистонда бензин тақчиллиги йўқлигини айтган. Бу ҳақда Spot хабар берди.

Вазир Рақобат қўмитаси томонидан биржада АИ-80 бензинини сотиб олиш лимити оширилганига ҳам изоҳ бериб, бу мамлакатда ёқилғи дефицити билан боғлиқ эмаслигига урғу берган.

“Чеклов нархларни манипуляция қилишнинг олдини олиш учун киритилди. Бу аҳолининг арзон бензинга эга бўлишини таъминлаш учун қилинган. Бу импорт ҳажмига боғлиқ эмас. Дефицит йўқ”, деган Мирзамаҳмудов.

Аввалроқ, Ўзбекистон Россиядан нефт импортини 3 баробарга оширишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Бу – 3 ноябр куни Москвада имзоланган уч томонлама ҳужжатда қайд этилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2023 йил учун Россия ва Қозоғистондан 300 минг тоннадан нефт харид қилиш бўйича келишувлар тузганди.

Сентябр ойида Россия бензин экспортига тақиқ киритиши ортидан, октябр ўрталарига келиб Ўзбекистонда бензин нархлари ошиши кузатилди.

Kun.uz аввалроқ Тожикистонда ёнилғи шохобчаларида газ ва бензин тақчиллашиб, нархлар ошаётгани ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид