Ғазода биринчи марта гуманитар танаффус эълон қилинди
Исроил ўт очишни 4 соатга тўхтатди, шунингдек, аҳолини жанубга эвакуация қилиш учун хавфсиз йўлак ишини 1 соатга узайтирди.
Исроил армияси биринчи марта Ғазо шаҳрининг учта йирик марказий маҳалласида аҳолига сув ва озиқ-овқат олиш имконини бериш учун тўрт соатлик гуманитар танаффус эълон қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Шу билан бирга, секторнинг шимолий қисми аҳолисини жанубга эвакуация қилиш учун йўлак иши бир соатга узайтирилди. Минглаб одамлар Ғазода шимолдан жанубга ўтадиган асосий магистрал бўйлаб пиёда, машина ва араваларда ҳаракатланмоқда.
Бундан ташқари, Исроил Хон Юнусдан ғарбда, Ал-Мавасийда «махсус гуманитар ҳудуд» яратилишини ҳам эълон қилди.
Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу маслаҳатчиси Марк Регев маълумот берди.
«Соҳил бўйлаб, Ўрта ер денгизи бўйида, ҲАМАС инфратузилмаси мавжуд бўлмаган жойда... биз дала шифохоналари билан гуманитар ҳудуд яратиш ҳақида гапиряпмиз», деди у.
Регев сўзларига кўра, Исроил «зарар даражасини минималлаштириш учун қўлидан келганини қилмоқда». Шунингдек, Исроил ҳарбийларининг бу мақсадда қўйган энг муҳим қадами «одамларни шимолдан жанубга эвакуация қилишга чақириш»дир.
Жанубдаги ҳудудларда Исроил ҳужумлари оқибатида фаластинликларнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги саволга Регев у ердаги зўравонлик даражасини ЦАҲАЛ ҳозирда ҲАМАС билан оғир жанглар олиб бораётган шимолий ҳудудлар билан солиштириб бўлмайди, деди.