Жаҳон | 20:53 / 28.11.2023
4888
2 дақиқада ўқилади

Россияда ноқонуний мигрантлар учун назорат режимини жорий этиш таклиф қилинди 

Улар зудлик билан депортация қилинмайди, аммо кучли назорат остида қолади. 

Фото: Артем Геодакян/ ТАСС

Россия Ички ишлар вазирлиги турли сабабларга кўра мамлакатда қолиш учун қонуний асосларга эга бўлмаган хорижликлар учун назорат режимини жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Россия ИИВ қонун лойиҳаси матнига таяниб, ТАСС хабар берди. 

Ҳужжатда белгиланишича, агар мигрантларнинг вақтинча бўлиш муддати, вақтинча яшаш учун рухсатномаси, яшаш учун рухсатномаси муддати ўтган бўлса, шу билан бирга Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтган бўлса, визаси ва бошқа миграция ҳужжатлари бекор қилинган бўлса назорат остида қолиш реестрига киритилиши мумкин. 

Қонун лойиҳаси муаллифлари уларга нисбатан қуйидаги чекловларни киритишни таклиф қилган: юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишни, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни, автотранспорт воситаларини олди-сотдисини, шунингдек, уларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш. Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги ноқонуний мигрантлар учун автомобил ҳайдаш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ёки алмаштириш, банк ҳисоб рақамини очиш, пул ўтказиш ва турмуш қуришга рухсат бермасликни таклиф қилмоқда. 

Назорат остидаги режим амал қиладиган мигрантлар давлат органларини манзили, яшаш жойининг ўзгариши, Россиядан мустақил равишда чиқиб кетиш санаси, жойи ва йўналиши тўғрисида хабардор қилиши шарт. Агар улар чекловларни бузса, депортация қилиниши ёки махсус муассасага жойлаштирилиши мумкин.

Қайд қилинишича, Россияда 6,4 миллион чет эл фуқароси бор, уларнинг аксарияти ишлаш учун мамлакатга келган. Россияга меҳнат мигрантлари оқими бўйича етакчи учликка Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон киради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид