Ўзбекистон | 22:36 / 29.11.2023
10098
2 дақиқада ўқилади

Иккита вилоятда Тошкентга олиб кетилаётган истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинди

Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида тўхтатилган машиналарда Тошкентга олиб кетилаётган истеъмолга яроқсиз гўшт борлиги аниқланган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Кўкдала туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда “Умакай” ЙПХ масканида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда “Қарши-Самарқанд-Тошкент” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган “Cobalt” тўхтатилиб текширилганда, фуқаро Б.Х. жами 500 кг истеъмолга яроқсиз қорамол гўштини Тошкент шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб кетаётгани аниқланиб, маҳсулот ашёвий далил сифатида олинган.

Худди шундай, департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган.

Текширувда “Самарқанд-Тошкент” йўналишида кетаётган Isuzu юк машинасида фуқаро Н.Р. 165 кг истеъмолга яроқсиз қорамол гўштини Тошкент шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб кетаётгани аниқланиб, маҳсулот ашёвий далил сифатида олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, икки нафар шахс ISUZU юк машинасида 4 тонна истеъмолга яроқсиз гўштни Қашқадарёдан Самарқанд шаҳрига олиб кетаётганда Кўкдала туманида тўхтатиб қолинганди.

Истеъмолга яроқсиз гўштларни икки нафар шахс ISUZU юк машинасида Самарқандга олиб кетаётганида тўхтатиб қолинган.

Шунингдек, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари чегарасида жойлашган “Умакай” ЙПХ масканида қарийб бир тонна яроқсиз гўшт ортиб кетаётган Cobalt тўхтатиб қолинганди.

Мавзуга оид