Жаҳон | 12:27 / 29.11.2023
4795
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Украина ҳарбийларини тайёрлаш учун яна 200 млн евро ажратди

ЕИнинг Украина Қуролли кучларини тайёрлаш миссияси доирасидаги молиялаштириш 194 миллион еврога ошиб, 255 миллион еврога етади, дея маълум қилди ЕИ кенгаши.

Фото: Karl-Josef Hildenbrand/dpa/picture alliance

Европа Иттифоқи кенгаши Европа Иттифоқининг Ҳарбий ёрдам миссияси (EU Military Assistance Mission - EUMAM) доирасида украиналик ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш учун қўшимча маблағ ажратишга қарор қилди. «Пул суммаси 194 миллион еврога оширилди ва жами 255 миллион еврони ташкил этади», — дея маълум қилди 28 ноябр, сешанба куни ЕИ кенгаши матбуот хизмати.

Маблағлар Европа тинчлик жамғармаси (ЕТЖ) орқали ажратилади. «Бугунги қарорнинг мақсади Украина эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўқув дастурининг ўсиб бораётган ҳажми ва мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда, EUMAM орқали Украина Қуролли кучлари имкониятларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашни давом эттиришдир», дейилади пресс-релизда. 

ЕИ 34 мингдан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчиларни тайёрлади

Европа Иттифоқининг Украинага ҳарбий ёрдам миссияси 2022 йил ноябр ойида бошланган ва Украина Қуролли кучлари аъзолари учун Европа Иттифоқи ҳудудида икки йиллик индивидуал, жамоавий ва ихтисослаштирилган тайёргарликдан ўтказишга мўлжалланган. EUMAM Украина Қуролли кучларини ҳарбийлар жанговар самарадорлиги ва жанговар тайёргарлигини ошириш учун Бош штабнинг илтимосига биноан индивидуал ишлаб чиқилган дастур билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратади. Бу Украина хавфсизлигига кўмаклашиш гуруҳи (SAG-U) ва «Рамштайн» форматидаги ҳамкорлар билан келишилган кенг қамровли халқаро ёндашувнинг бир қисмидир. Машқлар Европа Иттифоқи давлатлари ва ЕТЖ томонидан тақдим этилган ҳарбий техника ёрдамида ўтказилмоқда. 

ЕИ кенгаши маълумотларига кўра, EUMAM фаолияти давомида 34 мингдан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчилар тайёргарликдан ўтган. 

Мавзуга оид