Жаҳон | 21:11 / 30.11.2023
14239
2 дақиқада ўқилади

Қрим қайтарилишини кутмоқда, аммо Донбасс билан вазият мураккаб – Зеленский 

Украина президенти Донбасс аҳолисини «руҳан қайтариш» оғир бўлишини тан олди. 

Фото: president.gov.ua

Украина учун босиб олинган Донбасс аҳолисини «руҳан қайтариш» Қрим аҳолисига нисбатан қийинроқ бўлади, чунки бу ҳудудда 10 йилдан бери жанговар ҳаракатлар давом этмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский фикр билдирди. 

Зеленский Украина ўзини ўзи эълон қилган ЛХР ва ДХР ҳудудини қайтариши мумкин, бироқ, у ердаги аҳолини «руҳан қайтариш» оғир бўлишини тан олди. 

«Бир пайтлар менинг шерикларим менга Қримни қайтариш деярли мумкин эмас ва Донбассни қайтариш жуда қийин бўлишини айтишган эди. Менимча, агар биз одамлар ҳақида гапирадиган бўлсак, мабодо одамлар буни хоҳламаса, бу жуда қийин бўлади...», деди Зеленский. 

Унинг сўзларига кўра, Қримни қайтариш осонроқ, Донбасс эса ўта ҳарбийлаштирилган. 

«Ҳозир ҳам, Россия бизга қарши курашаётганда, Донбассда энг ашаддий сепаратистлар бизга қаршилик қилмоқда, руслар қочмоқда, лекин улар турибди. Бу ҳам бир нарсани англатади. Аммо Қримда ҳеч қандай жанговар ҳаракатлар бўлмаган, шунинг учун мен Қрим аҳолиси қайтишни кутаётганига ишонаман. Донбасс ҳам кутмоқда, лекин бу жуда қийин бўлади, чунки бу ҳудуднинг аксарияти ишғол қилинган ва максимал даражада ҳарбийлаштирилган», деди Зеленский. 

Украина расмийлари Россия билан урушни душман барча босиб олинган ҳудудлардан, жумладан, Қрим ва Донбасс ҳудудларидан чиқиб кетганидан кейингина тўхтатиш мумкинлигини кўп бора таъкидлаган. 

Қрим ва Донбасс 2014 йилда Россия томонидан босиб олинган. 2022 йил кузида Россия Украинанинг босиб олинган ҳудудларини: ўзини ўзи эълон қилган ДХР ва ЛХР, шунингдек, Запорожйе ва Херсон вилоятларининг бир қисмини аннексия қилди. 

Мавзуга оид