Ўзбекистон | 12:52 / 02.12.2023
16062
3 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рейтинги эълон қилинди. Тошкент энг арзон шаҳарлар бешталигида

The Economist нашри дунёнинг 173 та йирик шаҳридаги 200 та маҳсулот ва хизматлар нархларини ўзаро таққослаб, 2023 йилдаги дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рейтингини тузди. Унда Цюрих ва Сингапур энг қиммат шаҳарлар, Дамашқ ва Теҳрон эса энг арзон шаҳарлар сифатида қайд этилди.

Фото: Kun.uz

Economist Group’нинг Economist Intelligence Unit таҳлилий бўлими дунёнинг яшаш энг арзон ва энг қиммат бўлган шаҳарлари рўйхатини янгилади

Тадқиқот муаллифлари 173 та йирик шаҳарлардаги 200 турдаги товар ва хизматларнинг 400 дан ортиқ индивидуал нархларини АҚШ долларида таққослашди. Барча шаҳарлар Нью-Йорк билан солиштирилиб, унинг базавий рейтинги 100 пункт асосида баҳоланган.

2023 йилда ушбу шаҳарлардаги нархлар ўртача 7,4 фоизга қимматлашган. Таққослаш учун, 2022 йилда ўртача яшаш қиймати йил давомида 8,1 фоизга ошиб, сўнгги 22 йилликдаги энг юқори кўрсаткични қайд этганди.

Тадқиқот натижаларига кўра, Цюрих ва Сингапур дунёнинг энг қиммат шаҳарлари деб топилди. Учинчи ва тўртинчи ўринлар Нью-Йорк ва Женевага насиб этган.

Дастлабки ўнталикдаги энг қиммат шаҳарлар:

  • Цюрих;
  • Сингапур;
  • Нью-Йорк;
  • Женева;
  • Ҳонгконг;
  • Лос-Анжелес;
  • Париж;
  • Тел-Авив;
  • Копенгаген;
  • Сан-Франциско.

Муаллифларининг қўшимча қилишича, таҳлиллар жорий йилнинг мартидан сентябригача бўлган давр оралиғида амалга оширилган. Шу жиҳатдан, Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ва доллар курсининг заифлашиши айрим товарлар нархига таъсир қилган бўлиши мумкин.

Дамашқ (Сурия), Теҳрон(Эрон) ва Триполи (Ливия) энг арзон шаҳарлар сифатида қайд этилган. Ушбу шаҳарларда ўтган бир йил давомида мўътадил инфляция кузатилган. Тошкент эса энг қиммат шаҳарлари рейтингида 31 пунктлик базавий балл билан 169-ўринни эгаллаган.

Дунёнинг энг арзон шаҳарлари ўнталиги

  • Дамашқ;
  • Теҳрон;
  • Триполи;
  • Карачи;
  • Тошкент;
  • Тунис;
  • Лусака;
  • Аҳмадобод;
  • Лагос;
  • Ченнай;
  • Буэнос-Айрес.

Коммунал хизматларнинг энг юқори нархи – АҚШ шаҳарларида, кўнгилочар, жамоат транспорти ва уй-рўзғор буюмларининг энг юқори нархи – Европа шаҳарларида, озиқ-овқат ва спиртли ичимликларнинг энг юқори нархи эса Осиё шаҳарларида кузатилган.

Хулоса қилинишича, дунё бўйлаб яшаш нархи ошиб боряпти. Бу жараёнга энергия ресурслари нархининг ошишига олиб келган қуролли тўқнашувлар ва салбий иқлим ўзгаришлари таъсир кўрсатган, бунинг оқибатида озиқ-овқат нархлари кўтарилган. Экспертлар 2024 йилда глобал инфляциянинг секинлашишини прогноз қилмоқда.

Мавзуга оид