Жаҳон | 22:53 / 08.12.2023
9610
2 дақиқада ўқилади

Фаластин ва АҚШ урушдан кейинги Ғазони бошқариш режасини ишлаб чиқмоқда

Режа ҲАМАС ва Фаластинни озод қилиш ташкилоти (ФОТ) иштирокида янги давлат қуришни ўз ичига олади.

Фото: AFP

Фаластин маъмурияти АҚШ вакиллари билан биргаликда уруш тугаганидан кейин Ғазо секторини бошқариш режаси устида ишламоқда. Бу ҳақда Фаластин бош вазири Муҳаммад Ашитайа маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, урушдан кейин «ҲАМАС Фаластинни озод қилиш ташкилотига (ФОТ) қўшилиб, Ғарбий Соҳил, Ғазо сектори ва Шарқий Қуддусни ўз ичига олган янги мустақил давлат қуриш йўлида биргаликда ишласа мақсадга мувофиқ бўлар эди». 

Аввалроқ, Исроил ҳукумати уруш тугаганидан сўнг, Ғазо секторида буфер зона яратиш нияти ҳақида Яқин Шарқ давлатларини хабардор қилгани айтилган эди. Бу билан Исроил ўз ҳудудини эҳтимолий ҳужумлардан ҳимоя этишни мақсад қилган. 

Ашитайа сўзларига кўра, Исроил ҲАМАС гуруҳини тўлиқ йўқ қила олмайди, шунинг учун «ҳамасчилар янги бошқарув тузилмаси доирасида ФОТ таркибига қўшилиши керак». 

«7 октябргача бўлган ҲАМАС бошқа, ундан кейинги ҲАМАС бутунлай бошқача. Агар улар келишувга рози бўлса ва ФОТ сиёсий платформасини қабул қилса, музокара учун имконият туғилади. Фаластинликлар бўлинмаслиги керак», деди бош вазир.

Музокаралар чоғида АҚШ ва Фаластин вакиллари Исроил Ғазони қайта эгалламаслиги, унинг ҳудудини буфер зона учун қисқартирмаслиги ёки фаластинликларни чиқариб юбормаслиги кераклиги ҳақида келишиб олган. 

«Биз халқаро ҳамжамият билан биргаликда ишлайдиган механизмни яратишимиз керак. Яраларни даволаш учун енгиллик ва тикланишга катта эҳтиёж бўлади», деди Шитайе.

Мавзуга оид