Жаҳон | 08:23 / 30.12.2023
7573
3 дақиқада ўқилади

Полша Россияга ракеталари учиб ўтишига қатъий муносабат билдиришга ваъда берди

Россия Федерациясининг муваққат ишлар вакили Полша ташқи ишлар вазирлигига Россия ракетасининг мамлакат ҳудуди устидан учиб ўтгани сабабли чақирилди.

Фото: AP

Варшава ўз ҳаво ҳудудини Россия томонидан бузилганига нисбатан қатъийроқ жавоб қайтаради, деди мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Владислав Теофил Бартошевский 29 декабр, жума куни Россия Федерациясининг Полшадаги муваққат ишлар вакили Андрей Ордашга. У Полша ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотасини тақдим этиш учун чақирилган, бу ҳақда Полша вазирлиги сайтида хабар берилди.

Ордашга 29 декабр куни Россия ракетасининг Полша ҳудуди узра парвози муносабати билан норозилик нотаси топширилди. Ракета Россия кучлари томонидан Украина шаҳарларини тунда оммавий ўққа тутиш вақтида учирилган – Киев уни Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери энг йирик ҳаво ҳужуми деб атамоқда. 

Полша ташқи ишлар вазирлиги Москвадан мамлакатнинг «мудофаа самарадорлигини синовдан ўтказиш бўйича» провокацияларини тўхтатишни талаб қилди, деб ёзади WPolityce портали Бартошевскийга таяниб. Полша вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳозирда Варшава воқеа юзасидан бошқа қадамлар қўйиш ниятида эмас, бироқ келажакда унинг муносабати кескинроқ бўлади. 

Россия ракетаси қисқа вақт ичида Полша ҳаво ҳудудига учиб кирди 

29 декабр куни эрталаб Полша Қуролли кучлари тезкор қўмондонлиги Украина ҳудудидан «номаълум ҳаво объекти» мамлакат ҳаво ҳудудига кирганини маълум қилди. Полша ҳарбийлари уни Украинага уюштирилган ҳужумда фойдаланилган Россия ракетаси деб ҳисобламоқда. 

Шу билан бирга, ракета уриб туширилмади ва қуламади - у Полша ҳаво ҳудудини тарк этиб, умумий Полша ҳудудида тахминан 40 км масофани босиб ўтди. Кейинчалик Бартошевский Полша ҳарбийлари ушбу ракетанинг турини билишини айтди, аммо бу ҳақдаги маълумотлар махфийлаштирилди.

Полша ҳудудига С-300 ракетаси қулаган 

2022 йил 15 ноябр куни Полша-Украина чегарасидан 10 км узоқликда жойлашган Пржеводов қишлоғи ҳудудига «Россияда ишлаб чиқарилган» ракета қулади ва икки маҳаллий аҳоли вакили ҳалок бўлди. 

Киев дастлаб бу ҳодисада Россия Федерациясини айблади, бироқ Полша президенти Анжей Дуда воқеанинг эртасига қулаган ракета катта эҳтимол билан Украинанинг С-300 ҳаво мудофаа тизимига тегишли эканлигини айтди. 

Дуданинг қайд этишича, бу атайлаб қилинган ҳужум бўлмаган. Ракета ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларидан бири томонидан учирилган бўлиб, у Россиянинг Украина муҳим инфратузилмасига навбатдаги йирик ҳужумини қайтарган, унинг давомида Украинага 100 га яқин ракета учирилган. 

Ушбу воқеа муносабати билан Германия Полшага мамлакат жанубида Украина билан чегарага яқин жойда учта Patriot ҳаво мудофаа тизимига эга махсус Бундесвер миссиясини вақтинча жойлаштиришни таклиф қилди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 2023 йил ноябр ойида Полшадан олиб чиқилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид