Ўзбекистон | 20:20 / 15.01.2024
16588
2 дақиқада ўқилади

Белгиланмаган жойда чиқинди ташлаганлик учун жарима миқдори оширилади

Шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликни содир этган юридик шахсларга 100–300 БҲМ (34 млн сўмдан 102 млн сўмгача) молиявий санкция қўллаш ҳам кўзда тутилмоқда.

Фото: Kun.uz

2023 йилда Ўзбекистонда белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганлик, саноат чиқиндиларини ташлаш каби ҳолатлар билан боғлиқ 17 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик қайд этилган. Ҳуқуқбузарларга 7,6 миллиард сўм миқдорда маъмурий жарималар қўлланган.

Бу ҳақда давлат экологик инспекцияси ходими Нодирбек Жамбурбаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йилда чиқинди ташлаш билан боғлиқ аниқланган ҳуқуқбузарликлар 2022 йилга қараганда (17 та мингта) сезиларли камайган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш фуқароларга 1–3 БҲМ (340 мингдан 1 млн сўмгача), мансабдор шахсларга 3–5 БҲМ (1 млндан 1,7 млн сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Фото: Экология вазирлиги

“Ҳозирда президентнинг 81-сонли фармонига асосан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаганлик бўйича маъмурий жарималарни 10 БҲМгача ошириш, юридик шахсларга эса БҲМнинг 100-300 баробаригача миқдорда молиявий санкция қўллаш кўзда тутилган.

Ҳозирги кунда бу қонун лойиҳамиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан ўтган ва Сенатга тақдим этилган. Унда нафақат чиқиндилар, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши бўйича маъмурий жарималарни ҳам ошириш белгиланган”, – деди экоинспекция вакили.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин чиқинди соҳасида муҳим ўзгаришларни кўзда тутувчи президент фармони эълон қилинган эди.

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид