Жаҳон | 21:00 / 18.01.2024
3253
2 дақиқада ўқилади

НАТО Европада сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик машқини ўтказади

Тадбир 5 ой давом этади ва унда 90 мингга яқин аскар иштирок этади. 

Фото: Reuters

Европадаги НАТО иттифоқчи кучлари бош қўмондони Кристофер Каволи сўзларига кўра, келаси ҳафтада алянс сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик Steadfast Defender 2024 ўқув машқларини бошлайди. Бу ҳақда Reuters хабар берди. 

Тадбир Германия, Полша ва Болтиқбўйи мамлакатларида бўлиб ўтади ва май ойига қадар давом этади. Машқларда 90 мингга яқин аскар иштирок этади. 

«Алянс Шимолий Америкадан кучларни трансатлантика орқали жўнатиб, Евро-Атлантика ҳудудини мудофаа қилиш салоҳиятини намойиш этади», деди Каволи. 

Унга кўра, машғулотларда НАТО мамлакатлари қуролли кучларидан ташқари Швеция ҳарбий хизматчилари ҳам иштирок этади. 

Аввалроқ, НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари Роб Бауэр Steadfast Defender 2024 машқлари Россиянинг НАТО шарқий қанотига эҳтимолий босқинини олдини олишга қаратилганини тушунтирган эди. 2023 йил октябр ойида у машқларда 40 мингга яқин ҳарбий хизматчи иштирок этиши кераклигини айтди. 

Financial Times баёнотига кўра, режалаштирилган тадбир Совуқ Урушдан кейинги энг йирик машқлар ҳисобланади. НАТО ҳарбийлари машғулотлар давомида 500–700 марта парвоз қилади ва унда камида 50 та ҳарбий кема қатнашади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид