«Реал»да камбэк, Хави кетишини айтишга мажбур бўлди. Кун ўйинлари
«Барса»да камбэк амалга ошмади, «Милан» икки пеналтидан гол уролмади. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
«Реал» биринчи ўринга кўтарилди, «Жирона» тур ўйинини энди ўтказади
«Лас-Палмас» – «Реал» 1:2
Голлар: 1:0 – 53 Хави Мунос, 1:1 – 65 Винисиус Жуниор, 1:2 – 84 Тчуамени.
«Лас-Палмас» – Валес, Марвин (Эрцог, 69), Суарес, Мармол, Кардона, Молейро (Луаодис, 69), Хави Мунос (Каба, 89), Родригес, Перроне, Мунир (Пехино, 78), Сандро Рамирес (Кардона, 78).
«Реал» – Лунин, Карваҳал, Начо, Рюдигер, Фран Гарсия, Кроос, Себаллос (Валверде, 59), Браим Диас (Ҳоселу, 59), Камавинга (Тчуамени, 81), Винисиус Жуниор (Менди, 90), Родриго (Гулер, 81).
Огоҳлантиришлар: Родриго (5), Родригес (55), Хави Муньос (82), Перроне (90), Менди (90), Тчуамени (90).
Карло Анчелотти дарвозабонлар ротациясини давом эттирди – бу сафар Лунин ўйнади, Кепа эса захирада қолди. Бундан ташқари, «Реал»да яримҳимоя чизиғи деярли бутунлай алмашди: Тчуамени ва Валвердега дам берилди, аммо «қаймоқранглилар»нинг бошланғич таркибидаги асосий жиҳат Беллингҳемнинг йўқлиги бўлди. Англиялик футболчи ўтган турда «Алмерия»га қарши ўйинда сариқ карточкалари сони бештага етгани туфайли дисквалификацияга учраганди.
«Лас-Палмас» – ла лигада тўпга эгалик қилиш бўйича «Реал» ва «Барселона» қаторида кучли учликка кирувчи ўзига хос жамоадир. Гарсия Пимента шогирдлари илк дақиқаларданоқ олдинга ташланишди ва тезкор гол уришига бир бахя қолди. Мезбонлар бутун бўлим давомида меҳмонлар ҳимоясининг чап қанотига босим уюштириб, Лунин қўриқлаган дарвозага хавф солиб туришди: Фран Гарсия кўп ҳолларда қаршилик кўрсата олмади ва унга Винисиус Жуниор ҳам етарлича ёрдам бермади. «Лас-Палмас»нинг тезкор ҳужуми ўнг қанотдан тўп узатилиши, жарима майдонида эса Карваҳал унга ета олмаслиги билан давом этди. «Реал»ни голдан фақат Рюдигер бош билан тўп йўлини тўсиб чиқиши қутқариб қолди.
Шундан кейин Анчелотти жамоаси «Лас-Палмас» жарима майдонини қатор стандарт вазиятлар билан қамал қилди. Бундан ташқари, Родриго мезбонлар дарвозабони билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, у дарвозабон билан тўқнашиб кетди ва енгил провокацияга берилиб, сариқ карточка олди.
Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади ва бу ўйин мантиғига мос эди. Шиддатли стартдан кейин жамоалар ўйин суръатини пасайтиришди. Бўлимда Кардона «Реал» жарима майдонида Себаллос билан тўп учун кураш вақтида газонга қулагани ёдда қолди, лекин ҳакам бу вазиятни пеналтига тортмайди, деб ҳисоблади.
Иккинчи бўлим ҳам «Лас-Палмас»нинг ҳужумлари билан бошланди. «Барса» тарбияланувчиси Эл-Ҳаддодий гол уришга жуда яқин келди – Лунин унинг пастки бурчакка йўлланган зарбасини тўсишга улгурди. Кейин эса «Барса» мактабидан чиққан яна бир форвард голли ҳужум уюштирди. Сандро Рамирес тезкор қарши ҳужумни бошлаб берди ва жарима майдони ичида бўш қолдирилган Муносга голли узатма беришни уддалади. Бу вазиятда Начо ва бошқа ҳимоячилар ҳам сусткашлик қилишди.
Шундан кейин «Реал» дарҳол максимал тезликни ёқди, Анчелотти эса икки алмаштириш қилиб, 4-3-3 схемасига ўтди. Ўз имкониятидан фойдалана олмаган Диас ва Себаллос ўрнига майдонда Ҳоселу ва Валверде пайдо бўлди. Аввалига Карваҳалнинг голи офсайд туфайли бекор қилинди, кейин эса Вини – тоза гол урди. Бу вазиятда Камавинга қийин вазиятда туриб тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб берди ва бразилиялик ҳужумчи қарийб ўткир бурчакдан туриб олис бурчакни аниқ нишонга олди.
Ўйин охирига бориб эса мадридликлар барибир «Лас-Палмас»ни таслим қилишди. Бошқа томондан, меҳмонларнинг бахтига ҳакам Родригога иккинчи сариқ карточкани кўрсатмади, Анчелотти эса яна бир футболчи алмаштиришда топқирлик қилди. Сўнгги 10 дақиқаликда Гулер (бу ушбу турк футболчисининг ла лигадаги дебютига айланди) ва Тчуамени туширилди. Камавинга ўрнига тушган француз тўп бурчакдан узатилганда ўзини кўрсатди ва бош билан қайтариб бўлмас зарба берди. Бу гол билан Орелен ўз туғилган кунига ўзига совға қилди – у шу куни 24 ёшга тўлди.
«Реал» савия эвазига классик ғалабага эришди. «Қаймоқранглилар» асосий кўрсаткичлар бўйича амалда рақибдан икки баробар устунлик қилишди: зарбалар бўйича – 13:7 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар – 5:2, жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар – 10:5).
«Барса» Хави давридаги энг кўнгилсиз ўйинларидан бирини ўтказди
«Барселона» – «Вилярреал» 3:5
Голлар: 0:1 – 41 Жерар Морено, 0:2 – 54 Ахомаш, 1:2 – 60 Гундўған, 2:2 – 68 Педри, 3:2 – 71, автогол Байи, 3:3 – 84 Гедеш, 3:4 – 90+9 Серлот, 3:5 – 90+12 Моралес.
«Барселона» – Пеня, Кунде, Кристенсен (Кубарси, 46), Араухо, Форт (Жоау Канселу, 46), Гундўған, Ромеу (Педри, 46), де Йонг, Жоау Феликс (Ферран Торрес, 58), Ямал, Левандовски (Роке, 77).
«Вилярреал» – Йоргенсен, Фемения (Москера, 78), Байи, Куэнка, Алберто Морено (Манди, 71), Алекс Баэна (Капу, 71), Коклен, Комесаня, Ахомаш (Гедеш, 58), Жерар Морено (Моралес, 78), Серлот.
Огоҳлантиришлар: Алекс Баэна (16), Ромеу (33), Байи (68), Левандовски (68), Хави (69), Араухо (89), Москера (89), Куэнка (90).
«Барселона» уйда 20 декабрдан буён ўйнамаганди ва вақтинча уй стадиони бўлиб турган Олимпийский стадионига янги йўқотишлар билан қайтди. Ҳимоячи Балде белини шикастлаб олди ва жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди, у энди мавсум охирига қадар майдонга қайтмайди. Хави Билбаодаги мағлубиятдан кейин (ҳафта ўртасида Испания кубоги доирасида охирги дақиқаларда ўтказиб юборилган голлар туфайли «Атлетик»дан 2:4 ҳисобида мағлуб бўлинди) таркибда ротация амалга ошириб, бир ҳафта олдин ҳет-трик қайд этган Ферран Торресни захирада қолдирди. Аммо унинг ўрнига туширилган Жоау Феликс ҳам, кўк-анорранглиларнинг бошқа футболчилари ҳам биринчи бўлимда ла лиганинг ҳимояси энг заиф жамоаларидан бирига муаммо туғдира олмади.
«Сариқ субмариналар» эса кам сонли ҳужумларидан бирини гол билан якунлади ва аутдан тўп узатиб берилганида Серлот жарима майдони марказига пас узатди, бу ерда Кристенсен Жерар Моренога халақит қила олмади. Хавининг танаффусда амалга оширган учталик ўзгариши аввалига тескари эффект берди ва Жоау Канселунинг қўпол хатосидан кейин «Барса» тарбияланувчиси Ахомаш ҳисобдаги фарқни оширди. Аммо кўк-анорранглилар ўйинни кучайтиришда давом этишди, «Вилярреал» эса Марселино Торал бош мураббийликка қайтарилганидан кейинги саккизинчи ўйинда ҳам дарвозасидан гол ўтказиб юборди. 60-дақиқада «Барса»ни ўйинга қайтарган Гундўған меҳмонларнинг нохуш сериясини давом эттирди.
Бу зарба каталонияликларда кучли оралиқни бошлаб берди, бу дақиқалар давомида Торрес қулай вазиятдан фойдалана олмади, Гундўған эса ғалаба учун барча ишни қилди. Айнан унинг саъй-ҳаракатларидан кейин 68-дақиқада Педри ҳисобни тенглаштирди, уч дақиқа ўтиб германиялик футболчининг жарима зарбасидан кейин Байи Араухонинг босими остида ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Бундай камбэкдан кейин ҳар қандай рақиб синиши тайин, аммо сўнгги вақтларда бўш ўйин кўрсатаётган «Вилярреал» ўзида куч топа олди. Меҳмонлар «Барса» ўйинидаги муаммолар ва жамоанинг янги футболчиси Гонсалу Гедешнинг голи туфайли ўйинда бурилиш ясади. Кейин эса «Барса» вакиллари ва мухлислари камида кейинги турга қадар муҳокама қиладиган вазият рўй берди.
Асосий вақтнинг сўнгги дақиқасида Гундўған (ҳа, яна у) ўткир бурчакдан дарвоза томон зарба йўллади ва тўп ҳимоячининг тирсагига тегди.
Бош ҳакам пеналти белгилади, аммо вазиятга VAR аралашиб, 11-метрлик жарима зарбаси бекор қилинди. Худди шу паллада Хави камера қаршисига келди ва шундай деди: «Бу шармандалик».
Ҳакам эса ўйинга тўққиз дақиқа қўшиб берди, бу вақт охирида эса мезбон жамоа дарвозабони ва ҳимоячилар яна қовун туширишди. Қўшиб берилган вақтга қўшилган вақт эса Моралес бешинчи голни уриши билан якунланди.
Каталонияликлар ўтган мавсум охиригача барча турнирлар доирасида жами 44 гол ўтказиб юборганди. Ҳозир эса — аллақачон 46. «Барса» ва «Реал» орасидаги фарқ энди 10 очкога етди.
Хави эса ўйиндан кейин ҳакамларга тўхталмади ва барчаси учун жавобгарлик ўз зиммасида эканига урғу қаратиб, жамоанинг ҳолатини ҳиссий коллапс деб баҳолади. Бироз ўтиб эса — клуб раҳбарияти ишонч билдиришда давом этаётганига қарамай — мавсум якунида ўз лавозимини тарк этиши ва жамоа ҳатто Чемпионлар лигасида ғалаба қозонса ҳам бу қарорини ўзгартирмаслигини эълон қилди.
Италия: инфаркт қилувчи «Милан»
«Ювентус» – «Эмполи» 1:1
Голлар: 1:0 – 50 Влаҳович, 1:1 – 70 Балданци.
«Ювентус» – Шченсни, Камбиязо (Айлинг, 78), Алекс Сандро, Бремер, Гатти, Костич (Йилдиз, 78), Локателли, Маккенни, Миретти (Веа, 59), Милик, Влаҳович.
«Эмполи» – Каприле, Луперто, Исмайли, Валюкевич, Какаче, Грасси (Канчелери, 56), Мале, Журковски (Фаццини, 90), Жаси, Камбяги (Марин, 90), Черри (Балданци, 56).
Огоҳлантиришлар: Валюкевич (19), Веа (90).
Четлатиш: Милик (18).
«Ювентус» «Интер»нинг Италия Суперкубоги учун ўйинидан фойдаланиб, чемпионат турнир жадвалида пешқадамга айланиб олганди, аммо туринликлар бу турда муаммога учрашди. Хавфли ҳудудда қолаётган «Эмполи» осон ўлжа бўлиб кўринаётганди, аммо ўтган турда сўнгги икки ойдаги илк ғалабасига эришганидан илҳомланган ушбу жамоа жиддий қаршилик кўрсатди. Милик 18-дақиқадаёқ қизил карточка олиши Массимилиано Аллегрининг режаларини бузиб юборди. Нима бўлганда ҳам «кекса синиора» биринчи бўлимда яхши таассурот қолдира олмади. Лекин танаффусдан кейин «Юве» ўз ўйинини кўрсатишга киришди.
Влаҳович бурчакдан узатилган тўпни дарвозага йўллаб, голли сериясини тўрт ўйинга етказди. Аммо мезбонлар бу сафар минимал устунликни сақлаб қола олишмади, Шченсни Балданцининг узоқ масофадан йўлланган зарбасини ўтказиб юборди. «Юве» қолган вақт давомида вазиятни ўзгартира олмади ва аксинча «Эмполи»нинг қарши ҳужумларидан бири голга айланиши ҳам мумкин эди. Аутсайдер билан ўйиндаги бу дуранг — скудетто учун курашдаги интригага барҳам бериши ҳам мумкин.
«Милан» – «Болоня» 2:2
Голлар: 0:1 – 29 Зиркзее, 1:1 – 45 Лофтус-Чик, 2:1 – 83 Лофтус-Чик, 2:2 – 90, пеналти Орсолини.
Аниқ ижро этилмаган пеналтилар: Жиру (42), Тео Эрнандес(74)
«Милан» – Менян, Калабрия (Флоренци, 59), Киер, Габбия, Эрнандес, Лофтус-Чик, Пулишич (Терраччано, 87), Адли (Муса, 59), Рейндерс, Рафаэл Леау (Окафор, 87), Жиру (Йович, 60).
«Болоня» – Скорупски, Де Сильвестри (Лукуми, 82), Бекема, Калафьори, Кристиансен, Фройлер, Эбишер (Моро, 67), Фергюсон, Урбански (Салемакерс, 67), Фаббиан (Орсолини, 82), Зиркзее.
Огоҳлантиришлар: Калафиори (2), Рафаэл Леау (22), Калабрия (36), Фергюсон (39), Адли (44), Лофтус-Чик (45), Урбански (57), Терраччано (90).
Четлатиш: Мотта (41, «Болоня» бош мураббийи).
«Рома» билан асабий ўйин (3:1), «Удинезе»га қарши ўйинда ақл бовар қилмас камбэк (3:2) — «Милан»нинг сўнгги ўйинларида оддий сценарийлар йўқ. Бу мавсумда ёрқин ўйин кўрсатаётган «Болоня» билан ўйинда ҳам истисно бўлмади. Ва деярли одатий тарзда ўйин россонерилар учун муаммо билан бошланди, Менян оддий вазиятда қутқара олмади. Зиркзее унга ўткир бурчакдан туриб гол урди, меҳмонлар дарвозасини қўриқлаган Скорупски эса ажойиб ўйин намойиш этди. Унинг Жиру ижросидаги пеналтини қайтариши бўлимдаги ягона қаҳрамонлиги эмасди.
Лекин барибир танаффус арафасида ҳисоб тенглашди, юқори спорт формасига чиққан Лофтус-Чик марказий форвардлар каби ҳаракат қилиб, Калабриянинг узатмасини қийин ҳолатда турганига қарамай дарвоза тўрига йўналтирди. Иккинчи бўлим ҳам меҳмонлар учун муаммолар билан бошланди. Аввалига Рейндерснинг зарбаси тўсин ва устун туташган жойга тегди, кейин эса Эрнандес ҳам пеналтидан гол ура олмади, маълум бўлишича, у футбол қоидаларини охиригача тушунмайди. Теонинг зарбаси устундан қайтди ва унинг ўзи тўпни дарвозага йўллаб, голни нишонлаш учун югурди, кейин эса арбитр «Болоня» фойдасига эркин зарба белгилаганига ҳайрон бўлди. Гап шундаки, тўп дарвозабондан эмас, устундан қайтгани учун у пеналтини ижро этишда тўпга икки бор тегинган деб ҳисобланиб, гол бекор қилинди.
Лекин Стефано Пиолида пеналтисиз ҳам гол урадиган Лофтус-Чик бор. Англиялик футболчининг иккинчи голи «Милан»га яна бир инфаркт қилувчи ўйинда ғалаба келтирадигандек кўринганди. Аммо қўшимча дақиқаларда «Болоня» ҳужумчиси Орсолини пеналтини қандай тепиш кераклиги бўйича миланликларга сабоқ берди.
Германия: «Бавария» учун совға
«Аугсбург» – «Бавария» 2:3
Голлар: 0:1 – 23 Павлович, 0:2 – 45 Дэвис, 1:2 – 52 Демирович, 1:3 – 58 Кейн, 2:3 – 90, пеналти Демирович.
«Аугсбург» – Дамен, Мбабу, Гауэлеу, Удуохай, Яго (Майер, 75), Йенсен (Энгелс, 62), Якич, Реджбечай (Педерсен, 62), Варгас (Михел, 80), Демирович, Титц (Бело, 62).
«Бавария» – Нойер, Геррейру, Дайер, де Лигт, Дэвис, Павлович (Звонарек, 90), Горетцка, Коман (Тел, 26), Сане (Шупо-Мотинг, 89), Мусиала (Мюллер, 89), Кейн.
Огоҳлантиришлар: де Лигт (6), Мбабу (19), Павлович (67), Яго (69), Сане (80), Геррейру (90), Нойер (90), Горетцка (90).
Ўтган турда «Вердер»га ютқазган «Бавария» ҳафта ўртасида «Унион» билан қолдирилган ўйинда ғалабага эришиб, чемпионлик пойгасида интригани қайтарди. Бу орқали пешқадам «Байер» илгарилаб кетишига йўл қўйилмади. «Аугсбург»га қарши дербида эса 19 ёшли Павлович асосий жамоадаги илк голини нишонлади, танаффус арафасида Дэвис ҳисобни қулай кўринишга келтирди.
Иккинчи бўлим бошида мезбонлар жавоб голини уришганида эса Кейн VAR ёрдамида яна фарқни иккитага оширди. Англиялик ҳужумчи чиндан ҳам бўш дарвоза қаршисида яққол офсайдда эди, лекин тўп унга жамоадоши Мусиаладан эмас, балки мезбонлар ҳимоячисидан келганди. Ўйин охирида хавотирли вазият юзага келди, аммо «Аугсбург» 11 метрлик жарима зарбаларидан фақат биттасини аниқ ижро эта олди — бу вақтда қўшимча дақиқалар бошланганди. Биринчи пеналтида эса Нойер зарбани қайтарганди.
«Байер» – «Боруссия» М 0:0
«Байер» – Коварж, Фримпонг, Станишич, Инкапиэ, Андрих, Грималдо, Чака, Хофманн (Гложек, 84), Амири (Телла, 68), Виртц, Шик.
«Боруссия» М – Николас, Эльведи, Фридрих, Скалли, Нетц, Вайгл, Нойҳаус (Фукуда, 79), Коне (Крамер, 79), Онора (Лайнер, 70), Хак (Райтц, 62), Себатшо (Нгуму, 79).
Огоҳлантиришлар: Чака (47), Шик (66), Станишич (74), Вайгл (81).
«Байер» эса охирги бор ўтган йил ноябрида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олган Менхенгладбаҳнинг «Боруссия» клуби дарвозасига гол ура олмади. Шанба куни леверкузенликлар меҳмонлар жарима майдони ичида 69 марта тўп билан муомила қилишди, аммо бу натижа бермади. Бу Opta бундеслигада шундай ҳолатларни қайд этишни бошлаган 2004/05 йиллар мавсумидан буён рекорд кўрсаткичдир. Қўшимча дақиқаларда Мбамба дарвозабон ҳудудида туриб тўпни дарвоза тўрига жойлай олмади. У январ ойидаги дастлабки ўйинларда сўнгги дақиқаларда ғалаба голларини урган Паласиос ва Инкапенинг ишини такрорлай олмади. Олти учрашувдан иборат ғалабали серияси тўхтатилган Алонсо шогирдлари энди «Бавария»ни максимал даражада ўзига яқинлаштириб олди.
«Штутгарт» – «Лейпциг» 5:2
Голлар: 1:0 – 25, пеналти Мийо, 2:0 – 30 Ундав, 2:1 – 32 Шешко, 3:1 – 48 Левелинг, 3:2 – 55 Опенда, 4:2 – 56 Ундав, 5:2 – 75 Ундав.
«Штутгарт» – Нюбел, Вагноман (Стергиу, 87), Антон, Загаду, Руо, Миттельштедт, Штиллер, Фюрих (Милошевич, 90), Мийо (ди Бенедетто, 84), Левелинг (Массимо, 84), Ундав (Штенцел, 87).
РБ «Лейпциг» – Бласвиҳ, Симакан (Орбан, 85), Клостерманн, Лукеба, Раум, Шлагер (Элмаз, 77), Ольмо (Поульсен, 77), Баумгартнер (Ҳенриҳс, 67), Зайвалд (Кампл, 67), Опенда, Шешко.
Огоҳлантиришлар: Шлагер (5), Симакан (16), Баумгартнер (43), Антон (69), Раум (79).
Чемпионатнинг учинчи ва тўртинчи ўринларидаги жамоалар учрашуви омадсизлар дуэлига айланди. «Штутгарт» ҳам, «Лейпциг» ҳам янги йил таътилларидан кейин икки ўйинда ютқазишганди ва Дортмунднинг «Боруссия» клубига ўзига хос совға қилишганди. Бу жамоа рақибларининг Штутгартдаги ўйини натижасини ҳам интиқлик билан кутди, лекин бу учрашувдаги ҳар қандай натижа «асаларилар» фойдасига хизмат қилади. Уларга энг маъқул натижа — дуранг эди, аммо «шваблар»нинг ҳужумкор ўйини бундай натижани истисно қилди.
Мезбонлар Африка Кубогига кетган ва у ерда жароҳат олган Гирассисиз ўйнашга кўникиб қолишди, Ундав эса энди барчасини ўз зиммасига олишини англаб етди ва персонал бенефисини уюштирди. Ушбу форварднинг уч голидан энг муҳими — иккинчиси бўлди, у ҳисобни минимумга қадар қисқартирган Опендага зудлик билан жавоб қайтарди. Бу «Штутгарт» футболчиларининг жорий мавсумдаги учинчи ҳет-триги бўлди (иккитаси Гирасси номига ёзилган), ва жамоа ҳужумида бундай самарадорлик қарийб 20 йилдан буён кузатилмаганди, ўшанда Курани ва Какау ижросида ҳет-триклар амалга оширилган.
Кун статистикаси
- «Вилярреал» Испания чемпионатида сафарда «Барселона» дарвозасига камида бешта гол урган 5-жамоага айланди. Охирги бор бундай натижа 1963 йилда «Реал» томонидан қайд этилганди (5:1).
- «Марсел» «Монако» ҳужумчиси Бен Йеддердан 10 гол ўтказиб юборган 6-жамоа бўлди.
- «Брайтон» ҳужумчиси Жоао Педро барча турнирлар доирасида 10 бор пеналтидан гол урди. Бу жорий мавсумда топ-5 лигаларда максимал кўрсаткич, АПЛда бу борадаги энг юқори натижани «МЮ» яримҳимоячиси Бруну Фернандеш қайд этган (13).
- Нидерландия чемпионатида ПСВ ҳужумчиси Люк де Йонгдан гол ўтказиб юборган жамоалар сони 28 тага етди. Бу рекорд кўрсаткич.
- «Аякс» яримҳимоячиси Бергҳайс эредивизияда гол ва пас тизимида 200 (122+88) балл ишлади. XXI асрда бундай натижа олдинроқ Тадич (254), Люк де Йонг (236) ва Кюйт (205) томонидан қайд этилганди.
Мавзуга оид
10:48 / 04.10.2024
Галактикос 2.0. «Реал»нинг натижалари қанчалик хавотирли?
11:22 / 03.10.2024
«Реал», «Бавария» ва «Атлетико» ютқазди, «Ювентус»да даҳшатли камбэк. ЕЧЛда сенсациялар куни
11:34 / 30.09.2024
Мадрид дербисида тўполон, «МЮ» йирик ҳисобда ютқазди. Кун ўйинлари
12:13 / 29.09.2024