Ўзбекистон | 12:26 / 01.02.2024
7584
2 дақиқада ўқилади

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказига директор тайинланди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан Наталя Суратовна Надирханова Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тиббиёт фанлари доктори Наталя Надирханова 1969 йилда Бухоро вилоятида туғилган. 1993 йил Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Бухоро шаҳар марказий шифохонаси туғуруқ бўлимида шифокор сифатида бошлаган. 

У турли йилларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали шошилинч гинекология бўлими мудири, Бухоро вилоят перинатал маркази директори ҳамда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, директори каби масъул лавозимларда ишлаган.

2018 йил мартида президент Шавкат Мирзиёев томонидан II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланган.

Маълумот учун, давлат раҳбарининг тегишли қарорига кўра, 2023 йил сентябрида Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Аҳоли репродуктив саломатлиги маркази ҳамда Она ва бола скрининг маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилган эди.

Мавзуга оид