Ҳукумат қарори билан бошланган лойиҳа

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил март ойидаги 129-сонли қарорига кўра, пойтахтдаги автобус саройлари филиалларида шу (2017)нинг ўзида сиқилган табиий газ (метан) шохобчалар ташкил этиш белгиланган. Шунга мувофиқ “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тадбиркорларга ДХШ асосида шохобчалар қуриш таклифи билан чиққан.

Кейинчалик aвтобус саройларида шохобча қуриш таклифи сармоядорлар томонидан қабул қилиниб, лойиҳаларни реализация қилишга киришилган. Аммо бугунги кунга келиб, 2020 йилда бу ишга бош қўшган икки тадбиркор афсусда. Уларнинг Kun.uz’га мурожаат қилиб айтишича, деярли қурилиши якунланган жойларини масъуллар улардан тортиб оляпти.

Биринчи ҳолат “MAXX PETROL-OIL” МЧЖ раҳбари Жамшид Маҳкамов билан боғлиқ. Маҳкамов эгалик қиладиган компания 8-автобус саройи филиалида шохобча қуриши ва бу шахобчада газ етказиб бериши керак бўлган “Tashbus Petrol” МЧЖнинг 70 фоиз улушдори ҳисобланган(Статистика агентлигининг 2024 йил 10 февралдаги маълумотларига кўра, айни вақт бу МЧЖ 100 фоиз “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга тегишли. 2020 йилда давлат рўйхатидан ўтган “MAXX PETROL-OIL” МЧЖ фаолияти тугатилган). Унинг айтишича, келишувга асосан метан-шохобчани қуриш ишлари 2020 йил июл ойидан бошланиши режа қилинган.

Юнусободдаги 8-автобус паркида ишни бошлаганимиздан кейин бироз вақт ўтиб, ишни бошлаб давом этаётганимизда [8-автобус саройининг] бизга қўйган мажбуриятлари бор эди. Яъни СССР вақтидан қолган дизел “заправка”си бўлган, шуни кўчириб бериш шарти бор эди, чунки биз у ерда қурилиш қилишни режа қилган эдик. Тезлик билан шу дизел “заправка”сини кўчириб бердим. Кейин зудлик билан ҳудуддаги ҳамма жойи бўлмаса ҳам, деярли ярмидан кўп қисми эски асфалт билан қопланган эди, мен уни билганим йўқ. Тез-тез шу ерни аслфалт қилиб беринглар деб шошилинчда айтиб қолишди, ўша ҳудудни асфальт қилиш керак бўлди. Рози бўлиб, шуни қилиб бердим.

Орадан 2 кун ўтиб, президент ташрифи бўлиб қолди. [Қурилиш қилаётган ҳудуднинг] ёнида янги бино қуриб битказилганди, шу ерга келиб қолганларида [АГТКС қуриладиган] жойга ҳам кириб қолдилар. Ўша вақтда мен сафарда эдим, кейин менга хабар келди: бу жой бошқа жойга кўчирилишини, ўрнига қандайдир институт қурилишини айтишди. “Майли, агар президентга шундай таклиф қилинган бўлса, кутамиз, менга ҳам таклиф билан чиқишар, балки”, – дедим. Чунки ҳудудга сармоя киритиб қўйгандим. 1,25 млрд миқдорида харажат қилиб, қурилиш рухсатномаларини олиб, тайёр қилиб қўйгандим. Босқичма-босқич ишлаб кетаётган вақтимда ишимиз тўхтади”,