Музокара босқичига ўтган навбатдаги суд мажлисида Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариевни ҳимоя қилаётган адвокатлар Ф.Худайберганов, Т.Раҳматов, У.Латифов ва А.Набиевнинг ҳимоя нутқлари тингланди.

Дастлабки тергов органи томонидан ушбу жиноят ишини тергов қилишда қонуннинг бу талабига риоя қилинмади. Дастлабки тергов бир томонлама, тирноқ тагидан кир қидириш зайлида, фақат айблов йўналишида олиб борилди.

Дастлабки тергов томонидан эълон қилинган айблов эса ишнинг ҳақиқий ҳолатларига номувофиқ тарзда, шахснинг ҳаракати билан кўрсатилаётган оқибат ўртасидаги сабабий боғланиш бор-йўқлигини аниқлаштирмасдан, тахминий фаразлар келтириш орқали шакллантирилган. Айбловда соҳага тааллуқли у ёки бу қонунчилик нормаларини инобатга олмаслик ёки нотўғри талқин қилиш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Суд тергови давомида С.Х.Кариевнинг ҳимоячилари томонидан жиноят иши бўйича олиб борилган барча таҳлиллар натижасида, дастлабки тергов органи томонидан бир бутун жиноят сифатида кўрсатишга ҳаракат қилинган ҳолда шакллантирилган айбловнинг тўлиқ таркиби, бир бирига боғлиқ бўлмаган алоҳида учта қисмдан иборат ҳолатлар экани аниқланган.

Жумладан, улардан биринчиси, “Marion Biotech Pvt. Ltd” корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситаларининг давлат рўйхатидан ўтгани ҳақидаги гувоҳномалари муддатини узайтириш билан боғлиқ ҳолда “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКнинг рўйхатдан ўтказиш бўлими, лаборатория, Фармакопея ва Фармакология қўмиталари ҳамда Экспертлар кенгашининг ходим ва аъзоларига тааллуқли ҳолатлар тахлили билан боғлиқ.

Иккинчиси эса, “Кураракс” дори воситаси бўйича “Marion Biotech Pvt. Ltd” корхонасининг GMP инспекцион текширувидан ечиш ва дори воситасига гувоҳнома бериб юборилишига, гўёки бир томондан судланувчи Сингхнинг Ж.Эркиний орқали Ш.Шодмоновга 33.000 АҚШ доллари миқдорида пул бергани ва иккинчи томондан гўёки С.Х.Кариевнинг бу борада қўл остидагиларга топшириқ бергани ҳамда буларга алоқадор равишда GMP инспекцион текшируви билан боғлиқ ҳолатлар таҳлилидир.

Учинчиси эса, “Marion Biotech Pvt. Ltd” корхонасининг 2022 йилда Ўзбекистонда рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтган 12 хил дори воситалари ҳужжатларини Ўзбекистон Соғлиқ сақлаш вазирлиги ва Марказ ходимлари қўли билан “экспертиза” шаклида текширувдан ўтказиш йўли билан уларнинг ҳаммасини “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситаларининг Ўзбекистонга кириб келишини тўхтатиш имкони билан асоссиз боғланган ҳолатни ўрганиш натижаларидир.