Жамият | 15:44 / 15.02.2024
18487
2 дақиқада ўқилади

Одам савдосида айбланиб, қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл Туркияда қўлга олинди

“Моня” лақаби билан танилган 23 ёшли аёл 2023 йилдан буён қидирувда бўлган. Ундан жабр кўрган фуқаролардан ИИВга мурожаат қилиш сўралмоқда.  

Одам савдоси жинояти бўйича айбланиб, қидирувда бўлган аёл Истанбул шаҳрида ушланди. Бу ҳақда Бу ҳақда Истанбул шаҳридаги Бош консулхона ахборот хизмати хабар берди.   

Маълум қилинишича, Туркия полицияси ва Ўзбекистон ИИВ Тезкор-қидирув департаменти қидирув бошқармаси ҳамкорлигида Истанбул шаҳрида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилган. Унда жиноят оламида “Моня” лақаби билан танилган 23 ёшли Мунисахон Алижонова қўлга олинган.

Мунисахон Алижонова одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланиб, 2023 йилдан буён ИИВ томонидан қидирувда бўлган.  

Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралмоқда.

Аввалроқ, одам савдосида айбланиб, қидирувда бўлган икки аёл, шунингдек, «Фаҳш баронессаси» ва «Мадам Клод» лақаби билан танилган ўзбекистонлик Нилуфар Мирхонова Туркияда ушланиб, Ўзбекистонга депортация қилинган эди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид