Спорт | 13:13 / 11.03.2024
27867
24 дақиқада ўқилади

АПЛ марказий баҳсида можаро ва туркиялик вундеркинднинг «Реал»даги илк голи. Европада кун ўйинлари

Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Англия: «Ливерпул» ва «Манчестер Сити» ўйинида «Арсенал» ғолиб

Фото: MICHAEL REGAN/GETTY IMAGES

«Ливерпул» — «Манчестер Сити» 1:1
Голлар:
Мак Аллистер (50, пеналти) — Стоунз (23).
«Ливерпул» – Келлеҳер, Брэдли (Робертсон, 61), ван Дейк, Куанса, Гомес, Эндо, Собослаи (Салоҳ, 61), Мак Аллистер, Эллиотт, Диас, Нунес (Гакпо, 76).
«Манчестер Сити» – Эдерсон (Ортега, 56), Уокер, Аке, Аканжи, Стоунз, де Брюйне (Ковачич, 69), Силва, Родри, Фоден, Ҳоланд, Алварес (Доку, 69).
Огоҳлантиришлар: Родри (45+2), Эдерсон (47), Силва (59).

Сўнгги саҳифа

Англия премер-лигасида кўп буюк мураббийлар қарама-қаршилиги кузатилган: Фергюсон Венгерга қарши, Моуринио Венгерга қарши, Гвардиола Моуриниога қарши. Ва буларнинг барчаси аллақачон тарихга айланди.

Яна бир монументал дуэл — Клопп ва Гвардиола қарама-қаршилиги ҳам тарихга айланмоқда. Германиялик мутахассис мавсум якунида «Ливерпул»дан кетишини айтган ва бундан кейин бошқа бирор инглиз клубида ишламаслигини қўшимча қилган. Бу бутун футбол учун улкан йўқотишдир: Гвардиола ва Клопп кўп йиллар мобайнида нафақат шиддатли рақобат ҳосил қилишди, балки ўз ғоялари билан АПЛни такомиллаштиришди ҳам.

Якшанба куни «Ливерпул» ва «Манчестер Сити»нинг икки афсонасининг сўнгги тўқнашуви кузатилди. Ва бу ўйин сифати борасида барча кутилмаларни тўла оқлади.

Мезбонлардаги йўқотишлар

Пеп ва Юргеннинг АПЛдаги сўнгги дуэли шунчаки формал бўлиб қолмай, жиддий интригага ҳам эга эди. «Сити» ва «Ливерпул» «Арсенал» билан бирга қизғин чемпионлик пойгасида қатнашмоқда, шу туфайли уларнинг ўзаро учрашуви кучлар нисбатига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин эди.

Икки жамоа ҳам энг кучли таркибини майдонга ташлади, аммо муҳим нюанс бор эди: Гвардиола ўзининг энг яхши футболчиларидан фойдалана олиши мумкин эди, Клопп эса имкон доирасидаги энг кучлиларни танлай оларди. Алиссон, Матип, Трент, Жота, Жонас, Конате, Гравенберҳ — буларнинг ҳеч бири бу оқшом «Ливерпул»га ёрдам бера олмасди. Салоҳ ҳам захирада қолдирилди — мисрлик ҳужумчи ҳозирча 90 дақиқа ўйнашга тайёр эмас, шу туфайли фақат иккинчи бўлимда ярим соат ўйнаш учун туширилди.

Сифатли футбол

«Сити» ўйинни яхшироқ бошлади: Алварес ва Де Брюйнеда яхши вазиятлар бўлди. Аммо «Ливерпул» ҳам тезкор гол уриш имконига эга эди: Нунес Брэдлининг узатмасини голга айлантириши мумкин эди, аммо тўпга ета олмаган уругвайлик ҳужумчи устунга бориб урилди. 19-дақиқада эса «Энфилд» портлади — Диас дарвозани ишғол этди, аммо унга узатма берган Дарвин офсайд ҳолатида тўп қабул қилиб олгани маълум бўлди. «Ливерпул» ҳужумчиси бу борада ноёб бўлим ўтказди: у роппа-роса беш марта «ўйиндан ташқари» ҳолатга тушиб қолди.

Нунес ўз жамоаси дарвозаси олдида ҳам «минус» ишлади: 23-дақиқада айнан у бурчак тўпи яқин устун олдига узатилганида Стоунсга халақит қила олмади, англиялик ҳимоячи эса осонлик билан ҳисобни очди. Бу вазиятда меҳмонларнинг бошқа бир ҳимоячиси Аке Мак Аллистернинг йўлини тўсиб, шеригига йўл очиб берди. Бу «Сити»нинг «Ливерпул»га мослаб тайёрланган уй вазифаси эди.

Бу учрашувдаги хавфли вазиятларни санашга кўп вақт кетади. Ва бу жамоалар мудофаа чизиғи кучсиз ўйнагани туфайли эмасди. Шунчаки ҳужумлар тезлиги ва сифати юқори бўлгани туфайли ҳимоячилар дош бера олишмади. Шу билан бирга, мезбонлар 45 дақиқада давомида бирор марта дарвоза соҳасига аниқ борган зарба йўллай олишмади, фақат 45+3-дақиқада Собослаининг узоқ масофадан йўллаган жарима зарбаси Эдерсоннинг қўлларига борди ва дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича ҳисоб 1:4 кўринишини олди.

Танаффусга жамоалар «Сити» фойдасига 0:1 ҳисобида йўл олишди, аммо биринчи бўлимдаги энг ёрқин эпизод гол эмас, балки 32-дақиқада Ҳоланд майдон марказида ҳужумга ўтганида, аммо ван Дейк томонидан қаттиқ қаршиликка учраб, якунда гол ура олмаганида рўй берди. Мухлислар замонанинг энг сермаҳсул форварди ва энг яхши ҳимоячиларидан бири қарама-қаршилигига гувоҳ бўлишди.

Нунес эса иккинчи бўлим бошида айбини ювди. 50-дақиқада у Акенинг орқага ноқулай пасидан кейин пеналти ишлади.

Натижада Эдерсон «Ливерпул» форвардига фол ишлатишига тўғри келди. Сўзсиз пеналти. Ҳакам бу вазият дарвоза рўпарасида бўлмагани учунгина дарвозабонни майдондан четлатмади.

Мак Аллистер эса 11 метрлик жарима зарбаларидан деярли хато қилмайди — 1:1.

«Сити» дарвозабони уругвайлик ҳужумчи билан тўқнашувда жароҳат олгани туфайли кўп ўтмай алмаштирилди. Одатда фақат Англия Кубоги ва Лига Кубогида ўйнайдиган Ортегани туширишга тўғри келди. «Ливерпул»да ҳам футболчи алмаштиришлар қилинди. Хусусан, Салоҳ майдонга тушди ва мезбонлар ҳужумда янада фаоллашди. У Диасни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди, аммо колумбиялик ҳужумчи имкониятдан фойдалана олмади.

Меҳмонлар тўпга эгалик қила олмай қолди, «Ливерпул» эса майдон марказида тўлиқ ҳукмронлик қилди. «Сити» бу мавсумдаги энг оғир ўйинни ўтказишига тўғри келди, Гвардиола Де Брюйнени майдондан олиб, Ковачични туширди, хорватиялик ҳимоячининг подкатлари ўйинни бироз мувозанатга келтирди.

Охирги дақиқаларга келиб ўйин тенглаша бошлади. Меҳмонларнинг ҳужуми давомида тўп «Ливерпул» дарвозаси тўсинига тегди. Бу эпизодда Келлеҳер қайтарган тўп Фоденнинг юзига тегиб яна дарвоза томон йўл олди ва гол бўлишига бир бахя қолди. 90-дақиқада эса Докунинг зарбасидан кейин тўп устунга тегди.

90+8-дақиқада баҳсли эпизод юзага келди. Аввалига тўпга ўйнаган Доку бутсасининг остки қисми билан Мак Аллистернинг кўкрак соҳасига ҳам зарба бериб юборди. Ҳозирги қоидаларга кўра, тўп учун ўйнаш фол қайд этилишидан халос қила олмайди. Аммо ҳакам ва VAR зарбани қасддан берилмаган деб топди ва «Ливерпул» фойдасига иккинчи пеналти қўйилмади.

Якунда «Арсенал» учун фойдали бўлган дуранг ҳисоб сақланиб қолди. Энди айнан лондонликлар турнир жадвалини бошқармоқда ва кейинги ўйинини «Этиҳад»да «Манчестер Сити»га қарши ўтказади. 

«Астон Вилла» — «Тоттенҳэм» 0:4
Голлар:
Мэддисон (50), Жонсон (53), Сон (90+1), Вернер (90+4). 
«Астон Вилла» – Мартинес, Кэш, Лангле (Заниоло, 58), Пау Торрес, Конса (Диего Карлос, 85), Дин (Морено, 58), Макгинн, Тилеманс (Диаби, 58), Дуглас Луис, Бэйли (Ироэгбунам, 69), Уоткинс.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен (Дрэгушин, 49), Удожи, Мэддисон (Вернер, 87), Биссума, Кулусевски, Сарр (Бентанкур, 70), Сон, Жонсон (Ҳёйберг, 88).
Огоҳлантиришлар: Сарр (19), Дрэгушин (61).
Четлатиш: Макгинн (65).

Якшанба куни Чемпионлар лигасига тўртинчи йўлланма учун курашаётган икки жамоанинг ўзаро учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Бу ўйиндан кўп нарса кутилганди, аммо биринчи бўлим ҳафсалани пир қилди. «Астон Вилла» иккинчи рақам остида ҳаракат қилиб, буткул ҳимояланди, аммо голга нисбатан яқинроқ келди, «Тоттенҳэм» эса тўпга эгалик қилиш бўйича икки карра устунлигидан ҳеч нарса чиқара олмади. Натижада танаффусга қадар икки жамоа жами олти бор зарба берди ва бу зарбаларнинг бирортаси дарвоза соҳасига аниқ бормади. Бу АПЛдаги биринчи бўлимларда ўтган йил майидан буён кузатилган энг ёмон кўрсаткич бўлди.

Лекин танаффусдан кейин жамоалар очила бошлади ва Мэддисон классик марказий форвард ролида пайдо бўлиб, икки ҳимоячи қуршовида турганига қарамай, Саррнинг узатмасини голга айлантирди. Бу эпизод ғалаба «шпорлар»га кўпроқ кераклигини намойиш этиб берди ва улар голдан кейин ҳам тўхташ ҳақида ўйлашмади. «Вилла» эса оддий вазиятда  прессингга дош бера олмади ва Сон Ҳин Мин Жонсонни қулай вазиятга чиқариб юборди. Мезбонларнинг ҳужумларидан наф чиқмади, Дзаниоло интригани тирилтириш имкониятидан фойдалана олмади.

Мезбонлар сардори Макгиннинг асаблари дош бермай, майдон марказида Удожига ҳеч қандай заруратсиз қўполлик қилиши эса мезбонларнинг узил-кесил таслим бўлишига олиб келди. Шундан кейин трибуналарни тарк этишга киришган мухлислар эса севимли жамоаси яна икки гол ўтказганига гувоҳ бўлишмади. «Вилла» ҳамон тўртинчи ўринда, аммо энди «Тоттенҳэм» билан фарқ — икки очкони ташкил этмоқда. Захирада бир ўйини бор бўлган Ангелос Постекўғли жамоаси асосий еврокубок учун курашда фаворитга айланди.

Испания: Мадридликларда чемпионлик сари яна бир қадам

«Реал» — «Селта» 4:0
Голлар:
Винисиус (21), Гуаита (79, автогол), Домингес (88, автогол), Гулер (90+4).
«Реал» – Лунин, Начо, Рюдигер, Менди, Модрич (Кроос, 83), Валверде, Диас (Чуамени, 83), Камавинга (Себаллос, 88), Васкес, Винисиус (Гулер, 89), Родриго (Хоселу, 74).
«Селта» – Гуаита, Мингеса (Сотело, 77), Манкилло, Старфелт, Нунес, Санчес (Серви, 60), Де Ла Торре, Белтран (Домингес, 77), Бамба (Аленде, 60), Аспас, Ларсен (Дувикас, 83).
Огоҳлантиришлар: Де Ла Торре (25), Камавинга (45), Винисиус (55), Мингеса (55), Манкилло (82).

«Реал» кутилганидек Беллингҳемнинг қизил карточкасини бекор қилдира олмади. Аксинча, англиялик футболчи икки ўйинлик дисквалификацияга учради. Аммо бу мадридликлар учун қўшимча стимул бўлди. Якшанба куни қаймоқранглилар илк дақиқаларданоқ максимал тезликни ёқишди ва юқори кайфиятда эканини намойиш этди.

Бу эса ўз-ўзидан гол олиб келди, Рюдигернинг ҳужумидан кейин Винисиус Жуниор иккинчи уринишда тўпни дарвозага жойлади. Лекин Браим Диас, Родриго ва Винисиусда яна қулай вазиятлар бўлишига қарамай, мезбонлар ҳисобдаги устунлигини тезда ошира олмади. Биргина Камавинга танаффусга қадар беш бор зарба берди.

Бундай ҳолатда эса яна бурчак зарбаси ёрдамга келди, бу стандарт вазият жорий мавсумда жамоанинг даҳшатли қуролига айланган. Бу сафар ҳам биринчи бўлимда бўлгани каби Рюдигернинг «иккинчи қават»даги ақлли ўйини барчасини ҳал қилди. Германиялик ҳимоячи яна ўзи гол ура олмаган бўлса-да, тўп тўсиндан қайтганидан кейин шу куни ёрқин ўйин кўрсатган дарвозабон Гуаитага тегиб дарвоза тўрига йўл олди.

Ўйиннинг асосий воқеаси эса — туркиялик вундеркинд Арда Гулер ниҳоят «Реал» сафидаги илк голини уриши бўлди. Ёзда у «Барселона»га ўтиши кутилганди, аммо каталонияликлар уни яна бир йил «Фенербаҳче»да қолдирмоқчи эди, Карло Анчелотти эса унга ўйин амалиёти ваъда қилиб кўндирди. Аммо турк футболчиси жароҳатлардан азият чекмоқда ва шу туфайли мураббий ҳам кўпинча унга ишонч билдирмаяпти. У Дани Себалоснинг пасидан кейин дарвозабонни алдаб ўтиб гол урганида, уни худди финалда ғалаба голини ургандек табриклашди. «Реал» ҳамон «Жирона» билан оралиқ масофани сақламоқда ва чемпионатдаги мағлубиятсиз сериясини 22 ўйинга етказди (+17=5). Бу «Қироллик клуби»нинг Жозе Моуринио бошқаруви давридан буён энг яхши серияси, португалиялик мутахассис 2011/12 йиллар мавсумида жамоа билан қаторасига 23 ўйинни мағлубиятсиз ўтказганди.

Италия: «Рома»нинг иродаси

«Ювентус» — «Аталанта» 2:2
Голлар:
Камбиязо (66), Милик (70) — Копмейнерс (35, 75).
«Ювентус» – Шченсни, Камбиязо (Веа, 83), Данило, Бремер, Гатти, Локателли, Маккенни (Йилдиз, 88), Миретти (Николусси-Кавиля, 76), Киеза, Милик (Кен, 76), Айлинг (Алекс Сандро, 82).
«Аталанта» – Карнезекки, Заппакоста (Ҳатебур, 67), Жимсити, Скалвини (Толои, 67), Хин, Ружери (Баккер, 88), Пашалич, Копмейнерс, Эдерсон, де Кетеларе (Миранчук, 88), Скамакка (Лукман, 57).
Огоҳлантириш: Ҳатебур (90+3).

Бир неча ой олдин «Ювентус» скудетто учун «Интер»га рақиблик қилаётганди. Аммо баҳор бошланишига келиб кўп нарса ўзгариб кетди. Симоне Индзаги бошқарувида миланликлар феноменал футбол намойиш этиб, сифатли ва томошабоп ўйинларда кетма-кет ғалабаларга эришмоқда. Феврал ойида «Интер» тўрт ўйиннинг барчасида тўрттадан гол урди.

«Ювентус» эса «Интер»га қарши 4 феврал куни ўтказилган ўйиндаги мағлубиятдан кейин (0:1) инқирозли ҳолатга тушиб қолди. Шундан буён — икки мағлубият, дуранг ва аутсайдер «Фрозиноне»га қарши ўйиннинг 90+4-дақиқасида Даниэле Ругани урган гол эвазига қўлга киритилган бир ғалаба бўлди. Ва бу еврокубокларсиз мавсумда кузатилмоқда. Бундай ҳолатда чемпионлик учун кураш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, энди асосий эътибор кучли тўртликдаги ўринни сақлаб қолишга қаратилади. «Аталанта» эса сўнгги уч учрашувда биргина очко олган, қолаверса «Интер»дан қақшатқич мағлубиятга учралган. 

Туринликлар Рабио ва Влаҳович йўқлигига қарамай, илк дақиқалардан ҳужумкор ўйнади. Жамоа тўп назоратини қўлга олди, рақиб эса ташаббусни қайтаришга интилмади ҳам. Лекин 35-дақиқага қадар рақиб дарвозасига бирорта зарба йўлламаган меҳмонлар ҳисобни очишди. Жарима зарбаси ижро этилганида Пашалич тўпни Копмейнерсга етказиб берди ва нидерландиялик футболчи дарвозабонга имконият қолдирмади. 

Мезбонлар иккинчи бўлимни ҳам кучли бошлади ва бўлим ўрталарида беш дақиқа ичида барчаси ўзгарди. Аввалига Камбиязо куннинг асосий ассистенти Маккенни ёрдамида ҳисобни тенглаштирди. Кўп ўтмай америкалик футболчининг узатмасидан кейин Милик 12 метр масофадан туриб аниқ зарба берди. Энди «Юве» ғалабани қўлдан чиқармайдигандек кўринаётганди, аммо рақиб кам сонли вазиятларидан фойдаланишда давом этди. Иккинчи бўлимда «Аталанта» фақат икки бор зарба берди ва шундан биттаси голга айланди, яна Копмейнерс аниқ ҳаракат қилди. Қолган 15 дақиқаликни «Ювентус» фаолроқ ўтказди, аммо ўйинда бошқа гол урилмади. Натижада дуранг туринликларни учинчи ўринга, «Аталанта»ни – олтинчи ўринга тушириб юборди.

«Милан» — «Эмполи» 1:0
Гол:
Пулишич (41). 
«Милан» – Менян, Калабрия, Томори (Калулу, 63), Тиав, Эрнандес, Лофтус-Чик, Бинносир, Пулишич (Чуквуэзе, 63), Рейндерс (Муса, 62), Окафор (Адли, 90), Йович (Жиру, 73).
«Эмполи» – Каприле, Луперто, Исмайли (Берешински, 42), Валюкевич, Пеццелла (Какаче, 55), Мале, Журковски (Канчелери, 76), Фаццини (Коваленко, 55), Гяси, Камбияги, Ниянг (Дестро, 76).
Огоҳлантиришлар: Фаццини (24), Рейндерс (26), Пеццелла (53), Журковски (65), Канчелери (80).

«Милан» кутилган ишни қилиб, етти йилдан буён ўзини енга олмаган рақибни яна бир бор мағлуб этди. Шу билан бирга, Стефано Пиоли дисквалификацияга учраган Рафаэл Леау йўқлигида ҳам Прагада кечадиган Европа Лигаси 1/8 финали жавоб учрашувини ўйлаб, Жиру, Муса ва Киерга дам берди. Майдонга чиққанлар эса бир гол уришни уддалашди. Аввалига арбитр Окафор Бинносирнинг узатмасини қабул қилаётганида офсайд ҳолатида бўлган деб топиб, бекор қилганди, аммо VAR бу хатони тузатди ва Пулишич табрикларни қабул қилиб олди. Америкалик футболчи самарали ҳаракатлар бўйича 14 очко (8+6) тўплаб, топ-5 лигаларда шахсий рекордини ўрнатди. Россонерилар эса  «Ювентус» ва «Аталанта» ўйинидаги дурангдан фойдаланиб (2:2), иккинчи ўринга кўтарилди.

«Фиорентина» — «Рома» 2:2
Голлар:
Раниери (18), Мандрагора (69) — Ауар (58), Лоренте (90+5). 
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Бираги (80).
«Фиорентина» – Терраччано, Кайоде, Миленкович, Раниери, Бираги, Бонавентура, Лопес (Артур, 90+2), Мандрагора (Барак, 90+2), Гонсалес (Иконе, 46), Соттил (Данкан, 78), Белотти (Нзола, 90+2).
«Рома» – Свилар, Анхелино (Спинаццола, 80), Лоренте, Манчини (Ҳейсен, 33), Ндика, Паредес (Пеллегрини, 80), Кристанте, Ауар, Дибала (Балданзи, 73), Лукаку, Ал-Шаъровий (Залевски, 73).
Огоҳлантиришлар: Манчини (6), Паредес (37), Ҳейсен (45), Бонавентура (57), Миленкович (64), Ндика (68), Балданзи (76).

Туриндаги дуранг, шунингдек шанба кунги ўйинда «Болоня» «Интер»га ютқазгани Даниэле Де Росси бошқарувида ёрқин ўйин кўрсатаётган «Рома» учун идеал вазият ҳосил қилди. Аммо «бўрилар»ни Флоренцияда қийин ўйин кутиб турганди. «Фиорентина» йилни яхши бошлай олмаган, ҳозирда ғалабалар орасида дуранг ва мағлубиятлар қайд этаётган бўлса-да, турнир жадвалининг ўртадан юқори қисмида қолмоқда ва еврокубоклар йўлланмаси учун интилмоқда.

Шунинг учун, Раниери йиқилаётиб бош билан тўпни меҳмонлар дарвозасига йўллаши сюрприз эмасди. Қолаверса, гап жорий мавсумдаги энг сермаҳсул италиялик ҳимоячи ҳақида бормоқда, у голлари сонини бештага етказиб улгурди. Танаффусга қадар биргина гол ўтказилгани меҳмонларнинг омади келгани эди. Лекин вазиятлардан фойдаланмаслик «фиалкалар»га қимматга тушиши мумкин эди, чунки иккинчи бўлимда меҳмонлар ўйинини кучайтирди. Дибаланинг рақиб мудофаасини ёриб ўтиши билан ривожланган ҳужум якунида тўп Ауарнинг бошига аниқ келди ва у ўз имкониятидан фойдаланди.

Аммо Винченцо Италянонинг стандартлари яна иш берди. Биринчи ҳолатда бурчак зарбасидан кейин гол урилганди. Иккинчи гол — жарима зарбасидан кейин Белотти Мандрагорани қулай вазиятга чиқариши орқали урилди. «Рома»да асосий форвардга айлана олмаган ва қишда ижарага берлган ушбу футболчи бу билан чекланади ва Паредесни жарима майдони ичида фол ишлатишга мажбур қилди.

Аммо Свилар Бираги ижросидаги пеналтини қайтариб, римликлар учун имконият сақлаб қолди. 11 метрлик зарбалар — «Фиорентина»нинг заиф нуқтаси, жамоа футболчилари қаторасига беш бор «нуқта»да адашган! Агар бу вазиятлардан фойдаланилганида, флоренцияликларнинг вазияти бошқачароқ бўларди. «Рома»ни эса қўшимча дақиқаларда шу куни кўнгилдагидек ўйнай олмаган ҳимоячилар қутқариб қолишди. Н'Дика бош билан тўпни ташлаб берди, Лиоренте тўпга тўхтатмай зарба бериб, уни тўсин остидан дарвоза тўрига киритди.

Германия: «Байер» тўхтамаяпти

«Байер» — «Волфсбург» 2:0
Голлар:
Телла (37), Виртц (86). 
«Байер» – Градецки, Станишич, Та, Тапсоба, Инкапиэ (Адли, 59), Грималдо, Жака, Паласиос (Андрих, 90), Виртц (Гложек, 90), Телла (Ҳофманн, 76), Шик (Иглесиас, 76).
«Волфсбург» – Кастелс, Цезигер (Виммер, 88), Лакруа, Йенц, Баку, Паредес, Арнолд, Герҳардт (Беренс, 88), Маер (Вранкс, 63), Винд (Борнаув, 32), Тиагу Томаш (Сарр, 63).
Огоҳлантиришлар: Герҳардт (7), Йенц (12), Адли (80).
Четлатиш: Йенц (28).

«Бавария» ниҳоят голлар ёмғири уюштирди, аммо бу «Байер»га ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Леверкузенликлар шунчаки ўз ўйинларида очко олиши талаб этилади ва улар бу ишни бекам-у кўст уддалашмоқда. Қолаверса, навбатдаги рақиб бу вазифани осонлаштириб берди, 28-дақиқадаёқ Йенц иккинчи сариқ карточкани олиб, «Волфсбург»ни бир киши кам қолдирди. Бунгача Вирцнинг зарбаси устунга текканди, ҳисоб эса Ҳаби Алонсо жамоаси учун классикага айланган ҳужумда очилди. Чап қанот ҳимоячиси Грималдо бу чемпионатдаги 12-голли узатмасини амалга оширди, бошқа қанотдаги латерал — Телла гол муаллифи бўлди. Бўлим охирида эса Вирц Паласиоснинг идеал узатмасидан кейин тўпни тўхтатмасдан дарвоза тўрига жойлаштириб, барибир ўз голини урди. 8:1 ёки 2:0 — бу икки ҳисоб ҳам бир хилда очко беради, шунинг учун «Байер» ва «Бавария» ўртасидаги фарқ ҳамон ўн очкони ташкил этмоқда.

Франция: Энрике тажриба ўтказмоқда

«ПСЖ» — «Реймс» 2:2
Голлар:
Абдулҳамид (17, автогол), Рамуш (19) — Манетзи (7), Диаките (45).
«ПСЖ» – Навас, Ҳакими, Данилу Перейра (Мендеш, 70), Лукас Бералдо, Эрнандес, Солер (Дембеле, 73), Угарте, Заир-Эмери, Ли Кан Ин, Барколя (Коло-Муани, 69), Гонсалу Рамуш (Мбаппе, 73).
«Реймс» – Диуф, Фоке, Абдулҳамид, Агбаду, де Смет (Акиеме, 59), Теума (Ҳадра, 83), Мунеци, Атангана Эдоа (Ричардсон, 72), Ито (Стамбули, 83), Диаките, Дарами.
Огоҳлантиришлар: де Смет (39), Угарте (42), Ҳакими (54), Ито (79).

Мавр Чемпионлар лигасида ўз ишини бажарди ва захира ўриндиғидан жой олди. Луис Энрике ваъда қилганидек жамоасини Мбаппесиз ўйнашга ўргатмоқда ва жараён таваккалчилик билан олиб борилмоқда. «ПСЖ» Ҳакимининг қўпол хатосидан кейин ҳисобда қувишига тўғри келди. Бунга жавобан кетма-кет ҳужумлар уюштирилди ва икки дақиқа ичида аввалига автогол урилди, кейин бунга қадар вазиятларидан фойдалана олмаган Гонсалу Рамуш аниқ зарба йўллади.

Аммо амалдаги чемпионлар ҳимояда хатолар қилишда давом этди ва дарвозага қайтган Кейлор Навас қийин аҳволда қолди. Танаффус арафасида Диаките голли пасига гол ҳам қўшиб қўйиб, мувозанатни тиклади (2:2). Иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилган Мбаппе ҳам ғалаба келтира олмади. У 73-дақиқада майдонга тушди ва ўзига берилган вақт ичида ўйин қаҳрамонига айланиши мумкин эди. Аммо у ўзи учун қулай позицияда туриб тўпни олис «тўққизлик»ка жойлай олмади; кейин эса жарима майдони чизиғида ҳужум уюштириб дарвозабонни қийнаб қўйди, навбатдаги уринишда қайчи услубида зарба йўллашда муваффаққиятсизликка учради. Якунда — «ПСЖ»да қаторасига учинчи дуранг, лекин бу ҳозирча пешқадамнинг чемпионлик имкониятларига деярли таъсир кўрсатмаяпти.

Кун статистикаси

  • «Лилл» XXI асрда Франция чемпионатида 7-марта 1-дақиқадаёқ гол урди. Жамоа «Ренн»га қарши ўйинда (бу жамоа биринчи ҳужумдаёқ гол ўтказиб юбориш бўйича тенгсиз - 8 марта) «Бордо»нинг рекордини такрорлади.
  • «Аталанта» яримҳимоячиси Копмайнерс А серия сафар ўйинларида 8 гол урди. Топ-5 лигаларда унинг амплуадошлари орасида бундан юқори кўрсаткич фақат «Реал» ҳавбеки Беллингҳем томонидан қайд этилган (9).
  • «Манчестер Сити» яримҳимоячиси де Брюйне йил бошидан буён 13 (2+11) самарали балл ишлади ва бу борада АПЛ футболчилари орасида етакчи.
  • «Тулуза»ни бу мавсумда 21 марта устун ёки тўсин голдан қутқариб қолган.
  • Нидерландия чемпионати 25 туридан кейин 40 очко — «Аякс»нинг 1964/65 йиллар мавсумидан буён энг ёмон натижаси.
  • Грециялик ҳужумчи Павлидис АЗ клуби сафидаги голлари сонини 50 тага етказди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар