Ўзбекистон | 17:00 / 16.03.2024
22703
15 дақиқада ўқилади

“Афсонавий самолёт” – Тошкентда ишлаб чиқарилган Ил-76 тарихи

Бундан бир неча кун олдин Россияда Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти қулаб тушди. Бир пайтлар асосан Тошкентда ишлаб чиқарилган бу самолётдан шу пайтгача қарийб 1 000 дона тайёрланган. Улардан 100 дан ошиғи ҳалокатга учраган. Бугун дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида Ил-76 самолётларидан турли мақсадларда фойдаланишмоқда. Улар орасида АҚШ компаниялари ҳам бор.

Агар СССР авиация саноати тарихига назар ташланса, 1950-1970-йилларда у гуркираб ривожланганини кўриш мумкин. Ўша пайтларда бир вақтнинг ўзида мамлакатдаги турли авиазаводлар ўнлаб турдаги фуқаро авиациясида ва ҳарбийлар учун самолётлар тайёрлаган.

Мамлакатда бир вақтнинг ўзида ўнга яқин конструкторлик бюролари ишларди. Жумладан:

  • “Ан” самолётлари – Олег Антонов томонидан ташкил этилган конструкторлик бюросида;
  • “Ту” самолётлари – конструктор Андрей Туполев томонидан ташкил этилган конструкторлик бюросида;
  • “Ил” самолётлари – конструктор Сергей Илюшин номидаги конструкторлик бюросида;
  • “Як” самолётлари – конструктор Александр Яковлев номидаги конструкторлик бюросида лойиҳалаштириларди.

Бундан ташқари, Артём Микоян ва Михаил Гуревич томонидан ташкил этилган конструкторлик бюросида “МиГ” ва Павел Сухой томонидан ташкил этилган конструкторлик бюросида “Су” ҳарбий самолётлари лойиҳаси ишлаб чиқарилган.

Ўша пайтларда ҳар йили минглаб самолётлар ишлаб чиқарилар экан, советлар уларни мукаммаллаштиришга уринишмади. 1980-йилларга келиб моделлар эскирди ва халқаро талабларга жавоб бермай қўйди.

Фото: mreadz.com

Оқибатда СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россияда фуқаро авиацияси учун самолёт ишлаб чиқариш қарийб тўхтаб қолади. Аммо илк бор 1970-йилларда ишлаб чиқарилган самолётларнинг айримлари бугун ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Улардан бири афсонавий Ил-76 самолёти.

Бежизга бу самолётни афсонавий дейишмайди. Ўз вақтида асосан Тошкентдаги авиазаводда ишлаб чиқарилган бу самолётдан умумий ҳисобда 1 000 га яқин тайёрланган. Ана шу кўрсаткичи билан у дунёда ягона ҳисобланади.

Ил-76 тайёрланиши тарихи

1966 йил 28 июн куни СССР авиация саноати вазирлиги Илюшин конструкторлик бюросига янги ҳарбий-транспорт самолёти лойиҳасини ишлаб чиқариш топшириғини беради.

Ўша пайтгача СССРда бир нечта турдаги ҳарбий-транспорт самолётлари бўлган, бироқ уларнинг ўлчами ва юк кўтариш қуввати паст эди.

Илюшин конструкторлик бюросига берилган топшириқда тўртта турбо двигател билан жиҳозланадиган, камида 50 тонна юк кўтара оладиган йирик самолёт лойиҳасини тайёрлаш топширилганди.

Орадан 8 ой ўтиб, 1967 йил 25 февралда конструкторлик бюросининг бош конструктори Сергей Илюшин Ил-76 деб номланган янги ҳарбий-транспорт самолётининг техник лойиҳаси тайёр бўлгани ҳақида ҳисобот беради.

1967 йил 27 ноябр куни СССР министрлар совети Ил-76 самолётини ишлаб чиқаришни бошлаш ҳақидаги қарорни қабул қилади. Самолётнинг синов нусхасини тайёрлаш Москвадаги “Стрела” машинасозлик заводида бошланди.

Фото: Ил-76 чизмаси

Биринчи Ил-76'ни тайёрлаш ишларига икки йил вақт кетади. 1971 йил 25 март куни у биринчи синов парвозини амалга оширади. Ўша йили май ойида уни Парижда ўтказиладиган халқаро авиасалонда намойиш этишади.

Синов парвозлари муваффақиятли кечгач Ил-76 самолётини серияли ишлаб чиқариш Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасига топширилади.

Бу завод 1941 йилда немислар СССРга ҳужум қилганда Москва вилоятидан Тошкентга кўчириб келтирилган, ўшандан буён турли русумдаги самолётларни ишлаб чиқариб келаётганди.

1973 йил 5 май куни серияли тарзда ишлаб чиқарилган илк самолёт Тошкентдан парвоз қилади. Кўп ўтмай Ил-76 самолётларининг ҳарбийлар, фуқаро авиациясида юк ташиш учун, яна радиолокацион штаб кўринишида (А-50) бошқа турли русумлари тайёрланади.

1980-йилларнинг охирида Ил-76'нинг янгиланган Ил-76МФ/ТФ модели лойиҳаси тайёрланади. Лойиҳага кўра у аввалгиларига қараганда ёнилғини 15 фоизга камроқ сарфларди. Шунинг ҳисобидан самолётнинг ёнилғи сиғимини бир марта тўлдирганда учиш масофаси 15-20 фоизга узаярди.

Бироқ СССР парчаланиб кетгани сабабли мазкур моделни тайёрлаш ва синовдан ўтказиш ишлари ортга сурилиб кетади. Илк парвоз 1995 йилга келиб ўтказилади. Серияли ишлаб чиқариш эса 2012 йилдан бошланади.

Ил-76 самолётлари совет даврида асосан Тошкентдаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланган.

Фото: dzen.ru

Маълумот учун, Тошкентдаги заводда 1941 йилдан 1990 йилгача қарийб 10 мингта (!) самолёт ишлаб чиқарилган.

СССР парчаланиб кетгандан сўнг бирлашма фаолияти аввалига сустлашиб қолади. 1990-йиллар ўрталарида авиазавод ўз фаолиятини тўхтатади ва у ерда бошқа турдаги маҳсулотлар тайёрлана бошланади. 2000-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ил-76 самолётларини ишлаб чиқариш Россияда давом эттирилади.

Ил-76 самолётларидан шу пайтгача қарийб 1000 дона ишлаб чиқарилган. Улардан 100 дан ошиғи экспорт қилинган. Ҳозирги пайтда турли давлатларда 300 дан ортиқ Ил-76 самолётидан фойдаланишмоқда. Шу жумладан Ўзбекистонда ҳам бундай русумдаги самолёт бор.

Ил-76 самолётининг турли русумлари

Ил-76 – биринчи серияли ишлаб чиқарилган варианти;

Ил-76М – фюзеляжи қалинроқ ва юк кўтариш қуввати бироз оширилган варианти;

Ил-76МГА – фуқаро авиациясида юк ташишга мўлжалланган русуми;

Ил-76Т – фуқаро авиацияси учун транспорт самолёти;

Ил-76МД – юк кўтариш қуввати оширилган ва узоқ масофаларга учишга мўлжалланган варианти;

Ил-76ТД – юк кўтариш қуввати оширилган ва энг узоқ масофаларга учишга мўлжалланган транспорт самолёти. Ил-76'лар орасида энг машҳур русум шу бўлади.

Ил-76 базасида тайёрланган А-50
Фото: alamy.com

А-50 – Ил-76 базасида ишлаб чиқарилган радиолокацион қурилмалар ўрнатилган ва ҳаво штаби учун фойдаланиладиган русуми. 2023 йил охири ва 2024 йил бошида Украина томони Россиянинг иккита А-50 самолётини уриб туширди. Бу самолётнинг ҳар бир донаси 350 млн доллар атрофида нархланади.

А-60 – Ил-76МД самолёти асосида ишлаб чиқарилган. Бу русумдаги самолётлар асосан ҳаво лабораторияси вазифасини бажаради ва уларда лазер қуроллари олиб юрилади.

Ил-76КТ – бу русумдан асосан космонавтлар машқ самолёти сифатида фойдаланади.

Ил-78 – бу самолёт ҳам Ил-76 базасида ишлаб чиқарилган бўлиб, у асосан ёнилғи олиб юради. Ил-78'дан ҳавода самолётларга ёнилғи қуйишда фойдаланишади.

Ил-76МД “Скальпель” – бу самолёт ҳаво госпитали ҳисобланади. Унинг борти бўлимларга ажратилган ва турли тиббий жиҳозлар жойлаштирилган. У ерда бемалол тиббий амалиётларни (операцияларни) ўтказиш ҳам мумкин.

Ил-76ПС – бу русумдаги самолёт фақат қидирув ва қутқарув ишларида фойдаланиш учун тайёрланган.

Ил-76ТД “Антарктида” – Арктика ва Антарктидага парвоз қилиш учун махсус жиҳозланган варианти;

flyteam.jp

Ил-76МК – бу русумдаги самолёт асосан десант қўшинларини ташиш учун мўлжалланган.

Бундан ташқари, Ил-76'нинг ёнғин ўчиришга мослашган ва яна бир қатор вариантлари тайёрланган.

Ил-76 самолётларининг ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиганларига жуда кўплаб ускуналар ўрнатилади. Жумладан, радиосистема, радиолокацион ва радар ускуналари, навигация асбоблари ўрнатилган.

Ил-76 самолётининг характеристикаси

  • Узунлиги – 46,6 метр;
  • Қанотларнинг узунлиги 50,5 метр;
  • Оғирлиги – 85,5 тонна;
  • Парвоз оғирлиги – 210 тонна;
  • Юк кўтариш қуввати – 60 тоннагача;
  • Ёнилғи сиғими – 109 минг литр;
  • Ёнилғи сиғими бир марта тўлдирилганда учиш масофаси;

— Ортилган юк 60 тонна бўлганда 4 минг км;

— Ортилган юк 48 тонна бўлганда 5,5 минг км;

— Ортилган юк 40 тонна бўлганда 6,5 минг км.

  • Экипаж сони – 5 киши;

Десантчилар учун тайёрланган русумига бир вақтнинг ўзида 126 ҳарбий жойлаша олган.

  • Двигателлар сони – 4 та;
  • Максимал тезлиги – соатига 780-850 км.
www.wxrw123.com

Ил-76 самолётининг юк ортиш қисми ўлчами узунлиги 24,5 метр, эни 3,45 метр, баландлиги 3,4 метрни ташкил этган. Самолёт фюзеляж қисми катта бўлгани учун унга йирик ҳажмдаги юкларни, кўплаб ҳарбий техникаларни жойлаш мумкин.

Ил-76 самолётларидан қайси давлатлар фойдаланмоқда?

Бугун Ил-76 самолётларидан асосан Россия фойдаланмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Украина, Молдова, Арманистон, Озарбойжон каби собиқ иттифоқ республикаларида ҳам Ил-76 самолётлари бор.

СССР даврида ва кейинчалик Россия томонидан Ил-76 самолётлари кўплаб хорижий давлатларга ҳам сотилган.

Жумладан, СССР ва Россиянинг содиқ иттифоқчилари Куба, Хитой, Эрон, Шимолий Корея, Сурия, Сербия, Венгрия, Лаос давлатлари Ил-76 самолётларининг турли русумларидан фойдаланиб келмоқда.

Бундан ташқари, бир пайтлар СССР билан дўстона муносабатда бўлган Африка ва Осиёнинг қатор давлатлари – Жазоир, Ангола, Ҳиндистон, Иордания, Ироқ, Конго, Ливия, Яман, Камбожа, Судан, Зимбабве каби давлатлар ҳам ИЛ-76 самолётларини харид қилган.

commons.wikimedia.org

Ил-76 самолётлари океан ортига ҳам етиб борган. Жуда кўплаб турдаги самолётлар ишлаб чиқарувчиси бўлган АҚШда ҳам бир нечта хусусий компания Ил-76'лардан турли мақсадларда фойдаланган.

Россия ОАВда берилган маълумотга кўра 2021 йил ҳолатига Ил-76 самолётидан энг кўп Россияда бор – 110 дона. Кейинги ўринларда Ҳиндистон 24 дона), Украина (18 дона), Жазоир (17 дона), Хитой (16 дона) ва Эрон (12 дона) жойлашган.

Йўқотишлар

Турли авиация янгиликларини ёритиб борадиган Aviation Safety Network сайти маълумотларига кўра ишлаб чиқариш бошлангандан буён 2023 йил сўнгигача умумий ҳисобда 94 та Ил-76 самолёти ҳалокатга учраган. Уларда жами 1 133 киши ҳалок бўлган.

Битта ҳолатда Ил-76 самолётини олиб қочишга уриниш бўлган ва бу ҳодисада ҳеч ким ҳалок бўлмаган.

Ил-76 самолётлари билан боғлиқ энг машҳур ҳодиса 1996 йилда Афғонистонда содир бўлади. “Толибон” жангчилари Россияга тегишли Ил-76 самолётини эгаллаб олиб, унинг экипажини асир олишади.

Ўшанда Албаниядан Афғонистон қаршилик кучлари учун қурол-яроғлар олиб келаётган Ил-76'ни “Толибон”га тегишли қирувчи самолётлар ҳавода тутиб олади. Сўнг уни Қандаҳордаги толиблар назорат қилаётган аэродромга мажбуран қўндиради.

airplane-pictures.net

Ўшанда бир йилдан ошиқроқ асирликда бўлган экипаж аъзолари охир-оқибат самолётни "Толибон" қўлидан олиб қочишга муваффақ бўлишади. Улар Эрон ва БАА орқали Россияга етиб олишади.

Ил-76 самолёти ҳақида қизиқарли фактлар

  • Ил-76 самолётларидан ҳозирда дунёнинг 30 дан ошиқ давлати фойдаланмоқда. Улар орасида ҳатто АҚШ ҳам бор.
  • Ил-76 дунёдаги энг кўп ишлаб чиқарилган ҳарбий-транспорт самолёти ҳисобланади.
  • Самолётнинг ўртача нархи 100 млн долларга баҳоланади. Жиҳозланишига қараб уларнинг нархи ошиб бораверади. Масалан, Ил-76 базасида тайёрланган А-50 самолёти 350 млн доллар атрофида нархланади.
  • Ил-76 самолётлари жами 25 та жаҳон рекордларини ўрнатган.
  • Ил-76'дан аввалига ҳарбий-транспорт самолёти сифатида фойдаланиш назарда тутилган. Бироқ кейинчалик ундан транспорт самолёти сифатида фойдаланиш оммалашди.
Ҳиндистонга тегишли Ил-76
googglet.com

Бир пайтлар Тошкентдаги Чкалов номидаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида йилига 60 донадан ошиқ Ил-76 тайёрланган.

  • Ил-76 самолётларининг яроқлилик муддати 30 йил этиб белгиланган (янги русумдагиларда 35-45 йил).
  • Ил-76 кўп функцияли самолёт ҳисобланади. Ундан ёнилғи ортиб юришда, узоқ масофаларда разведка кузатувлари ўтказишда, ёнғинларни ўчиришда, космонавтларни тайёрлашда, лазер қуролларини ташишда фойдаланишади. Шунингдек, унинг учиб юрувчи госпитал варианти ҳам бор.
  • Янги авлод Ил-76 самолётларига ўрнатилаётган ҳар бир двигателнинг оғирлиги (тутиб турувчи мосламаси (тягалари) билан 14,5 тонна чиқади. Уларнинг ҳар бири 12 минг от кучига эга.
  • Ил-76 СССРда турбодвигателлар билан ишлаб чиқарилган биринчи транспорт самолёти ҳисобланади.
  • Россия ОАВда ёзилишича, бугун Россия космик ҳаво кучлари таркибида 100 дан ошиқ турли русумдаги Ил-76 самолётлари бор.

Ил-76 ларнинг камчиликлари ҳам бор. Булар самолётга зенит-ракета комплексларини жойлаб бўлмайди (улар асосан Ан-124 “Руслан”да ташилади). Шунингдек, Ил-76'лар узоқ масофаларга, масалан океан ошиб қитъалараро уча олмайди.

Украинага тегишли Ил-76
www.telegraphindia.com

Ил-76 иштирокидаги энг йирик (кўп одам ҳалок бўлган) ҳалокатлар

Бундан бир неча кун олдин 2024 йил 12 март куни Россиянинг Иваново вилоятида Ил-76 самолёти қулаб тушди.

Ҳарбийларга тегишли самолёт ҳавога кўтарилаётганда унинг двигателларидан бири узилиб кетган ва Ил-76 қулаб тушган. Оқибатда 8 нафар экипаж аъзоси ва самолёт бортида бўлган 7 йўловчи ҳалок бўлган.

Ил-76 билан боғлиқ энг йирик ҳалокат 2003 йилда Эронда содир бўлганди. Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусига тегишли самолёт ёмон об-ҳаво шароитида Кермон шаҳри яқинидаги тоғга урилиб, қулаб тушади.

Оқибатда 11 нафар экипаж аъзоси ва 264 нафар Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбийлари ҳалок бўлади. Бу ҳодиса СССРда ишлаб чиқарилган самолётлар билан ва Ил-76' лар билан содир бўлган энг йирик ҳалокат ҳисобланади.

Ил-76 билан боғлиқ яна бир йирик ҳалокат 2018 йилда Жазоир ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли самолёт билан содир бўлганди.

Туркманистонга тегишли Ил-76
RussianPlanes.net

Буфарик шаҳридаги ҳарбий база аэродромидан ҳавога кўтарилаётганда самолётда ёнғин содир бўлади. Орадан бир неча дақиқа ўтгач Ил-76 қулаб тушади ва ёниб кетади.

Оқибатда 247 киши ҳалок бўлади. Ҳалок бўлганларнинг барчаси ҳарбий хизматчилар бўлишган. Жазоирда ҳалокатга учраган самолёт 1994 йилда Тошкентда ишлаб чиқарилган ва 2015 йилда Москва вилоятидаги Жуковский шаҳарчасидаги корхонада капитал таъмирлаб берилганди.

Шунингдек, Ил-76 самолётлари билан содир бўлган ҳалокатларда 1988 йилда Арманистонда 77 киши, 1989 йилда Бокуда 57 киши, 2014 йилда Украинанинг Луганск шаҳрида 49 киши ҳалок бўлган.

Бундан ташқари, 1996 йилда Ҳиндистоннинг Чархи Дадри шаҳри осмонида Қозоғистонга тегишли Ил-76 Saudi Arabian Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing 747 билан тўқнашади.

Оқибатда Ил-76' да бўлган 37 нафар экипаж аъзолари ва йўловчилар, Boeing 747’да бўлган 312 нафар экипаж аъзолари ва йўловчилар ҳалок бўлади.

Қозоғистонга тегишли Ил-76
www.planespotters.net

Бир неча ҳолатда иккита Ил-76 самолётлари ўзаро тўқнашган. Жумладан, 1987 йилда СССР ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли иккита Ил-76 Қрим яримороли яқинида бир-бирига урилади. Оқибатда ҳар икки самолёт ҳавонинг ўзида портлаб кетади ва уларнинг экипаж аъзолари ҳалок бўлади.

2009 йилда Махачқала шаҳри аэропортига қўнаётган Ил-76 ёмон об-ҳаво шароитида аэропортда турган бошқа бир Ил-76 билан тўқнашади. Оқибатда 4 киши ҳалок бўлади, 2 киши тан жароҳатлари олади. Ҳар икки самолёт таъмирталаб аҳволга келиб қолади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид:

Мавзуга оид