Ўзбекистон | 20:26 / 29.03.2024
9783
4 дақиқада ўқилади

29 мартнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Аҳолига кўчат экиш учун шароит, юз ёшдан ошган нуронийга президент совғаси, аҳоли гавжум жойларда кучайтирилаётган хавфсизлик; Фарғонада муғомбирлик учун, Тошкентда футбол майдонига югуриб чиққани учун қамалган йигитлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

Президент Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» доирасидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.

Жумладан, Нурафшон, Бекобод шаҳри, Ўрта Чирчиқ, Тошкент ва Оҳангарон туманлари ҳудудидан 34 гектар ер 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига берилади.

Ҳар 1 гектар учун маҳаллий бюджетдан 100 миллион сўм ажратилиб, томчилатиб суғориш тизими жорий қилинади. Ер тайёр ҳолга келтирилиб, дарахт экиш хоҳиши бор аҳолига ўзи истаган турдаги кўчатни экиши учун шароит яратилади.

Бу ташаббус маъқулланиб, ҳар бир вилоятда камида 20 гектардан ер ажратиб, ушбу тажрибани бошлаш топширилди. Вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарларидаги камида 2 тадан марказий кўчада маҳаллий иқлимга мос гул кўчатларини экиб, уларни тематик кўчага айлантириш муҳимлиги таъкидланди. 

КУН ФОТОСИ

Президент Шавкат Мирзиёев рамазон ойи ва яқинлашиб келаётган Ҳайит байрами муносабати билан Наманганда яшовчи 108 ёшли нуроний Иброҳимжон ҳожи ота Хўжаевга Traverse автомашинасини туҳфа қилди. 

Ўзбекистондаги ахборот ресурсларига киберҳужумлар 2,4 баробарга ошди

2022 йилда UZ доменидаги ахборот ресурсларига 4,5 млн марта киберҳужум қайд этилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 11 млнтага етган. Рақамлар кибертажовузлар 2,4 баробарга ошганини кўрсатади.

Аммо интернет тармоғининг миллий сегментида 2022 йилда 235 та, 2023 йилда эса 158 та киберхавфсизлик ҳодисаси аниқланган. Бу 2022 йилга нисбатан 32 фоизга камроқ. 

КУН РАҚАМИ

2024 йил январ-феврал ойларида савдо фаолияти билан шуғулланувчи 151 минг 387 та юридик шахс томонидан 3,7 ТРЛН СЎМдан ортиқ солиқ тўланган. 

Ўзбекистон дунё иқтисодий эркинлик индексида 6 поғона юқорилади

«Иқтисодий эркинлик индекси – 2024» рейтингида Ўзбекистон 184 та мамлакат орасида 55,9 балл билан 103-ўринни эгаллаган. Ўтган йилга қараганда фискал саломатлик (-13,2 балл) ва давлат харажатлари (-4,5 балл) масаласида аҳвол сезиларли даражада ёмонлашган.

Сўнгги ҳисоботга кўра, мамлакат рейтинги 0,6 баллга ёмонлашган бўлса-да, 6 поғонага юқорилаган ва иқтисодиёти эркин бўлмаган мамлакатлар гуруҳидан жой олган. 

Тошкент ва Самарқандда одамлар гавжум жойлар кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда

Тошкент шаҳри ИИББ ходимлар савдо мажмуалари, кўнгилочар масканлари, бозорлар ва бошқа жамоат жойларида кучайтирилган тартибда хизмат олиб бораётганини маълум қилди.

Самарқандда эса Family Park ва Makon Mall савдо-кўнгилочар мажмуалари олдида ички ишлар ходимларининг қуролланган нарядлари навбатчилиги ташкил этилган.

Тошкентда қурилиши битмаган бинонинг бетон бўлакларидан бири қулаб тушди

Тошкент шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси Қушбеги кўчасида қурилаётган кўп қаватли уй деворлари шамол натижасида қулаб тушган.

Ёлланма ишчилар томонидан объект деворларини демонтаж қилиш пайтида эҳтиётсизликка йўл қўйилиши оқибатида бетон бўлакларидан бири қурилиш майдонидан ташқарига тушгани аниқланган.

Фарғонада муғомбирлик билан ногиронлик аравачасида тиланчилик қилган йигитлар жазоланди

Йигитлар соғлом бўлса-да, ногиронлик аравачасида жамоатчилик жойларида навбати билан тиланчилик қилишган. Асли бухоролик бўлган икки йигитга 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган

Миллий жамоанинг Ҳонгконгга қарши ўйинидан сўнг тартибсизлик қилган шахслар жавобгарликка тортилди

Ўйинга финал ҳуштаги янграганидан сўнг майдонга чиқиб кетиб, тартибсизлик қилган 6 нафар боланинг ота-онаси жаримага тортилган. 2 нафар шахс 5 сутка, бир киши 7 суткага маъмурий қамоқ жазоси олган. ОФК мазкур тартибсизлик учун ЎФАни жаримага тортган.

Мавзуга оид