Ўзбекистон | 22:29 / 15.04.2024
9013
5 дақиқада ўқилади

15 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Тошкентда йиғилган вазирлар, кекса боғбонга президент совғаси, Onix олиш учун янги таклиф, Сўқоқдаги кучли сел — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

Янгиликлар шарҳи билан энди ҳафтанинг иш кунлари видеоянгиликлар кўринишида таништирамиз. 

Тошкентда Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ташқи ишлар вазирлари учрашди

15 апрел куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё республикалари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон, шунингдек, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Қатар, Кувайт ва Уммон ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Бу давлатлар раҳбарларининг илк саммити 2023 йилнинг ёзида Саудиянинг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг узоқ муддатли йўналишларини белгилаб берувчи 2023-2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режасини тасдиқлаган эди. 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Исроилга ҳаводан ҳужуми ортидан Яқин Шарқдаги вазият кескинлашувининг янги босқичидан чуқур хавотирда эканини маълум қилди.

«Мазкур минтақадаги кескинликнинг авж олиши янада жиддий оқибатларга ва кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин деб ҳисоблаймиз», дейилади вазирлик баёнотида. 

Президент сайхунободлик боғбонга Tracker автомашинасини совға қилди

Миришкор боғбон Турсунбой ота Арипов меҳнат фаолиятини 15 ёшида колхозда сувчиликдан бошлаган. Кейинроқ туманда ташкил этилган бўрдоқичилик чорва фермасида 40 йил меҳнат қилган

2011 йилда нафақага чиққач, томорқасида узумчилик билан шуғуллана бошлади. Ҳозир узумнинг ризамат, ҳусайни, келинбармоқ, шоҳонаки, кетмонсоп каби навларини кўпайтирмоқда. Отахон янги «абатар» навини пайванд қилганини айтди. 

КУН ФАКТИ

Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1 апрел ҳолатига кўра, 43 минг 327 та оилавий корхоналар фаолият юритмоқда.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, уларнинг ҳудудлар кесимидаги сони бўйича Самарқанд вилояти етакчилик қилмоқда – 7729 та. Кейинги етакчи ўринларда Хоразм ва Фарғона вилоятлари бормоқда. 

«Ўзавтосаноат» давлат ташкилотлари ходимларига Onix автомобилини фоизсиз муддатли тўловга сотиб олиш таклифи билан чиқди

«Ўзавтосаноат» АЖ томонидан Адлия вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитасига юборилган хатларида тизимда ишлайдиган ходимлар автомобил қийматининг 50 фоизини тўлаган тақдирда қолган қисмини 24 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаши мумкинлиги айтилган.

Сотуви 2022 йилнинг 1 ноябридан бошланган Onix седани кутилган даражада харидоргир бўлмади. Бунга автомобилнинг ваъда қилинган нархидан анча қиммат сотилаётгани сабаб бўлаётган бўлиши мумкин. 

Термизда Ўзбекистон – Ҳиндистон қўшма ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтади

Термиз ҳарбий полигонида Ўзбекистон ва Ҳиндистон Мудофаа вазирликлари бўлинмалари ўртасида «Дўстлик» қўшма ҳарбий ўқув машғулотларининг бешинчи давраси бошланмоқда.

«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, 2019 йилдан буён шу пайтгача «Дўстлик» машғулотлари ҳар икки давлатда икки мартадан ўтказилган.

Аввалгиларидан фарқли равишда навбатдаги қўшма тадбирда томонларнинг 60 нафардан ҳарбий хизматчиси иштирок этмоқда. Шунингдек, қуруқликдаги қўшинлар вакилларига ҳарбий ҳаво кучлари мутахассислари ҳам қўшилган.

Машғулотларда ҳарбий бўлинмалар ўртасида терроризмга қарши биргаликда курашиш ва бошқа операцияларни амалга оширишда мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ва жипсликни оширишга асосий эътибор қаратилади.  

Сўқоқда кучли ёғингарчилик оқибатида сел оқимлари юзага келди

Ижтимоий тармоқларда Паркент тумани Сўқоқ қишлоғида 13 апрел куни кучли сел келгани ҳақида видеотасвирлар тарқалди.

Паркент туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳеч қандай талафотлар юзага келмагани аниқланганини хабар қилди.

Ўзбекистонда ҳафта охирига бориб ҳаво ҳарорати янада кўтарилиши маълум қилинди. Бироқ тоғли ҳудудларда сел хавфи сақланиб турибди.

«Ўзгидромет» томонидан 16–19 апрел кунлари учун берилган об-ҳаво прогнозига кўра, 16 апрел куни Фарғона водийсида, кечаси ва эрталаб эса Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ёмғир ёғиши мумкин.

17–19 апрел кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва иш ҳафтасининг охирига бориб +25...+28 даражага, шимолда ва жанубда +29...+31 даражага етади.

Жорий йил 16–17 апрел кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини хавфи эълон қилинди

Мавзуга оид