22:03 / 24.04.2024
6076

24 апрел: Ўзбекистонда рўй берган асосий янгиликлари, воқеалар ва ҳодисалар

Ота талашаётган хонандалар ва Назарбековнинг танбеҳи, қурбонлар сони яширилган автоҳалокат, метан шохобчалар иш вақтини кўрсатувчи илова, араб тилида чоп этилган «Ўтган кунлар» — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.

Назарбеков ота талашаётган хонандаларни койиди

Маданият вазири Озодбек Назарбеков марҳум санъаткор, Шерали Жўраевнинг фарзандлари ва Ботир Қодиров ўртасидаги можарога муносабат билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хонанда Ботир Қодиров оталикни белгилаш юзасидан судга даъво аризасини киритгани хабар қилинган эди.

Назарбековга кўра, Шерали Жўраевнинг тириклик вақтида ҳам, оламдан ўтганидан кейин ҳам муҳокамага қўйишга на Ботир Қодировнинг ва на Шоҳжаҳон, Зоҳиршоҳ Жўраевнинг ҳаққи бор. 

«Нима бўлган тақдирда ҳам, бир буюк одамни уч тирранча ўзининг нафси, мақсади йўлида лой билан қориштириши, ҳар хил сабаблар бўлиши... Бу масалада менинг учаласига ҳам эътирозим бор. Мен учун [Шерали Жўраев] устоз ўзбек миллатининг маънавий бойлиги, бутун хонанда зотининг устози, ўзбек халқининг қаҳрамони сифатида бу одам бундай ишларга лойиқ эмасди», — деган Назарбеков

Шунингдек, вазир Жўраевларга бундай масалаларда эҳтиёт бўлиш кераклигини тушунтирганини айтган. 

Жиззахдаги автоҳалакат қурбонлари сони яширилган

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида рўй берган даҳшатли автоҳалокат оқибатида икки эмас, уч нафар ўқувчи ҳалок бўлгани маълум бўлди. Шунингдек, ҳайдовчининг ёнида кетаётган талаба қиз ҳам ҳалок бўлган.

Бироқ Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати тарқатган хабарда авария оқибатида икки ўқувчи ҳалок бўлгани айтилганди.

Аммо воқеа гувоҳларининг маълумот беришича, ўша куни 26 ёшли ҳайдовчи томонидан бошқариб келинган Chevrolet Gentra автомобили 100 эмас, камида 160 km/h тезликда аҳоли пунктида ҳаракатланиб келган ва тўрт инсоннинг ўлимига сабаб бўлган.

Шунингдек, ҳайдовчи 2023 йил декабр ойидан буён 11 марта тезлик қоидаларини бузиб ҳаракатлангани ҳам маълум қилинган эди. Айни пайтда ҳайдовчи процессуал тарзда қамоққа олинган. 

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси

Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги топ-10 давлатлар тўғрисида маълумот берилди. Унга кўра, Хитой ва Россия Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда.

2024 йилнинг дастлабки чорагида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар орасида Хитой етакчилик қилмоқда — 3 млрд доллар. Кейинги ўринда 2,8 млрд долларлик айланма билан Россия, сўнгра 937,7 млн доллар билан Қозоғистон бормоқда.

Дастлабки ўнликдан Туркия, Жанубий Корея, Франция, Германия, Туркманистон, Афғонистон ва Ҳиндистон каби давлатлар ўрин олган.

Умуман, 2024 йилнинг дастлабки чорагида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 15,8 млрд долларни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1 млрд доллар ёки 6,2 фоизга кўп.

Дарвоқе, Ўзбекистон март ойида 1,35 млрд долларлик олтин экспорт қилди. Бу кўрсаткич йил бошидан буён 2,66 млрд долларни ташкил этган. 

Метан шохобчаларни кўрсатувчи илова

Ўзбекистонда метан шохобчаларнинг очиқ ёки ёпиқ экани ва у ердаги тирбандликни кўрсатувчи мобил илова ишлаб чиқиляпти. Иловага бутун республика бўйлаб «Ҳудудгазтаъминот»дан газ сотиб оладиган 1329 та шохобча киритилади.

Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаевнинг ваъда беришича, жорий йилнинг қишигача илова ҳайдовчиларнинг қўлида бўлади.

Илова «Yandex Go» такси иловаси билан ҳамкорликда қилинаётгани учун қаерда қай даражада тирбандлик борлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам онлайн тарзда узатилади. Иловада қайси шохобча бўлмаса, демак у «Ҳудудгазтаъминот» билан шартнома тузмаган бўлади. 

Араб тилида нашр этилган дурдона

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи илк марта араб тилида чоп этилди. Китоб муқовасида Абдулла Қодирий авлодлари тавсиясига кўра, «Ўткан кунлар» романининг 1925 йилдаги илк нашри суратидан фойдаланилган.

Китобнинг тақдимоти Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида бўлиб ўтган. Китобнинг араб тилидаги номи «Ўткан кунлар: Туркистондаги аччиқ севги қиссаси» деб номланган. Асар мисрлик машҳур таржимонлар Айн-Шамс ва Муҳаммад ал-Жибали томонидан араб тилига ўгирилган.

1000 нусхада чоп этилган китобни Мисрдаги барча йирик кутубхоналар ва университетлар, таълим ва маданият муассасалари, давлат идоралари, Қоҳирадаги дипломатик корпус ўртасида тарқатиш режалаштирилган. 

Top