“Одамни итдан баландроқ кўришни бошламас экан, аёлим поездга чиқмайди” – журналист “Ўзбекистон темирйўллари” ҳақида
“Нукус–Самарқанд” йўналишида поездда йўловчи сифатида келган журналист Исомиддин Пўлатов “плацкарт”даги шароитлар ҳақида ёзиб, вагонлардаги манзарани қўрқинчли тушга ўхшатди. “Ўзбекистон темирйўллари” бу ҳақда ўйлагунча асрлар ўтиб кетмаса бўлди. Чунки “катта”ларнинг хотини, қизлари бу вагонлар ҳақида тасаввурга эга эмас, деб ёзади у.
“Жомбой тонги” газетаси бош муҳаррири Исомиддин Пўлатов ўзбекистонликларга аёли ва қизини поездга чиқармасликни тавсия қилди. У бунга сабаб сифатида поездларнинг “плацкарт” вагонларида шароит йўқлигини келтирган.
“Менга “Самарқанд–Нукус”, “Нукус–Самарқанд” йўналиши бўйича поездга чипта буюртма қилишди. Очиғи, тадбир белгилаб бўлинган, шу чиптани топишнинг ҳам ўзи бўлмади. Узоқ йўл, таксида бориш ва тадбирларда иштирок этиш одамни толиқтиради.
Хуллас, қайдасан Қорақалпоғистон, деб йўлга тушдим. Доим ҳам поездда юрган одам эмасман, “ичкаридаги ҳаёт”ни билмайман.
Купенинг юқори қаватидан жой буюртма қилишган экан. Мени чақираётган мезбон масъулнинг истиҳола билан чиптани электрон ташлаганини кейин англадим: “плацкарт” бўлиб қолди-да”, деб қўйди.
Купенинг иккинчи қаватига чиқиб жойлашиш эркак киши учун ҳам азоб. Аёлларни қўяверинг. Тор, деярли ҳаракатлана олмайсиз. Масалан, Самарқанддан Нукусга бормоқчимисиз, шу алфозда 12 соатдан ортиқ юрасиз. Тошкентдан йўлга чиқсангиз қарийб бир ярим кун. Қамоқ!
Бу узоқ масофада телефон зарурати бўлади, албатта. Қуввати ўтириб қолиш эҳтимоли юқори. Вагонда қувватлаш учун шароит йўқ. Жуда муҳтож бўлсангиз, ҳожатхонага кириб, телефонни қувватлаб оласиз. Ажойиб-а?! Сиз ҳожатхонада телефон қувватлаяпсиз, қолганлар ташқарида сизни интиқ кутишяпти.
Ҳамроҳларимнинг айтишича, қайсидир қимматроқ вагонларда қувватлаш учун шароит бор экан. Ўша гап, мажбуран ё пулингиз камроқ бўлгани учун чипта олдингизми, чидайсиз. Сиз одам эмассиз. Паст табақасиз. Қаранг, атиги зарядлаш қурилмаси... Қадрингга йиғлагинг келади одам.
Ҳожатхонада қоғоз йўқ. Бир марта қўйилади, қўпол бўлсаям улгуриб қолсангиз бахтингиз.
Поездга масалан, мен аёлим ё қизим билан чиқмайман. “Ўзбекистон темирйўллари” одамни итдан баландроқ кўришни бошламас экан, аёлим поездга чиқмайди.
Узоқ йўл. Ҳамма бироз ҳордиқ чиқаришни истайди. Иссиқ. Аёлми-эркакми, чўзилиб ётади. Енгилроқ кийинади, вагон бўйлаб ҳаракатланади. Хунук манзара. Кўзингиз чидамайди. Аёллар, қизлар ноқулай ҳолатда ётиб кетишга мажбур. Купелар ёпилмаган, бир аёлнинг ноқулай ҳолатда ётганини бутун вагондаги эркаклар бемалол томоша қилади.
Негадир одамлар вагонга кирган заҳоти уятни унутадигандек. Мажбурлик ва озгина бефаросатликдан деб ўйладим буни.
Тўғри, вагон иссиқ, совитиш тизими йўқ. Лекин ҳаё терлаб кетишдан, ноқулайликдан баландроқ нарса. “Ўзбекистон темирйўллари” бу ҳақда ўйлагунча асрлаб ўтиб кетмаса бўлди. Чунки “катта”ларнинг хотини, қизлари бу вагонлар ҳақида тасаввурга эга эмас. Қўрқинчли туш бу жой.
Хуллас, анави купенинг иккинчи қаватига чиқишни истамасангиз, “проводник”ларга мурожаат қилинг. Улар сизга қайсидир вагондан жой топиб беришади. Купенинг паст қаватида кетиш учун яна 150 минг тўлайсиз. Кўнсангиз шу, бўлмаса йўқолинг!
Етмишларга яқинлашган онахон Навоий вокзалига келганда “Жойим тепада, ўғлим, пастда бўлсангиз алмашайлик. Ҳозир зўрға пастга тушиб олдим. Ҳамма ерим қақшаяпти”, дея нолияпти. Мен нафас олишга қийналган ковакда унинг ҳоли нима бўлганини тасаввур қилдим. У Тошкентгача кетиши керак.
Энг ажойиби энди: 2024 йил 2 май куни Нукусдан қайтишда, Хоразм вилоятининг аллақаеридадир чўлда поезд бузилиб қолди. Тахминан соат 20:10 лар эди. Алоқа йўқ. Қарийб 40 дақиқа давомида ёрдамчи паровоз келишини кутдик. У бизни судраб, маълум масофага олиб борди. Яна 20 дақиқа уринишлардан сўнг, биз юрдик. На кимдир изоҳ берди, на ташкилот номидан узр сўралди”, деб ёзган Исомиддин Пўлатов.
Журналистнинг қўшимча қилишича, поезд Самарқандга 3 май куни соат 1:43 да етиб келиши керак бўлган. Аммо у соат 3:43 келган. Нақд икки соат кеч келгани учун ҳеч ким изоҳ бермаган.
Мавзуга оид
16:15 / 19.12.2024
Поездда йўловчиларга чой, ичимлик суви ва шакар бепул берилади
10:22 / 19.12.2024
Мурманск областида икки поезд тўқнашиб кетди
10:26 / 16.12.2024
Тошкент вилоятидаги темирйўл кесишмасида поезд Damas’ни уриб юборди
10:00 / 16.12.2024