«Чегара билмас мухбирлар» халқаро нодавлат ташкилоти 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида ҳар йиллик анъанавий матбуот эркинлиги индексини эълон қилди. 2024 йил якунлари бўйича тузилган рейтингда Ўзбекистон 11 поғонага пасайиб, 180 давлат орасида 148-ўринни эгаллаган.

Халқаро кузатувчилар 2024 йил бўйича Ўзбекистондаги ОАВ эркинлиги ҳолатини 100 баллдан 37,27 баллга баҳолаган.
Методология бўйича дунё мамлакатларидаги ОАВ эркинлигининг ҳолати беш хил индикатор: сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва хавфсизлик нуқтайи назардан баҳоланган. Ўтган йил билан таққосланганда, индексда Ўзбекистоннинг ўрни сиёсий индикатор бўйича 20 поғонага, ҳуқуқий индикатор бўйича 17 поғонага, иқтисодий ва хавфсизлик индикаторлари бўйича 9 поғонага ёмонлашган. Фақатгина ижтимоий индикатор бўйича 2 поғона ўсишга эришилган.
«2016 йилда президент Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин оммавий ахборот воситалари учун вазият бирозгина яхшиланган, аммо давлат ҳокимиятини танқид қилиш қийинлигича қолмоқда», – дейилади ҳисоботда.
«Чегара билмас мухбирлар» Ўзбекистондаги вазиятни тасвирлар экан, расмийлар оммавий ахборот воситаларига қарши репрессив қонунларни тугатиш учун зарур бўлган ислоҳотларни ҳалигача амалга оширмаганини қайд этган. Цензура, кузатув ва ўз-ўзини чеклаш кенг тарқалган. Мустақиллигини сақлаб қолиш ва катта жаримага тортилиш хавфи остида айрим маҳаллий интернет нашрлар ОАВ сифатида расман рўйхатдан ўтишни истамаслиги келтирилган. Давлат ОАВ ва ҳукумат билан алоқаларга эга бир неча блогерларни сезиларли даражада назорат қилишига ҳам урғу берилган. Шунингдек, расмий матбуот ёритолмайдиган мавзулар ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиниши, аҳолининг 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этувчи мамлакатда ижтимоий тармоқлар расмий ОАВда кам ёритиладиган коррупция муаммоси ҳақида ахборот алмашиладиган майдонга айланганига урғу берилган.
«Чегара билмас мухбирлар» блогер Отабек Сатторий иши ва 2022 йил ёзида Қорақалпоғистондаги намойишларни ёритган журналистларга нисбатан бўлган босимни ҳам эслаб ўтган.
Индексда мамлакатлар сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият «яхши», «қониқарли», «муаммоли», «оғир» ва «жуда жиддий» гуруҳларга бўлинган. Экспертлар Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича вазиятни «оғир»дан «жуда жиддий»га ўзгартиришган.
















