Жаҳон | 13:27 / 29.05.2024
4979
2 дақиқада ўқилади

Норвегияда Россиядан сайёҳларнинг мамлакатга келишига тақиқ кучга кирди

Қоида 29 майдан кучга кирди. Норвегия россияликларга мамлакатга сайёҳлик сафарларини ҳам, Россия Федерациясидан сайёҳларнинг Шенген ҳудудидаги бошқа мамлакатларга транзитини ҳам тақиқлади.

Фото: Janis Laizans / Reuters

29 май куни россиялик сайёҳларнинг Норвегияга киришига тақиқ амал қила бошлади. Бундан ташқари, россияликлар учун Норвегия орқали бошқа Европа мамлакатларига транзит сафарлари тақиқланган. Ослодаги ҳукумат бу чорани ўтган ҳафта эълон қилди.

Норвегия расмийларига кўра, тақиқ талаба ёки иш визасига эга бўлган россияликларга, чегарада резидентлик гувоҳномаси эгаларига, Шенген мамлакатларида яшаш учун рухсатномага эга бўлганларга, шунингдек, Норвегияга қариндошларини кўриш учун кетаётганларга тааллуқли эмас.

Шу билан бирга, Норвегия ва Шенген зонаси мамлакатлари томонидан берилган кўп йиллик туристик визага эга бўлган россияликларга мамлакатга кириш тақиқланиши мумкин.

2022 йилда Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан кейин Норвегия россияликларга туристик визалар беришни тўхтатди. Адлия вазири Эмили Энгер айтганидек, Норвегия ҳукумати Украинадаги уруш давом этаётган бир пайтда «руслар Норвегия ва бошқа Шенген мамлакатларига шунчаки турист сифатида ҳеч қандай сабабсиз саёҳат қилишларини» истамайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид