Жаҳон | 22:30 / 02.07.2024
10419
11 дақиқада ўқилади

“Толибон” билан муросага қадам: Доҳадаги анжуманда нималар гаплашилди?

Қатар пойтахти Доҳада, БМТ шафелигида Афғонистон бўйича махсус элчилар ва “Толибон” вакилларининг икки кунлик учрашуви бўлиб ўтди. Хўш, анжуманда қайси мавзулар муҳокама қилинди? Бу учрашувлар “Толибон”нинг халқаро тан олиниши бошланганини билдирадими?

“Геосиёсат”да мавзу атрофидаги саволларга сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Ҳамза Болтаев жавоб берди.

— Тан олинмаган «Толибон» ва халқаро ҳамжамият учун Доҳадаги учрашувнинг асосий мақсади нима эди?

Ҳамза Болтаев: — Бу сафаргиси учинчи давра суҳбатлари бўлди. БМТ бош котиби томонидан илгари сурилган ғоя бу, 2023 йил май ойида биринчи муҳокамалар бўлганди, иккинчиси жорий йил бошида бўлди. БМТ ва «Толибон» расмийлари позициялари ўртасида фарқлар бор.

БМТ Афғонистон ичида, қўшни давлатлар билан муносабатларда тинчликни таъминлаш; халқаро ҳамжамият билан интеграцияни кучайтириш, инсон ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқларини таъминлашни талаб қиляпти.

«Толибон» эса биз Афғонистоннинг молиявий тизими ва банк тизимидаги чекловларни камайтириш ва шу соҳаларни муҳокама қилмоқчимиз, дейди. Иккинчиси, наркотик моддаларни етиштиришни тақиқлаш бўйича, шу йўналишда халқаро ҳамжамият кўмагида муаммога ечим топиш. Учинчиси, «Толибон» билан ўзаро ҳамкорликларга расмий ном бериш.

Илгари халқаро ҳамжамият «Толибон»ни тан олмаймиз деб шартларига кўнмаган бўлса, бугун «Толибон» ўз шартлари бўйича халқаро ҳамжамиятни музокараларга жалб қила оляпти. Қайсидир маънода бу «Толибон»нинг талаблари билан ҳисоблашиш бошланганининг бир кўриниши.

Бу «Толибон»ни тан олиш учун учрашув эмас. «Толибон»ни сиёсий куч сифатида тан олиш статик ҳолат эмас, бу жараён. Жараён шундай бўляптики, «Толибон» биринчи суҳбатга жалб қилинмади, иккинчисига жалб қилишга ҳаракат қилишди, лекин ҳаракат бунга кўнмади, учинчисида эса «Толибон» қатнашди ва унинг талаблари муҳокама қилинди.

— «Толибон»нинг талаби нима ва БМТ билан келиша олмаётган нуқталар қайсилар?

Камолиддин Раббимов: — «Толибон» 3 йил олдин ҳокимиятга келганидан бери унга нисбатан халқаро ҳамжамият муттасил бир қанча талаблар қўйиб келади: хотин-қизлар ҳуқуқини таъминлаш, инклюзив ҳокимият шакллантириш ва бошқа бир қанча талаблар. Талаблардан яна бири – бундан буён Афғонистон террорчи гуруҳлар учун макон бўлмаслиги, барқарор ривожланиши керак. Бу бўйича «Толибон» ваъда берган. Наркотик моддалар етиштириш, сотишни чеклаш бўйича жонбозлик кўрсатяпти.

Бугунги кунда халқаро ҳамжамият «Толибон»ни де-факто Афғонистон ҳокимияти сифатида кўряпти. Ўтган 3 йилда «Толибон» ўзини масъулиятли, Афғонистонни яхлит бошқараётган куч сифатида кўрсата олди. «Толибон» ҳокимиятга келса, оммавий, кескин репрессиялар бўлади, этник тўқнашувлар авж олади деган тасаввур бор эди. Ўтган 3 йилда Афғонистонга берилаётган халқаро ёрдам кўлами анча камайди. Лекин ижтимоий портлаш бўлгани йўқ, яъни «Толибон» ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун ижтимоий йўналтирилган сиёсатни амалга оширишга ҳаракат қиляпти. Албатта, вазият ҳозир ҳам танг, озиқ-овқат инқирози бор, очарчилик, тўйиб овқат емаслик бор.

«Толибон» ҳокимиятини сақлаб қолиш учун Доҳадаги учрашувларда 2 масала қўйди. Биринчиси, мамлакатга гуманитар ёрдам берилиши керак.. Чунки агар ижтимоий портлаш бўлиб, фуқаролар уруши бошланса, бу ҳеч кимнинг манфаатига тўғри келмайди. Ўзбекистон ҳам шу позицияда. Иккинчиси, инвесторларни олиб кириш, катта лойиҳаларни амалга оширишга ҳаракат қиляпти. «Толибон»нинг бу ҳокимияти анча прагматик сифатида ўзини кўрсатяпти.

— Санкциялар ечилишига ишониш мумкинми?

Ҳамза Болтаев: — Воқеалар жараёни шуни кўрсатяптики, халқаро ҳамжамият қатъий позицияларидан юмшаб, «Толибон» билан муроса қилиш, суҳбатлар ўтказиш йўлидан боряпти, буни ўзгаришлар бошланиши дейиш мумкин. Агар шундай давом этса, Афғонистонга қўшни давлатлар унинг ҳокимиятини тан олиши мумкин. Масалан, Хитой билан муносабатлари яхши. Хитой Ғарбнинг позициясига тескари позиция билдиради, шу кузатиляпти. Си Жингпинг Афғонистоннинг Хитойдаги элчисидан ишонч ёрлиғи олди. Марказий Осиёда ҳам Қозоғистон, Туркманистон билан муносабатлар яхшиланяпти, кескин қараган Тожикистоннинг ҳам муносабати ўзгаряпти. Россия ҳам «Толибон»га нисбатан муносабати ўзгаряпти. Барча тенденциялар келажакда «Толибон»нинг тан олиниши ёки прагматик ҳамкорликни йўлга қўйиш сари кетяпти.

— «Толибон»нинг Доҳадаги учрашувларда иштирок этиши халқаро тан олинишнинг бошланиши дейиш мумкинми?

Камолиддин Раббимов: — Жараён кетяпти, қудратли давлатлар икки лагерга бўлинган. АҚШ ва Ғарбий Европа бошқа масалалар билан банд, лекин «Толибон» борасидаги ветолари нисбатан юмшаган. Чунки «Толибон» ҳокимиятга келганда катта репрессиялар, чайқалишлар бошланади, деган фикр бор эди. 1996-2001 йиллардаги «Толибон» ҳокимияти модернизм, глобаллашувга, масалан телевидениега қарши курашганди. Бугунги «Толибон» бундай қилмаяпти.

Иккинчидан, АҚШ «Толибон» билан 20 йил уришган бўлса ҳам, унинг Афғонистонга таъсири анча юқорилигича қоляпти. Бир неча ой олдин Қатар орқали Эроннинг музлатилган пулларининг бир қисми қайтарилди. «Толибон» билан ҳам мулоқот кетяпти, ўша музлатилган 7 млрд долларни «Толибон»га қайтариш эҳтимоли ошиб боряпти. Афғонистонга берилаётган ёрдам ҳам тўлиқ тўхтагани йўқ, озми-кўпми ёрдам бериляпти.

Ўзбекистоннинг стратегик манфаатларидан бири – Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик бўлиши. Шунда бизнинг жанубий логистик йўлимиз очилади. Бу Россиянинг логистика монополиясидан чиқишнинг бир йўли.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, Афғонистонда миллионлаб ўзбеклар яшайди, улар диаспора эмас, улар олдиндан ўша ерда яшайдиган ўзбеклар. Алишер Навоий ҳам ҳиротлик бўлган. Афғонистонда камида 6-7 млн ўзбек бор дейилади, лекин этник ўзбек бўлган «Толибон» вакили BBC'га берган интервьюсида мамлакатда 10 млндан ортиқ ўзбеклар борлигини айтган.

Ҳамза Болтаев: — «Толибон»га Ўзбекистоннинг муносабати қандай бўлиши керак? Ҳозирги расмий сиёсатимизни қўллайман, лекин бизда кичик давлатлар комплекси бор, деб ўйлайман ташқи сиёсатимизда. Яъни катта давлатларнинг хатти-ҳаракатига қараб иш кўриш бордек туюлади менда. Бу билан кескин ҳаракат қилиш керак демаяпман. Икки давлат ўртасидаги муносабатларда ташаббускор бўлиб, ҳаракат қилишимиз керак бўлган жиҳатлар бор. Масалан, Қўштепа канали масаласи. Бу бўйича сувдан фойдаланишни тартибга солиш учун бизнинг муносабатларга чекланган расмийлик берилиши керак. Тан олиш эмас, чекланган расмий тус бериш орқали шу ишни амалга оширишимиз керак. Яъни бунда мақсадли равишда бир масалага расмий ном бериш бўлади. Тарихда халқаро муносабатларда бундай ҳолат бўлган.

Камолиддин Раббимов: — Турли доирадаги расмийларимиз «Толибон» билан доимий мулоқотда-ку, фақатгина президент даражасида мулоқот бўлгани йўқ.

Ҳамза Болтаев: — Айнан ўша Қўштепа канали масаласида расмий мажбурият юклашимиз учун расмийлик мақоми керак.

Камолиддин Раббимов: — Икки томондан Қўштепа канали бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, интенсив музокаралар кетяпти бу масалада.

Ҳамза Болтаев: — Қониқмаётганим шундаки, бунда томонлар бир-бирига мажбурият юкламайди. Айни шу масалада муносабатларга расмий тус бериш керак. Кимнингдир қадамини кутиб ўтирсак, биз ютқазамиз. Жуда ҳам муҳим масала бу.

— Доҳадаги учрашувлардан бирор реал натижа кутиш мумкинми?

Камолиддин Раббимов: — Бирор бир сиёсий кучни тан олиш жараён бўлади. «Толибон» билан мулоқот кетяпти, 3 йил давомида репутацияси шаклланди. Улар келишувга бормайдиган масалаларни очиқ айтяпти, яъни бизнинг қарашларимиз, кодексимиз бор деяпти. Лекин улар қилаётган ишлар Исломга ҳам тўғри келмайди. Масалан, хотин-қизларни таълим олишдан маҳрум қилиш бошқа ислом давлатларида йўқ. Бу нарса фақат пуштунларнинг талқини, тўлиқ «Толибон»нинг ҳам эмас. Лекин бу тафаккур ўзгариб боради, тарихда бундай ўзгаришлар бўлган. Яъни консерватив кучлар ҳокимиятга келгач, бошида ҳамма нарсани кучли назоратига олади, лекин вақт ўтиши билан тафаккури ўзгаради.

Доҳа учрашувларида 2 та формат бўлди: «Толибон» билан марказий учрашувлар ва ўша учрашувлар атрофидаги гуруҳлар учрашуви. У ерда инсон ҳуқуқлари фаоллари, собиқ Афғонистон ҳукумати вакиллари, халқаро ташкилотлар иштирок этди.

«Толибон»ни тан олиш – ҳозир жараёнда. Дунёда қутблашув кетяпти: АҚШ ва унинг иттифоқчилари ва глобал жануб. Глобал жануб Афғонистонни тан олишга яқинроқ турибди.

Ҳамза Болтаев: — Доҳадаги учрашувларнинг олдингиларида Ғарб давлатлари ва бошқа давлатлар талаб қилаётган хотин-қизлар ҳуқуқи, инклюзив ҳукумат кабилар олдинга сурилган, ҳозиргисида эса «Толибон» илгари сураётган масалалар кўриляпти. Бу эса тан олиш ёки ҳамкорликка қараб кетаётган тенденция ривожланишини кўрсатади.

Лекин «Толибон» айбсиз ҳукумат эмас. Аёллар учун таълим чекланиши, чет элга чиққан аёллар турмуш ўртоғи ёки оиладаги бирор эркак билан чиқиши, аёлларнинг халқаро ташкилотларда ишлаши, тўгарак ва шунга ўхшаш жойларга бориш тақиқланган. Бу нарса исломга ҳам, Афғонистоннинг ўзининг тарихий қадриятларига ҳам тўғри келмайди.

«Толибон» ҳукуматида ҳам бўлиниш бор. «Толибон»нинг юқори диний уламолари ўзининг кайфиятига қараб қарорлар чиқаради одатда. Покистон, Туркия, Хитойда «Толибон» ва Афғонистон вакиллари билан суҳбатимизда улар айтишдики, кўпгина «Толибон»нинг юқори мансабдорлари ҳам хотин-қизларга бўлаётган бу чекловлардан норози. Бу норозилик энг юқоридагилар томонидан бостириб турилибди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери