Жаҳон | 15:50 / 28.07.2024
25574
4 дақиқада ўқилади

Исроил футбол майдонидаги ўлимлар учун «Ҳизбуллоҳ»га қарши жавоб зарбалари йўллади

Исроил «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг Ливандаги объектлари бўйлаб авиазарбалар йўллади, бу Исроил томонидан оккупация қилинган Жўлан тепаликларига ракета зарбаси оқибатида 12 нафар ўсмир ва ёш йигитлар ҳалок бўлганига жавобан амалга оширилган. Маҳаллий расмийларга кўра, футбол майдонига ҳужум оқибатида ҳалок бўлганларнинг ёши 10 дан 20 ёшгача бўлган.

Фото: Reuters

Исроил ҳукумати Маждал-Шамс туманидаги футбол майдонида рўй берган ҳодиса учун жавобгарликни Ливандаги шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати зиммасига юклаган. Ҳарбий гуруҳ эса ушбу ҳолатга алоқадорлигини рад этган.

Якшанбага ўтар кечаси Исроил мудофаа армияси матбуот хизмати исроилликларнинг ҳарбий-ҳаво кучлари Ливаннинг ичкари ҳудудларида «Ҳизбуллоҳ» объектлари бўйлаб зарбалар йўллангани ҳақида хабар қилган. Ҳозирча бу зарбалар оқибатлари ҳақида маълумот йўқ.

Эскалация Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида кенг кўламли урушга айланиши мумкин, 2023 йил октябрида Ғазода уруш бошланганидан кейин икки томон ҳам бир-бирини мунтазам равишда ўққа тутиб келмоқда.

The Times of Israel хабарига кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу рўй берган ҳодисани изоҳларкан, мамлакат «бунга жим қараб турмаслиги»ни айтган, мудофаа вазири Йоав Галант эса «душманга кучли зарба берилиши»ни ваъда қилган.

Исроил мудофаа армиясидагилар тасдиқлашича, тунги зарбалар қурол омборлари ва «террорчилик инфратузилмалари» бўйлаб берилган.

«Ҳизбуллоҳ» медиа-офиси раҳбари Муҳаммад Афиф эса ҳаракат Исроил шимолидаги «Маждал-Шамсда рўй берган ҳодисага қандайдир алоқадорлиги»ни рад этган ва барча айбловлар ёлғонлигини айтган.

У футбол майдонида одамлар ҳалок бўлишига исроилликлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси парчалари тушишини сабаб қилиб кўрсатган.

Ушбу фожиадан бироз олдинроқ «Ҳизбуллоҳ» тўрт зарба, хусусан, Хермон тоғи этагидаги «Хермон» бригадаси ҳарбий штабига йўлланган зарба учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди. База портлаш рўй берган футбол майдонидан тахминан уч километр масофада жойлашган.

Одамлар ҳалок бўлган жойга келган ЦАҲАЛ спикери Даниэл Ҳагари «Ҳизбуллоҳ» ҳодисага алоқадорлигини инкор этиб, алдаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, зарба эронликлар ишлаб чиқарган ва «фақатгина „Ҳизбуллоҳ“га тегишли бўлга»  Falaq-1 ракетаси билан берилган.

Болалар ва ўсмирлар ҳалок бўлган Маждал-Шамс туманида друзлар истиқомат қилади. Исроилдаги друзлар раҳнамоси, шайх Муафақ Тариф футбол майдонида одамлар ўлимини «мумкин бўлган барча қизил чизиқлар»ни босиб ўтадиган «даҳшатли қон тўкилиши» деб атаган.

Исроил друзлари етакчиси Муафақ Тариф Маждал-Шамсда одамлар ҳалок бўлган жойда. Фото: Reuters

«Нормал давлат ўз фуқаролари ҳамда аҳолиси доимий равишда зарар кўришига йўл қўя олмайди. Шимолий ҳудудларда бу тўққиз ойдан буён давом этмоқда», — деган у.

Ливан ҳукумати қисқача баёнот билан чиқди ва тинч аҳоли вакилларига қарши ҳар қандай зўравонлик ва тажовузкорлик ҳаракатларини қоралашини билдириб, барча фронтларда ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. 

БМТнинг Яқин Шарқдаги тинчлик жараёни бўйича махсус координатори Тор Веннесланд Маждал-Шамсга ҳужумни қоралаган ва томонларни тийилишга чақирган.

«Яқин Шарқ ҳалокат ёқасида турибди; дунё ва минтақа мамлакатлари яна бир очиқ можарога йўл қўймаслиги керак», — дея ёзган у X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид