1933 йилдан 1945 йил май ойигача Германияни бошқарган Ҳитлер жуда миллатчи бўлган. У немисларни олий ирқ деб эълон қилган ва бошқалар бу миллатга хизмат қилиши керак деб ҳисоблаган.

1931 йилда ҳали Ҳитлер Германия тепасига келмасидан аввал Халқаро олимпия қўмитаси 1936 йилда ўтказилиши лозим бўлган олимпия ўйинлари мусобақасини Берлинга беради.

Ўшанда мусобақаларни ўтказишга Барселона, Рим, Мисрнинг Искандария, Венгрия пойтахти Будапешт, Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес, Ирландия пойтахти Дублин, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро, АҚШдаги Луизиана шаҳарлари даъвогар бўлишади.

Сўнгги овоз беришгача даъвогарлар рўйхатида фақат иккита шаҳар – Берлин ва Барселона қолади. Шунда қўмита аъзолари Берлин фойдасига овоз беришади.

Орадан икки йил ўтгач, 1933 йили Германияда ўтказилган сайловларда национал-социалистлар партияси вакили бўлган Адолф Ҳитлер ғалаба қозонади ва канцлерга айланади.

Ҳитлер Германия раҳбари бўлгач ўзининг нацистик ғояларини тарғиб қила бошлайди ва немисларни олий ирқ деб эълон қилади. Унинг ғояларига кўра дунёдаги барча миллатлар немисларга бўйсуниши ва хизмат қилиши керак эди.

Ҳитлернинг бундай ғоялари аксарият давлатларни ташвишлантира бошлайди ва улар халқаро олимпия қўмитасидан 1936 йилда ўтказиладиган мусобақаларни Берлиндан олиб қўйишни талаб қилишади. Бироқ қўмита бунга жазм қила олмайди.

Қўмита журъатсизлик қилгач, дунёнинг турли бурчакларида Берлин олимпиадасини бойкот қилишга чақириқлар бошланади. Жумладан, 1936 йилда Парижда Олимпия ғояларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро конференция ўтказилади.

Унинг қатнашчилари дунё давлатларидан Ҳитлернинг нацистик сиёсатига қарши Берлин олимпиадасини бойкот қилишни сўраб чиқишади. Бироқ уларнинг бу чақириғига ҳеч ким ижобий жавоб бермайди. Фақат Испания ва Литва Берлин олимпиадасини бойкот қилади.

Берлиндаги стадионда ўтирган одамлар Ҳитлерни олқишламоқда.

Бойкотга чақириш наф бермагандан сўнг Париж конференцияси қатнашчилари Барселонада Берлин билан бир вақтда “Халқ олимпиадаси” деб номланган мусобақа ўтказишга қарор қилишади. Бироқ Барселонага ҳеч ким спортчиларини юбормайди ва оқибатда бу мусобақа ўтказилмайди.

Берлинда мусобақалар бошланар экан, АҚШ терма жамоасидаги қора танли спортчилар масаласи мавҳум эди. Ўшанда америкаликларда нацист немислар қора танли спортчиларга ҳужум қилиши мумкин деган хавотир бор эди. Бироқ бундай ҳолат юз бермайди.