Ўзбекистон | 22:40 / 01.08.2024
7850
5 дақиқада ўқилади

1 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Нархлари кескин кўтарилган газ ёқилғиси, пойтахтда пиёдаларга ноқулайлик учун ажратилаётган миллиардлар, инсонлар ўлимига сабаб бўлган мудҳиш автоҳалокатлар, кондиционери ишламаган поезд вагони учун жорий қилинган компенсация — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Газ нархи кескин ошди

Пропан нархлари 25 фоизгача ошди. Рақобат қўмитаси бу бўйича текширув бошлади.

Июл ойи давомида биржа савдоларида суюлтирилган газнинг 1 тоннаси 6 млн сўмдан 7,5 млн сўмгача ёки 25 фоизга қимматлашгани маълум қилинмоқда.

Пропан нархи ёқилғи қуйиш шохобчаларида ўртача 4800-5000 сўмдан 6000-6200 сўмгача қимматлашгани айтилмоқда. Бу биржада нархлар ошгани ортидан рўй берган.

Рақобат қўмитаси биржа орқали реализация қилиниши белгиланган суюлтирилган газ маҳсулотининг қўйилиши ва сотилиши юзасидан тегишли ўрганишларни олиб бориб, қўшимча ахборот берилишини маълум қилди.

Шунингдек, 1 августдан эътиборан сиқилган табиий газ — метан нарихига ёқилғи тўлдириш шохобчаларда қўйилган чеклов муддати якунига етди ва бу турдаги ёқилғи нархи ҳам кўтарилди.

Аввалроқ, метан гази учун энг баланд нарх белгилаш муддати тугаши фонида нархлар 3750 сўмдан республиканинг турли ҳудудларида 3950 – 4250 сўмгача кўтарилгани хабар қилинганди.

Нархлар статистикаси

Статистика агентлигига кўра, июл ойида 0,3 фоизлик мавсумий дефляция қайд этилган. Йил бошидан буён истеъмол нархлари индекси 4,9 фоизга ўсган.

Истеъмол секторидаги нархларнинг йиллик ўсиши 10,5 фоизни ташкил этмоқда. Охирги бир йилда дори-дармонлар нархи 22 фоизга ўсган, хизматлар соҳасидаги инфляция 28 фоизга етган. Статистика органи ўтган ойда гўшт маҳсулотлари 1,1 фоизга қимматлашгани, бензин нархлари 0,7 фоизга тушганини қайд этди.

Статистика органи ўтган ойда бензин нархи ўртача 0,7 фоизга тушганини қайд этган. Шу билан бирга, июлдаги бензин нархлари бир йил олдингига нисбатан 20 фоизга юқори. Июлда пропан 1,9 фоизга, йиллик ҳисобда 16 фоизга қимматлашган.

Мудҳиш автоҳалокатлар

Йўлларда мудҳиш авоҳалокатлар туфайли инсонлар ҳалок бўлиши тўхтамаяпти.

Каттақўрғон туманида 4 ва 7 ёшли қизларини велосипедга миндириб, йўл четида ҳаракаланиб келаётган отани маст ҳолатда Nexia машинасини бошқариб келган ҳайдовчи уриб юборган. Оқибатда ота ва эндигина 4 ёшга кирган кичик қиз воқеа жойида вафот этган. Ҳайдовчи қамоққа олинган. Воқеа 14 июл куни Боғот маҳалласида содир бўлган.

Қамчиқ довонида бугун содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши ҳалок бўлди. Юк автомобили бошқарувни йўқотган ҳамда қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, Кобалт ва Матиз машиналари билан тўқнашган. Оқибатда юк машинаси ва Матиз жарликка қулаган.

Андижон вилояти Балиқчи туманида содир бўлган аварияда ҳайдовчи ҳалок бўлди. “Нексия-2”ни бошқариб келаётган 61 ёшли ҳайдовчи асосий йўлдан келаётган “Зил-130” юк машинасини ўтказиб юбормасдан чапга бурилган. “Зил” ҳайдовчиси тормоз босишга улгурмай, “Нексия-2” билан тўқнашган. Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган “Нексия-2” ҳайдовчиси шифохонада вафот этган.

Пиёдаларга ноқулайлик учун 107 млрд

Тошкент шаҳрида 20 та ерусти пиёдалар ўтиш жойларини қуриш учун 107,2 млрд сўм талаб этилади.

Тошкент шаҳар халқ депутатлар кенгашининг 31 июлдаги қарори билан дастлабки қурилиш ишларини бошлаш учун 53,6 млрд сўм ажратилди. Пуллар маҳаллий бюджетнинг 2024 йилги қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилади. Умумий ҳисобда 25 та ерусти пиёдалар ўтиш жойлари барпо қилиниши кутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, шаҳарда жами 25 та шундай иншоотлар барпо қилиниши режа қилинган. Кенгашнинг илк ҳисоб-китоблари билан шунинг 20 тасини қуриш учун 107 млрд 258 млн 3 минг сўм пул сарфланиши талаб қилинади.

Урбанистлар ва фаоллар Тошкент шаҳар кенгашининг бу қарорини ижтимоий тармоқда қаттиқ танқид остига олиб, ерости ва ерусти ўтиш жойлари пиёдалар учун катта ноқулайлик келтириб чиқариши ва одамлар боридан ҳам фойдаланишда қийналаётганини қайд этишган.

Кондиционери ишламаган поезд чиптаси учун компенсация

Рақобат қўмитаси бир гуруҳ санъаткорлар чиққан купеда ҳаво совитиш тизими ишламагани юзасидан ўрганишларини маълум қилди. Эндиликда купе типидаги вагонларнинг ҳаво совитиш тизими учун тўлов ундирилмайди, пуллар чипта нархидан чегириб қолинади.

Яъни совитиш тизими хизматлари учун ҳам чиптага тўлов қилинган, аммо йўловчи поездларида ҳаракатланган пайтда кондиционер ишламаса ва бу ҳолат ўз тасдиғини топса, йўловчиларга ҳаво ҳароратини мўътадиллаштириш ва совитиш тизимлари ишламаганлиги учун тегишли миқдордаги пул маблағлари компенсация сифатида қайтариб берилади.

Шунингдек, 19 июль санасидан купе типидаги вагонларнинг ҳаво совитиш тизими учун тўлов ундирилмайди, чипта нархидан чегириб қолинади.

Мавзуга оид