Ўзбекистон | 22:25 / 05.08.2024
6136
5 дақиқада ўқилади

5 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Остонда ўтказилаётган “Заковат” беллашувлари, 20 йилга “кесилган” “Сайидазиз медгородок”, Ўзбекистонга қайтаётган жазирамали кунлар, июл ойи учун “ош индекси” — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Саидазиз медгородок”ка ҳукм ўқилди

Жиноят олами ва кўча-кўйда “Саидазиз медгородок” номи билан танилган шахс 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Юнусобод туман суди Саидазиз Саидалиевни 20 йилга озодликдан маҳрум этди. У товламачилик, фирибгарлик, жиноий уюшма ташкил этиш ва бошқа моддалар билан айбдор деб топилиб, умумий тартибли колонияда жазо ўташи белгиланди.

Суд мажлисида яна 28 кишига нисбатан ҳукм ўқилган.

Саидазиз Саидалиев 2023 йилнинг 2 декабр куни қўлга олингани маълум қилинганди. 37 ёшли Саидалиев спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига тўплаб, бир қатор жиноятларни содир этганликда айбланган. Хусусан, қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахсларнинг муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш эвазига моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиш, таҳдидлар йўли билан пул маблағларини ноқонуний қўлга киритиш шулар жумласидан.

Июл ойида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ҳам 20 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Заковатчи”лар — Остонада!

Бугун, 5 август куни Остона шаҳрида “Zakovat Asian Cup” халқаро турнири ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистон жамоалари беллашади.

Турнирда Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева ва Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов иштирок этмоқда.

Остонадаги Оқўрда қароргоҳида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Саида Мирзиёевани қабул қилди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Тўқаев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларига тўхталиб, президентлар администрациялари ўртасида яқин алоқалар ўрнатиш орқали юқори даражадаги сиёсий мулоқотни самарали кенгайтириш муҳимлигини қайд этган.

Ахборот-мафкуравий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида, шунингдек, ёшлар сиёсати соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Қозоғистон раҳбари Остонада «Заковат» халқаро интеллектуал ўйинлари ўтказилишини қўллаб-қувватлаган ҳамда бу каби тадбирлар халқларнинг маданий яқинлашувида муҳим аҳамият касб этишини қайд этган.

Жазирамали кунлар қайтмоқда

Ҳафта ўртасида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 45 даражагача исиши кутилмоқда. «Ўзгидромет» Ўзбекистон бўйича 6-8 август кунлари кутилаётган об-ҳаво прогнозини эълон қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечалари +22...+27 даража, 6–7 август кунлари кундузи +38...+43 даража, 8 августда +36...+41 даража бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечалари +23...+28 даража, кундузи 6 августда +35...+40 даража, баъзи жойларда +42 даражагача; 7 августда +35...+40, 8 августда +38...+43 даража, баъзи жойларда +44 даражагача бўлади.

Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечалари +21...+26 даража, 6–7 август кунлари кундузи +35...+40 даража, 8 августда +37...+42 даража бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси +23...+28 даража, 6–7 август кунлари кундузи +37...+42 даража, 8 август куни +38...+43 даража, баъзи жойларда +45 даражагача бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечалари +20...+25 даража, 6–7 август кунлари кундузи +34...+39 даража, 8 август куни +36...+41 даража бўлади.

Энг арзон ош қаерда?

Статистика агентлиги июл ойида Ўзбекистонда энг қиммат ва энг арзон палов қаерда тайёрлангани маълум қилди.

Унга кўра, энг қиммат палов Тошкент шаҳрида сотилган бўлиб, унинг бир порцияси 30 минг 400 сўм бўлган. Ундан кейинги ўринлардан Бухоро (29 минг сўм) ва Хоразм (28 минг 300 сўм) вилоятлари жой олган. Энг арзон ош эса Наманган вилоятида – 1 порцияси 20 минг сўмдан сотилган.

Маълумотларнинг шаклланиши жараёнида фақатгина танлаб олинган умумий овқатланиш муассасаларидаги паловнинг ўртача нархлари ҳисобга олинган бўлиб, ресторан ва чойхоналардаги нархлар инобатга олинмаган.

Андижон мудҳиш автоҳалокат

Андижонда HOWO юк машинаси темирйўл кўприги устунига бориб урилган. Йўл-транспорт ҳодисасига юк машина ҳайдовчиси бошқарув пайтида ухлаб қолгани сабаб бўлган.

Авария оқибатида темирйўл кўпригига зарар етган. Ҳеч ким, жумладан ҳайдовчи ҳам жароҳатланмаган.

Ҳолат юзасидан Андижон тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид