Жаҳон | 14:41 / 13.08.2024
8418
3 дақиқада ўқилади

Гурбангули Бердимуҳамедов таътил кунларида спорт машинасини синовдан ўтказди

Собиқ президент синовдан сўнг Австоспорт марказини бошқа ҳудудга кўчиришни буюрди. Бунга сабаб сифатида марказнинг фуқаролар тинчлигини бузаётгани кўрсатилган.

Фото: Видеодан кадр

Туркманистон собиқ президенти ва амалдаги Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов таътил вақтида Автоспорт марказида спорт машинасини ҳайдаб кўрди, деб хабар бермоқда Туркманистон давлат ахборот агентлиги. Таъкидланишича, собиқ президент “кунни одатдагидек жисмоний машқлар билан бошлаган".

Автоспорт марказида у машиналарни кўздан кечирган ва улардан бирини синовдан ўтказган.

Автомобилни ўт олдиришдан олдин, обдон тайёргарлик кўриш керак: йўлларнинг ҳолати ва ҳудуднинг иқлимий хусусиятлари, автомобилга техник хизмат кўрсатиш даражаси билан қизиқиш зарур”, — деган у.

Халқ Маслаҳати раиси “турли дрифтинг техникаларидан фойдаланган ҳолда спорткарни ҳайдаш, марказдаги трассаларини максимал тезликда кесиб ўтиш бўйича ўз маҳоратини намойиш этган”.

Шундан сўнг у Туркманистон автоспорт маркази раҳбари Р.Бегенжов билан суҳбатлашиб, ундан автоспортга қизиқувчилар сони тобора кўпайиб бораётгани, мусобақалар тизимли равишда ўтказилаётгани ҳақида ҳисобот олган.

Гурбангули Бердимуҳамедов автоспорт маркази Ашхободнинг илгари бўш ётган ҳудудида қурилгани ва бу ерда ихтисослаштирилган иншоотларнинг қурилиши ўзига хос шаҳарча шаклланишига хизмат қилганини таъкидлаган.

Қайд этилишича, ҳудудда Туркманистон Ички ишлар вазирлигига тегишли бир неча бинолар, яқин атрофда ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учун турар жой бинолари, оммавий тадбирлар ўтказиш маркази жойлашган. Қурилиш ишлари ҳамон давом этмоқда.

Учрашувда собиқ президент Автоспорт маркази биноларини кўчиришни буюрган, чунки турар жой бинолари ёнида жойлашган спорт иншоотлари ва ишлаб чиқариш мажмуалари фуқаролар тинчлигини бузмоқда. Гурбангули Бердимуҳамедов янги мажмуанинг жойлашишини аниқлаб бўлгач, бу таклифни президентга тақдим этишини айтган.

Бундан ташқари, Бегенжовга Марказда спортчиларни тайёрлаш ва “автомобилларни бошқаришда уларнинг ҳушёрлигини ошириш, йўлларда ҳаракатни мувофиқлаштиришни ривожлантириш ва йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш” топширилган.

Автоспорт маркази Чўғонли туманида жойлашган. Иншоот 2013 йилда хусусий турар жой майдони ёнидаги энг катта бозор ўрнида қурилган. 10 йилдан кўпроқ вақт давомида ҳукумат автодором шовқинидан безовта бўлган аҳолининг муаммолари ҳақида қайғурмаган эди, деб ёзади Central Asia нашри. Бироқ 2018 йилдан 2022 йилгача ҳудудда ички ишлар вазирлиги ходимлари учун коттежлар қурилган, энди марказ уларнинг тинчини бузмоқда.

Мавзуга оид