Жамият | 20:02 / 14.08.2024
6033
6 дақиқада ўқилади

14 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Оширилаётган пенсия ва маошлар, Шоҳимардонга тун-у кун ўтиш-қайтиш, янги тезюрар электропоездлар учун пуллар ва муттасил қоидабузар ҳайдовчининг аукционда сотилган Lacettiʼси — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Аввал пенсиялар, сўнгра ойлик маошлар оширилади

Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар 15 фоизга оширилади. 1 октябрдан эътиборан эса бюджет ташкилотлари ходимларининг маоши 10 фоизга, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг маоши эса 15 фоизга кўтарилади.

Бу Ўзбекистон президенти “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги янги фармонида кўрсатиб ўтилган.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар миқдори 15 фоизга оширилади.

2024 йил 1 октябрдан бошлаб бюджет ташкилотларида ишловчи тиббиёт ходимлари, шунингдек, мактабгача, умумтаълим, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ҳамда ташкилотлари, “Мурувват” интернат уйлари, болалар ва меҳрибонлик уйлари, болалар санаторияларида ишловчи педагог ходимларнинг иш ҳақи миқдори 15 фоизга; бюджет ташкилотлари бошқа ходимларининг иш ҳақи миқдори 10 фоизга оширилади;

1 октябрдан бошлаб Базавий ҳисоблаш миқдори 375 000 сўм этиб белгиланади. Бу эса жарималар миқдори ҳам ошаётганини англатади.

Шоҳимардонга бориш янада осонлашди

Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Фарғона” чегара божхона пости ҳамда Шоҳимардонга кириш қисмида жойлашган “Оқ қия” божхона пункти тун-у кун ишлаш режимига ўтказилди.

Бу эса Ўзбекистоннинг Қирғизистон Республикаси ҳудуди билан ўраб олинган эксклав ҳудудларидан бири — Шоҳимардон қишлоғига дам олишга борувчи фуқаролар учун айни муддао бўлди.

Бу ўзгаришгача мазкур постлар эрталаб соат 6:00 дан 22:00 гача ишларди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, мазкур янгилик Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг 2024 йил 18 июл куни Тошкент шаҳридаги учрашувида эришилган келишувлар доирасида амалга ошди. Қирғиз Республикаси президентининг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида томонлар икки давлат чегарасида жойлашган чегара божхона постларидан самарали фойдаланиш масаласини кўриб чиқишган эди.

Янги тезюрар электропоездлар харид қилинади

Ўзбекистонда Корея Эксимбанки иштирокида 6 та юқори тезликда ҳаракатланувчи, Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган Hyuindai электропоездларини харид қилиш лойиҳаси амалга оширилади.

“Корея Эксимбанки иштирокида “6 та юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра “Ўзбекистон темирйўллари” AЖ ва унинг таркибидаги “Темирйўлэкспресс” AЖ лойиҳани ўз вақтида, сифатли амалга ошириш ҳамда Корея Эксимбанкининг қарзларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи органлар деб белгиланган.

Ўзбекистон Миллий банки Корея Эксимбанки томонидан тақдим этиладиган қарзлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш борасида молиявий агент ҳисобланади.

Иқтисодиёт ва молия вазирига ҳукумат номидан қарзларни қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилди.

Қоидабузар ҳайдовчининг Lacetti’си аукционда сотилди

Ҳайдовчининг тўланмаган жарималари миқдори 88 млн сўмга етган. Хатланган Lacetti аукцион савдоларига чиқарилиб, 92 млн сўмга сотилган.

МИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йил феврал ойида бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан 174 та қоидабузарлик содир этган ҳайдовчининг Lacetti машинаси хатлаб олинган. Аёлга 174 та маъмурий жаримадан қарийб 59 млн сўм миқдоридаги қарздорликни қопласа машина ўзига қайтарилиши тўғрисида тушунтириш берилган.

Аммо орадан 6 ой ўтиб, 174 та қоидабузарлик сони 230 тага кўпайган. Яъни ҳайдовчи машина хатланишидан олдин ҳам йўлларда тинимсиз ҳаракат қоидаларига риоя этмай ҳаракатланиб юрган. Бунинг оқибатда 60 кун ўтганидан сўнг барча қарздорликлари МИБ иш юритувига келиб тушаверган. Шу тариқа, ҳайдовчининг қоидабузарликлари сони 230 тага, жарималар миқдори эса 88 млн сўмга етган.

Қарздорнинг Lacetti’си аукцион савдоларига чиқарилган. Ўтказилган савдолар жараёнида машина аукцион қатнашчиси томонидан 92 млн сўмга сотиб олинган. Аукцион савдолари орқали келиб тушган пул маблағлари қарздорнинг жарималарини сўндириш учун йўналтирилмоқда.

18 ёшли йигит бассейнда ток уришидан вафот этди

Қарши туманидаги сув ҳавзасида косонлик 18 ёшли йигит вафот этди. 2006 йилда туғилган йигит чўмилишдан сўнг сувдан чиқиб, танаси нам ҳолда электр энергия “розетка”си устига оёғини қўйган ва ток уриб йиқилган. У берилган ёрдамларга қарамасдан вафот этган, деб хабар беради “Марказий студия”.

Дастлабки маълумотларга кўра, йигит бассейнда чўмилиб чиқиб, усти нам ҳолатда электр энергия “розетка”си устига оёғини қўйган. Эҳтиётсизлиги оқибатида уни ўша ерда ток урган.

Воқеа рўй берган сув ҳавзаси фаолиятини бошлаганига эндигина икки ой бўлган. Сузиш ҳавзаси фаолияти эса вақтинча тўхтатилган.

Мавзуга оид