Жаҳон | 15:45 / 19.08.2024
1830
2 дақиқада ўқилади

Байден Ғазо сектори бўйича музокаралар жараёнини бузмасликка чақирди

АҚШ президенти Доҳадаги маслаҳатлашувларда «муҳим олға силжиш» ҳақида хабар берди.

Фото: AP / Alex Brandon

Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда «сезиларли олға силжиш»га эришилди. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Доҳадаги музокаралар натижаларини шарҳлар экан, айтиб ўтди.

Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Доҳадаги музокаралар чоғида томонлар ўртасида келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар билдирган ва бу ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш учун асос бўлиб хизмат этишига умид қилмоқда. 

АҚШ президенти Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал-Тани ва мисрлик ҳамкасби Абдулфаттоҳ ас-Сисий билан алоҳида музокаралар олиб борганини, улар билан Доҳадаги икки кунлик маслаҳатлашувлар тафсилотларини муҳокама қилганини қайд этди. 

Делегациялар шу ҳафта Қоҳирада қайта тўпланади, деди Байден. У АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенни ҳам минтақага юборганини айтди. 

АҚШ Ғазода ўт очишни тўхтатиш учун барча имкониятларни ишга солишда давом этади, деди президент. «Минтақада ҳеч ким эксклавда ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар жараёнига зарар етказадиган ҳаракатлар қилмаслиги керак», - дея қўшимча қилди сиёсатчи. 

Мавзуга оид