Дала четларига экин экмаган фермерларни жаримага тортиш ва бутун ер майдонига ер солиғини 3 карра ошириш ҳақидаги қонун парламентда биринчи ўқишдан ўтди. Kun.uz иқтисодчи Отабек Бакиров ва фермерлар ҳуқуқлари фаоли Камолиддин Икромовдан бундай янгиликнинг оқибатлари ҳақида сўради.
Шокир Шарипов, журналист: Қандай салбий оқибатлари бор бу қонуннинг?
Отабек Бакиров, иқтисодчи: Биринчи навбатда, қонундан мақсад нима? Менинг назаримда, охирги йилларда ўзбек бюрократияси ўзбек иқтисодиётининг турли секторлари устидан назоратни кучайтириш йўлига ўтган. Яъни ҳар битта бюрократиянинг янги назорати улар учун янги ваколатлар беради, янги коррупцион имкониятлар беради. Бу қонун бўйича ўша дала четларини назорат қиладиган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги номи узун агентлик белгиланяпти. Улар 1 апрелгача ким дала четида маҳсулот экмади, ким маҳсулотини етиштирмади, лозим даражада – солиқ органларига бу тўғрисида ахборот беради. Шундан кейин қўшимча солиқ мажбурияти ва жарима пайдо бўлади. Яъни бутун бошли янги орган пайдо бўляпти. “Дала четлари вазирлиги” десак ҳам бўлади...
Яъни бизда бюрократия ўзини ўзи кенгайтириш, ўзига ўзи ваколат туғдириш хусусиятига эга. Энг асосий оқибат шу билан боғлиқ бўлади. Яъни биз йўқ жойдан, осмондан тушгандек яна битта бюрократик орган оляпмиз фермерлар устидан, деҳқон хўжаликлари устидан. Бу биринчи оқибат.
Иккинчи оқибат, янги даврда ҳам тўхтамаган бир дард – фермер хўжаликларининг мулкчилик ҳуқуқи ҳимоя қилинмаслиги, улар ўзларини ҳимоя қилишдаги имкониятлар ва ресурслар мўртлиги ва заифлиги билан боғлиқ. Уларга ҳар қандай важ билан, ҳар қандай баҳона билан босим ўтказилади, ерини, ҳосилини тортиб олиш, худди болшевикларча реквизиция қилиб олиш мумкин. Бу қонун қабул қилинадиган бўлса, фермерларнинг ерларини тортиб олиш, нима маҳсулот етиштирган бўлса, ўша маҳсулот билан боғлиқ бўлган босим ўтказиш масаласида яна битта қўшимча босимчи пайдо бўлади: “Агар сен менинг айтганимни қилмайдиган бўлсанг, ҳозир агентлик боради, дала четларингни текширади. Мен биламан, дала четларингга экмагансан. Табиийки, сенга нисбатан мана шунча солиқ, мана шунча жарима пайдо бўлади” деган важ пайдо бўлади, тушуняпсизми? Бошланган бўлса ҳам керак.
Учинчи масала — коррупцион масала. Билсангиз, Каримов пайтида таксистларнинг устидан Дарётранс деган битта номи узун бир махлуқ ташкилот бўлар эди. Таксистларни легаллаштирмас эдик-да, изидан қувиб юриб жарима солар эдик, бу ғирт коррупцион институтга айланиб қолган эди: пулини бериб, давом эттираверарди ишини таксистлар. Муаммо эса ечилмас эди. Коррупция ишлайверарди. Бу ерда ҳам худди шундай жараён пайдо бўлиб қолади. Яъни фаолиятини давом эттиришни истаган, уларга қонуний, тизимли чора кўришни истамаган фермерлар, деҳқонлар “келишиш” йўлига, коррупцион муносабатларга киришади. Ҳозирги мавжуд бўлган, ўзи шундоқ ҳам кенг бўлган коррупцион натижалар яна ҳам кенгаяди.














