3 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Бойсундаги кондан сизиб чиққан заҳарли газ, ўзбек санъатининг классик ҳофизи вафот этди, Тошкент яқинида қурилиши мўлжалланаётган паррандачилик кластери— кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Бойсундаги газ конида техноген фалокат
Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида технологик жараён бузилиши сабабли олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилди. Кон яқинидаги қишлоқлардан фуқаролар эвакуация қилина бошлаган.
Воқеа 1 сентябр куни содир бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, соат 15:17 да туманнинг «Кўлқамиш» МФЙ ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конига қарашли 604-сонли қудуғида бурғилаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Шу вақтда технологик жараённинг бузилиши сабаб олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган.
«Фуқароларнинг жароҳат олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. «Вазият тўлиқ назорат остида. Ваҳимага ўрин йўқ», — деб қўшимча қилди вазирлик.
Ўзбекистон президенти топшириғига асосан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, фавқулодда вазиятлар вазири генерал майор Абдулла Қўлдошев, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худояров, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ҳодиса жойига етиб борди.
Бу ерда барча тегишли вазирлик ва ташкилотларни жалб этган ҳолда тезкор штаб ташкил қилинган. Техноген офат асоратларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Фавқулодда ҳолат содир бўлган ҳудудда ҳавонинг ифлосланиш даражасини ўрганиш, келиб чиққан ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Водород сулфид – бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ ҳисобланади. У ачимтир, палағда тухум ҳидига эга. У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Бу кўпинча токсик манба билан алоқани ўз вақтида аниқлаш ва тўхтатиш қобилияти йўқлиги туфайли кучли заҳарланишга олиб келади. Кам миқдордаги водород сулфиди бўлган ҳаводан нафас олиш бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилишга, юқори концентрация эса кома, тутқаноқ, ўпка шиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.
Бобомурод Ҳамдамов вафот этди
Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов 84 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Бобомурод Ҳамдамов 1940 йил Туркманистоннинг Чоржўй (ҳозирги Туркманобод) шаҳрида туғилган. Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти. Ўзбек санъатининг классик ҳофизи ва устози, «Дўстлик» ордени соҳиби.
Бобомурод Ҳамдамов асосан 4 тилда: ўзбек, туркман, тожик ва ҳинд тилида халқ қўшиқларини ижро этган. Комилжон Отаниёзовнинг Тошҳовуздаги ансамблида ишлаган.
Бобомурод Ҳамдамов ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг ривожланишида салмоқли ҳисса қўшиб, бир нечта ўлмас асарлар яратди ва томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
Бобомурод Ҳамдамов буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг муносиб издоши эди. Унинг қўшиқлари ва ижоди ўзбек санъатининг «олтин фонди»га киритилган.
Ўзбекистон-Миср бизнес-форуми
Жорий йилнинг 12-13 сентябр кунлари Тошкент вилоятида Ўзбекистон-Миср бизнес-форуми ўтказилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Миср халқаро ҳамкорлик бўйича ишбилармонлар кенгаши вакиллари ўртасида ўтказилган онлайн учрашувда келишиб олинган.
Учрашувда Миср вакилларининг Ўзбекистонда бўлиш чоғида маҳаллий вазирлик ва идораларида музокаралар ташкил этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинган.
Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси маълумотига кўра, Миср кенгаши раҳбари Мутаз Раслан бошчилигидаги Мисрнинг йирик ишбилармонларидан иборат делегация шу йилнинг 3-5 июн кунлари илк маротаба Ўзбекистонда бўлди.
Мазкур ташриф давомида мамлакат тегишли вазирлик ва идораларида музокаралар ва Ўзбекистон-Миср ишбилармонлари бизнес-форуми ўтказилган эди.
Тошкент яқинида паррандачилик кластери
Ўзбекистон ва Венгриянинг «Бонафарм» компанияси ўртасидаги асосий қўшма лойиҳалардан бири бўлган Тошкент шаҳри яқинида паррандачилик кластерини барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси Ойбек Шахавдинов «Бонафарм» компанияси ижрочи директори Аттила Чани билан учрашди. Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларни муҳокама қилди ва келгусидаги ҳамкорлик йўлларини белгилаб олди.
Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантириш мақсадида томонлар ўзаро манфаатли натижаларга эришиш учун конструктив мулоқот ва ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Мавзуга оид
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024